"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан болажонларга байрам совғалари улашилди

Юртимизда 1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳар йили кенг нишонланиб келинади. Бугунги кунда болаларни ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом, бахтиёр ўсиб-улғайишлари учун барча имкониятлар яратилган. Уларнинг келгусида комил инсон бўлиб етишишлари учун сифатли таълим-тарбия олишларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳар йили ушбу байрам кунлари арафасида эртамиз келажаги бўлган болажонларимиз учун истироҳат боғлари, хиёбонларда, болалар майдончаларида турли хил байрам тантаналари ташкил қилиниб, уларга совғалар улашилади. Байрамни карантин сабабли ҳар сафаргидек нишонлаш имкони бўлмади. Шундай бўлса-да, туманимизнинг саховатли тадбиркорлари 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида жажжи фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан хурсанд қилишди.

Хусусан, туманимизда бугунги кунда самарали фаолият олиб бораётган “Манғит-милк” оилавий корхонаси, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси туман бўлими биргаликда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан тумандаги кам таъминланган эҳтиёжманд оилалар фарзандларига байрам совғалари улашдилар. Мутасаддилар тумандаги 13 та маҳаллаларнинг ҳар бирида тўрттадан эҳтиёжманд оила фарзандларига совға қутиларига қадоқланган сут маҳсулотларини тарқатдилар. “Манғит-милк” оилавий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган турли хилдаги сут маҳсулотлари болажонлар учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда туманимизда тадбиркорлик фаолиятига қаратилаётган эътибор, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун яратилаётган имконият ва шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, ўзининг янги лойиҳалари билан тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ёшларимиз талайгина. 2018 йилда шундай ташаббускор ёшларимиздан Назокат Оллаберганованинг янги тадбиркорлик лойиҳаси учун “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси туман бўлими томонидан 200 млн. кредит маблағи ажратилиб, сут маҳсулотлатларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Манғит-милк” оилавий корхонаси ташкил қилинди. Оилавий корхона томонидан 10 та янги иш ўрни яратилиб, ёшлар бандлиги таъминланди.

Тумандаги кичик саноат зонасида ташкил қилинган “Mang’it-milk” сутни қайта ишлаш корхонасида ҳозир 8 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Оилавий корхона янги замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бир сменада 1 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга. Туман ички бозорини, шунингдек, шартнома асосида тумандаги МТТларни пастерланган сут, кефир, сметана, қаймоқ, творог, айрон, йогурт, сузма, чакки, қатиқ маҳсулотлари билан таъминлайди. Корхона сутни асосан аҳолидан қабул қилади ҳамда қайта ишлайди. Шунингдек, “Mang’it-milk” оилавий корхонасида келгусида кондитер маҳсулотлари ва музқаймоқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, яна 15 нафар ёшларни иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Байрам кунларида оилавий корхона томонидан амалга оширилган хайр-саховатдан нафақат болажонлар, балки ота-оналар ҳам жуда хурсанд бўлди. Улар мутасаддиларга ўзларининг самимий миннатдорчиликларини билдирдилар.

Aйтиш жоизки, бугунги кунда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётни, унинг давомийлигини асраб-авайлаш моҳияти ётади. Келажак авлоднинг маънавий баркамол авлод бўлиб шаклланишидаги ҳар қандай ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор демакдир.

Бугун эртамиз эгаларига кўрсатилаётган эътибор келажакда уларнинг Ватанига садоқатли, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб етишишида муҳим омил ҳисобланади.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: