"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

БИЗ ВИPУСНИ ҲАМЖИҲАТЛИГИМИЗ БИЛАН ЕНГАМИЗ

Маълумки, айни пайтда бутун дунё мамлакатлари орасида кенг тарқалган ва тарқалишда давом этаётган коронавирус пандемияси кўплаб йирик давлатларга катта талофатлар етказди. Кузатиб бораяпмизки, дунёнинг ривожланган мамлакатлари бу вирус билан ўз вақтида кураша бошламаганлиги сабабли вируснинг янада чуқур илдиз отишига ва инфекция занжирининг кенг тарқалишига сабаб бўлди. Натижада эса, қанчадан-қанча инсонлар ҳаётдан кўз юмди.

Aллоҳга минг шукурлар бўлсинки, бизнинг халқимиз бошига кулфат келганда бир тан, бир жон бўлиб, бир-бирини доимо эъзозлаб, қўллаб турувчи ва елкадош бўлувчи халқ. Муҳтарам Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини асраш борасида ўта зарур ва тизимли ишлар амалга оширилди. Худога минг шукурки, мамлакатимизда ўз вақтида эълон қилинган карантин натижасида, ушбу вируснинг тарқалиш занжири деярли узилди. Вирусга чалинган инсонлар сони камайиб, соғайганлар сони ортмоқда.

Мамлакатимизда вирусга чалинган беморларга зарур ва етарлича тиббий хизмат кўрсатилиб, даволаш ишлари амалга оширилмоқда.

Халқимизнинг бағрикенглиги, халқпарварлиги натижасида вирус ўчоғига айланган чет эл мамлакатларига ўқиш ва ишлаш учун кетган ҳамюртларимиз ўз она юртига, оиласи бағрига қайтариб келинди. Уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун 14 кунлик карантинларга олинди. Бу бизнинг она халқимиз ўз болаларини хавфли ҳудудларда ташлаб қўймаслиги, мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг саломатлиги учун қайғуриши ва уни давлат ҳимоясига олганидан далолатдир.

Шуни ҳам мамнуният билан айтиб ўтиш керакки, Pеспубликамизнинг айрим ҳудудларида умуман коронавирус инфекцияси билан зарарланган ва вирусга чалинган беморлар қайд этилмаган. Бу ҳам бизнинг бир ютуғимиздир.

Мана 2 ойдан ошаяптики, карантин даврида фуқароларимиздан сабабсиз уйдан чиқмасликлари талаб этилмоқда. Бу талабни барчамиз тўғри тушунишимиз ва унга амал қилишимиз керак. Aхир бу каби ишлар бизнинг, халқимизнинг саломатлиги йўлида қилинаётир.

 Биз хурсанд бўлишимиз керакки, дунёнинг ўнлаб ривожланган давлатлари орасида бизнинг мамлакатимиз биринчилардан бўлиб, вирусга қарши ўз вақтида кураша бошлади ва инфекциянинг кенг тарқалишига чек қўйилди.

 Худо хоҳласа, она халқимиз бу синовлардан эсон-омон ўтиб, яна фаровон кунларга етишади. Чунки, Ўзбек халқи – кучли, сабрли, матонатли ва томирларида буюк аждодлари қони оқаётган халқ!

Ирода ЕPДОШЕВA,
газетанинг жамоатчи мухбири.

Янгиликни бўлишинг: