"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

СИНОВЛИ КУНЛАPДА ХАЛҚИГА ЕЛКАДОШ БЎЛАЁТГАН ДЕПУТАТ

Эл шаънини эр йигитлар кўтаради. Ҳа, интилиб, орзу мақсадлари йўлида курашиб, ҳаётда ўз ўрнини топган, эл-юртимизга фидойи хизмат қилаётган ўғлонлар билан қанча фахрлансак оз. Боиси улар туманимиз, республикамиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш билан бирга бугунгидай синовли кунларда оғир шароитга тушиб қолган юртдошларига ҳам мадад бўлишмоқда.

Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгесига туманимизнинг Ўрта қалъа округидан сайланган депутат Отабек Давлетов ана шундайлар тоифасидан. У Манғит шаҳрида туғилган, ўрта мактабни тамомлагач, Москвадаги Тимирязев номидаги қишлоқ хўжалиги академиясида ўқиди. Кейинчалик 2004 йилда Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлади. У ўз меҳнат фаолияти давомида қатор маъсул лавозимларда, Амударё тумани ҳокимлигида, шу йил 28 майгача эса “Қорақалпоқ агрохимия” акционерлик жамияти директори вазифасида ишлади.

У халқнинг фаол ишончли вакили сифатида Ўрта қалъа сайлов округи сайловчилари билан тез-тез учрашиб, аҳоли турмуш тарзи билан танишиб, муаммоларини ўрганиб, ижобий ҳал қилиниши учун интилади.

Отабек Давлетов айни кунларда пандемия шароитидан келиб чиқиб, туманимиз ҳудудларида бўлиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида белгиланган режаларнинг бажарилишини таъминлаш, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётимизга салбий таъсирини камайтириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиб, уларни синовли кунларни биргаликда, ҳамжиҳатликда енгишга, оиласи бағрида даромад топишга даъват этмоқда.

Шунингдек, ўз сайлов округи ҳудудидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва имконияти чекланган шахслар мавжуд оилаларни аниқлаб, ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳам интилмоқда.

Отабек Давлетов шу кунларда туманимизда бўлиб, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати ЎзЛиДеП туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи биринчи ўринбосари Муқаддас Бекназарова ҳамроҳлигида аҳоли ҳаёти билан танишди, муаммоларини ўрганди ҳамда ўрганиш жараёнида аниқланган Манғит шаҳрининг Ойбек номли, Бўстон маҳаллалари, Амир Темур номли, Тошёп, Ўрта қалъа овуллари ва Боғ, Арна бўйи маҳаллаларида истиқомат қилувчи жами 21 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, 29 та боқувчисини йўқотган оилаларга хайр-эҳсон қилди. Ҳар бир оилага 25 килограмлик бир қопдан ун, 6 литр ўсимлик ёғи, 6 килограммдан шакар, 10 килограммдан гуруч, 1 килограммдан қуруқ кўк чой тарқатди.

Саховат,  хайр-эҳсон қилиш, оғир кунларда бир-бировга ҳамдард, суянчиқ бўлиш киши ҳаётини безайдиган савобли амаллардандир. Халқимизнинг бу боқий ва қадимий қадриятлари коронавирус пандемиясига қарши ўрнатилган карантин даврларида, айниқса, яққол намоён бўлаётир.

Оғир ва синовли кунларда мунтазам равишда 50 та оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаётган депутат Отабек Давлетов Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари бўлиб ўтган туртинчи сессиясида Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси Pаиси ўринбосари бўлиб сайланди.

Туманимиздан етишиб чиққан иқтидорли, салоҳиятли ва шу билан бирга элпарвар инсон Отабек Давлетовнинг ушбу масъулиятли лавозимда ҳам халқимизга сидқидилдан фидойи хизмат қилишига астойдил ишонамиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: