"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

AФТИ ҚИЙШИҚЛАP ОЙНАДАН ЎПКАЛАМАСИН!

Нукусда, университетда таҳсил оламан. Вақтинчалик бошпанам – квартира ўқув биносидан узоқ эмас. Йигитлар ётоқхонасидан, асосан, вилоятлик талабаларга жой беришади. Бизга қолгани шу – квартира. Бошпанам йиғлагудек эмас-у, аммо кўз юмадиган жойлари ҳам топилади. Собиқ иттифоқ даврида ўзимизнинг ишчи боболаримиз қурган турар-жой биноларининг ёши ҳозир нечада эканлигини ҳам билиб бўлмайди. Ҳар ҳолда навбат бизга етгунча оз хизмат қилмаган. Бир-икки йилга бузилармиш, деган гаплар ҳам қулоққа чалиниб туради. Хуллас, қандай бўлмасин одам яшаса, ўлмайдиган жойлар. Aммо бизнинг нигоҳимиз бу ерлардан бироз узоқ. Бухоронинг айрим туманларидаги бўрондан кейинги ҳолат, Сардобадаги талофатлар ҳақида гурунглашамиз.

Шу ўринда негадир бировни эслагим келди. Исмини билмаганингиз маъқул. Бир курсдошим гап орасида тез-тез такрорлаб қўярди: яшасин, яшасин қон-қонимизга сингиб кетган коррупция, уррра яшасин! Эътибор билан қарасам, кўзида нам кўринди. Сўраб билсам, кимдир порахўрлик жинояти билан воқеа жойида ушланганлиги хақидаги хабарни ўқиган экан.

Келинг мавзуга қайтсак. Ҳеч қаерда ўқимаган, ўзи мустақил иш ўрганган оддий пахсакаш, девор тикловчи, сувоқчи усталар ҳам ишига кафолат беради. Менинг эшитганим бор, улар бирор бинони битказиб эгасига топширишдан олдин ҳазил аралаш “ҳеч бўлмаганда, нарёққа кетгунимча уйинг сени босиб қолмайди, қўрқмагин” дейишади.

Бухорода қурилиши яқин йилларда тугалланган боғчаларнинг, мактабларнинг ярми бутунлай яроқсиз ҳолга келган бўлса, ишонасизми? Яқин йилларда фойдаланишга топширилган сув омборининг қайсидир дамбаси ёрилиб, бир неча туманлар сув остида қолганлигига ишонасизми? Ишонасиз. Халқ шунча меҳнатларига куйсинми, пешона теримиз билан топилган миллион-миллион пулларига куйсинми, бугунги кўраётган кунига куйсинми? Халқ барига куяди. Куйиб-куйиб яшашдан бўлак нимани билсин?

Ҳар замон телеканаллардан кўриб гувоҳи бўламиз. Ҳали тўлалигича тўловлари тўлаб бўлинмаган, номи сифатидан узоқ намунавий жойларда яшаётган юртдошларимизнинг айтаётган дардлари ҳар кимни ҳам ўйга толдиради. Бир қарасанг хоналарнинг пахсаси ёрилган, бир қарасанг юқоридан томаётган сувни тутиб туриш учун пақир излаб тополмайсан, бир қарасанг кўлмакка айланган ертўлалар... қолганини сиз давом эттиринг.

Келинг, яна бир танишимнинг гапларини эслаймиз: (У ҳам қурилиш соҳасида ишлайди) “жўра, мен кўп нарсани биламан. Қайси уйнинг қаерида хатоси бор, бир қарашда сезаман. Aхир ўзим ҳам ишлаганман. Лекин жимман. Индамайман. Иш керакми, керак. Ойлик керакми, керак”.

Шу десангиз, энди ёшлари улуғ энамнинг гапларини айтиб ўтмасам бўлмайди. Демак, сўз навбати энамга: Аллоҳдан қўрқмаган одам яхши бўлармиди, атрофидагилардан уялмаганнинг юзи куйсин.

Гапим аввалида бошпанам яқинда бузилиши ҳақида айтиб ўтгандим. Балки, ғиштлари ҳали бус-бутун тургандир. Яна билмадим. Кўз-қулоқ бўлиб юрсангиз кўрарсиз. Нимагадир яраб қолар, дейман-да.

Тўғрисини айтсам, бошим оғриб кетди. Қўл ўлгур чарча-ди. Давомини кейин гурунглашамиз. Кўришгунча хайр.

Телба Телбабоев.

Янгиликни бўлишинг: