"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

МЕНИНГ ЎЗ БОFИМ БОP

Табиат - аслида нима? Табиат борлиғимиз, ҳаётимиз асоси ҳамда инсон яшаши учун муҳим бўлган шарт-шароит. Уни фақат шу сўзлар билан чеклаб бўлмайди. Чунки у ҳар томонлама мукаммалдир. Табиатда инсон тасаввурига сиғмайдиган сир-синоат кўп, ундаги мўъжизаларнинг чек-чегараси йўқ. У шундай жилвакор, мафтункор, нафис ва шу билан бирга бетакрордир. Бинобарин, табиатдаги барча жонли ва жонсиз нарсалар бир-бири билан узвий боғлиқ. Жумладан, ўсимликлар, ҳайвонлар, қушлар, ҳашоратлар ҳамда ер билан осмон, шу қатори инсон ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқ. Агар табиатдаги тирик мавжудотлар нафас олмаса, озиқланмаса, ҳаракатланмаса, кўпайиш жараёнини амалга оширмаса, уларнинг нобуд бўлиши муқаррар. Бу биологик жараёнлар узлуксиз амалга ошиши сабабли табиат мавжуд ва у мунтазам ўзгариб, янгиланиб туради.

Одам ҳаёти давомида табиат неъматларидан тўғри фойдаланишга интилиб яшайди.Чунки одам табиат боласи. Инсонни табиатсиз тасаввур этиб бўлмайди. Табиатдаги ҳар бир унсур инсон яшаши учун муҳим омил ҳисобланади. Ҳатто инсон ҳам табиат унсурларидан яралган.

Ҳозирги археологларимизнинг берган маълумотларига кўра, одамлар эрамиздан аввалги II-III асрларда ривожлана бошлаган ва ҳаёт кечирган. Бора-бора одам кўп нарсаларни, шу қаторда экин экиш, ҳайвонларни овлаш каби ишлар билан шуғуллана бошлаган. Табиатда инсоннинг яратилишига қойил қолиш мумкин. Чунки ҳар бир нарса мукаммал даражада яратилган. Инсоннинг кўриш, эшитиш, гапириш каби хусусиятлари баъзи ҳайвонларда бор, лекин инсон онгининг ривожланиши уни юксак поғоналарга кўтарган. Нима бўлишидан қатъий назар табиат инсоннинг ҳақиқий онаси.

Табиатда фасллар, жилваланишига тасанно айтиш керак. Масалан, бутун бир йилни олайлик. Уни инсон умрига қиёслаш мумкин. Баҳор - ёшлик, гўзаллик фасли. Ёз бу – етилиш даври, куз - xазонрезгилик, инсон умрининг сўлишига ўхшайди. Қиш - сўнгиси қарилик, яъни ўлим. Бундан ташқари табиатда яна турли гўзалликлар мавжуд. Қуёш ботиши шундай чиройли ва ажойиб манзараки, у қизаради ва ернинг бошқа тарафига ўтиб кетади. Тонгда гулга шудринг тушиши бетакрор манзарани ҳосил қилади. Муҳими, инсон бу гўзалликнинг қадрига етиши, уни ардоқлаши лозим.

Атрофимиздаги бу гўзал оламни қандай ардоқлаймиз? Биз учун ана шуниси муҳим. Табиатни бойитиш, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиб, парваришлаш, боғ-роғларни кўпайтириш-атмосфера азон қатламини мустаҳкамлаш экологик тоза ҳаёт тарзини қарор топтириш дегани. Табиат бағридаги ҳар битта гиёҳ инсоннинг соғломлигини таъминлашга хизмат қилади. Табиат бизни кийинтиради, тўйдиради, уйимизни, ҳаётимизни безайди.

Мен ҳам боғ ташкил қилишга, табиат муҳофазасига ҳисса қўшишга қарор қилдим. Менда боғ яратишга интилиш болалигимдан, бобомнинг боғига ҳавас қилишимдан пайдо бўлган. Унинг боғи бирам чиройли эдики, баҳорда ўрик қийғос гулларди, ёзда узум пишиб, олма, олча узардик. Сарҳил меваларни териб ҳар хил шарбат ва мурабболар қилардим. Мен ўз боғимга кўчат экдим ва бу меҳнатларим бесамар кетмади. Ўша эккан кўчатларим ҳозир ҳосилга кирган. Мен табиат муҳофазасига бироз бўлса-да ҳисса қўшганимдан жуда хурсандман. Бу йил боғни янада кенгайтиришни режалаштиряпман.

Хулоса қилиб айтганда бу борлиқ, наботот оламининг сири, гўзаллиги, жилваси ҳамма вақт инсонни ўзига тортади. Худди гулга ошуфта бўлган булбул мисол. Чунки табиат онамиз, биз уни асрашимиз ҳимоя қилишимиз керак!

Моҳигул Эрдашева,

26-мактабнинг 8а-синф ўқувчиси, "Энг яхши иншо" танловининг "Табиат ва мен" мавзуси бўйича ғолиб.

(Фото - http://www.eco.uz)

Янгиликни бўлишинг: