"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар

Кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижросини таъминлаш усули ҳисобланган кафиллик, гаров шартномадаги ва кафолатдаги тарафлар ҳамда учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар    Ўзбекистон Pеспубликаси Фуқаролик кодекси, «Гаров тўғрисида»ги, «Гаров реестри тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Pеспубликасининг қонунлари, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Pеспубликасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Шу муносабат билан судлар кредит ташкилотлари ва қарз олувчиларнинг тарафларни кредит шартномасини бажаришга мажбурлаш тўғрисидаги даъволарини кўришда тарафларнинг тузилган ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келган пайтни инобатга олишлари лозим.
-Кредит шартномаси суд тартибида тарафлардан бирининг талаби билан бошқа тараф томонидан шартнома шартлари жиддий равишда бузилганда ёки вазият жиддий ўзгарганда, шунингдек қонун ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Судлар назарда тутишлари керакки:
- юқори фоиз ставкаларини белгилаш,
-кредитни қайтариш ёки фоиз тўлашни кечиктирганлик учун жарима қўллаш,
-кредит валютаси курсининг ўзгариши кредит ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига олиб келадиган вазиятнинг жиддий ўзгариши деб ҳисобланиши мумкин эмас.
Судлар кредит суммаларини муддатидан олдин ундириш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги талабнинг йўқлиги кредит суммаси ва фоизларни муддатидан олдин ундириш ҳақидаги талабларни қаноатлантиришни рад этиш учун асос ҳисобланмаслигини эътиборга олишлари лозим.
Кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит ташкилоти томонидан қарз олувчи (қарздор) банкнинг пул маблағларидан амалда фойдаланган бутун даври учун, ҳатто актив (кредит/қарз) ўстирмаслик мақомига ўтказилган тақдирда ҳам, пул мажбуриятларини кечиктириш даврини қўшган ҳолда ҳисобланиши мумкин.
Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги келишувнинг ҳақиқий эмаслиги асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.
Асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслиги унинг бажарилишини таъминлайдиган мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.
ФКнинг 114-моддаси иккинчи қисмига кўра қарз (кредит) шартномасининг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашда судлар қарз маблағларидан фойдаланган тараф кредитордан олган маблағларини қайтариши, шунингдек улардан фойдаланган ҳамма даври учун ФКнинг        327-моддасига мувофиқ фоизлар тўлаши лозим эканлигини ҳисобга олишлари керак.
Кредит шартномасида тарафлар томонидан кредитни қайтаришни кечиктирганлик (кредит мажбуриятини бузганлик) учун юқори фоиз тури сифатида белгиланган жавобгарлик узлуксиз жорий санкция ҳисобланади.
Судлар инобатга олишлари лозимки, кредит мажбуриятларининг ижроси кечиктирилган давр учун неустойка пеня ва жарима шаклида ёки мажбуриятларнинг бажарилишини ўз вақтида таъминламаганлик учун оширилган фоизлар белгиланишидан фарқли ўлароқ, кредит шартномасида мазкур шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши муддати кредит ташкилоти томонидан узайтирилган тақдирда кредитдан фойдаланганлик учун фоиз устамасининг оширилиши назарда тутилиши мумкин.
Кредит шартномаси бўйича асосий қарзни ёки асосий қарзнинг бир қисмини қайтариш муддати узайтирилган даврдаги банк фоизлари устамасининг оширилиши қарздор томонидан мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун тўланадиган неустойка ёки оширилган фоизлар шаклидаги жавобгарлик бўлмай, судлар томонидан унга кредит маблағларидан фойдаланганлик учун шартномавий тўлов шакли сифатида қаралиши лозим.

Муқаддам кечиктирилган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун, мажбуриятларнинг бажарилиши узайтирилган қисми ижроси кечиктирилганлиги учун жавобгарлик чоралари судлар томонидан кредит шартномасида белгиланган шартлар бўйича қўлланилади. Агар кредит шартномасида мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун жавобгарлик чоралари кўрсатилмаган бўлса, кредит ташкилотлари ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмига мувофиқ жавобгарлик чораларини қўллашни талаб қилишга ҳақлидир.

Ш.Абдижемилова,
Нукус туманлараро иқтисодий суди судьяси.

Янгиликни бўлишинг: