"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

Хавфли касалликдан эҳтиёт бўлинг

Қутуриш ҳайвонлар ва одамда учрайдиган, асаб тизимининг оғир шикастланиши билан кечадиган ўта хавфли юқумли вирусли касалликдир. Одамлар учун касаллик манбаи бўлиб: қутурган уй ҳайвонлари, ёввойи ҳайвонлар, кемирувчилар барча иссиқ қонли ҳайвонлар ҳисобланади Жумладан ит, мушуқ сигир, от, эшак, чўчқа, чиябўри, тулки, қуён, сичқон ва каламушлар қутуриш касаллигини одамларга юқтириши мумкин. Одамларга қутуриш касаллиги 90-95 ҳолатларда итлардан юқади.

 

ЮҚИШ ЙЎЛЛАPИ:қутуриш касаллиги одамга асосан, қутурган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши, шунингдек вирус одамга жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватига (оғзи; кўзи, бурни) қутурган ҳайвон сўлаги тушиши орқали ўтиши мумкин. Қутурган ҳайвонлар сўлаги касалликнинг ягона юқиш йўлидир. Касаллик одамдан одамга, одамдан ҳайвонга юқмайди.

ПОТОГЕНЕЗ.Қутуриш вируси одам организмига тушгандан кейин касаллик бирданига бошланмайди, дастлаб вирус периферик нервлар атрофида суюқлик оқими билан орқа ва бош мияга етиб боради, мия тўқимасида кўпая бошлайди. Бу жараён белгисиз кечади ва касалликнинг яширин даври дейилади. Бу давр бир ҳафтадан бир йилгача, баъзида ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Касалликнинг ўртача яширин даври 1,3 ойни ташкил этади. Бу даврнинг чўзилиши ёки қисқариши жароҳат етказган ҳайвонга, жароҳат ҳажмига, чуқурлигига, жойлашган жойига боғлиқ. Масалан: бош, бўйин, юз, панжа, қўл кафти, бармоқларда жароҳат жойлашса яширин даври (инкубацион давр) қисқа бўлади.

КЛИНИКАСИ:ўткир юқумли зооноз касаллик бўлиб одамларда ва ҳайвонларда бош ва асаб тизими зарарланиши билан характерланади. Клиник кечишига қараб 3 даврга бўлинади: 1-бошланғич, 2- авж олиш, 3-фалажлик.

Беморнинг тишланган жойи қичийди, тортишиб oғpийди, битгaн жароҳат ва чандиқ такроран яллиғлaниши мумкин. Тушкунликка тушади, ғамгин бўлиб қолади, уйқуси бузилади, иштаҳаси бўғилади, унда қўрқув ҳисси пайдо бўлади, кайфияти ўзгариб туради, атрофга лоқайд бўлади. Тана ҳарорати кўтарилади, юрак уриши тезлашади. Беморда сувдан, ҳаводан ва ёруғликдан қўрқиш (гидрофобия, аэрофобия, фотофобия) ҳолатлари пайдо бўлади, шунингдек нафас олиши қийинлашади.

Ит тишлаганда биринчи тиббий ёрдам: жароҳат олган жойдаги яраларни оқар сувда ва қир совун билан ювиб, жароҳат атрофи  70 фоизли спирт ёки 3 фоизли йод билан ишлов берилиб, ассептик боғлам қўйилади.

Агар Сизни ҳайвон тишласа ёки сўлаги жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватингизга тушса, унда Сиз зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилишингиз ҳамда мутахассис шифокорнинг тавсиясига кўра, қутуришга қарши ўз вақтида ва тўлиқ эмланишингиз лозим. Бу бедаво, ўта хавфли касалликдан ўзингизни сақланг.

Солий ХОЛИМБЕТОВ,

кўп тармоқли марказий поликлиниканинг 1-тоифали травматолог шифокори.

(Фото - http://www.uzssgzt.uz)

Янгиликни бўлишинг: