"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

Ихтирочи Сафарбой Бозорбоев эл хизматида

Туманимизда ўзининг ишбилармонлиги, топқирлиги ва иқтидори билан элга танилган инсонлар жуда кўп. Бундай кишилар олға интилиш, яратувчанлик каби хислатларни ўзларида жамлаган бўлишади. Ана шундай инсонлардан бири – ҳозирги кунда Чордара маҳалласида яшовчи юртдошимиз Сафарбой Бозорбоевдир.

Сафарбой Бозорбоев 1944 йилнинг март ойида Ўрта қалъа овулида туғилди. Унинг отаси туманимизда биринчи тракторчилардан бири, онаси эса чинакам меҳнатда пишган, уруш йилларида фронт ортида фидкорона хизмат қилиб, эл ҳурматини қозонган инсон эди. Уларнинг оиласида уч қиз, 2 ўғил фарзанд туғилиб-ўсиб вояга етди.

Сафарбой ака мактабда аъло баҳолар билан ўқиди. Кейинчалик қурилиш идорасида ишлаб, меҳнатсеварлиги билан элга танилди. У ўзи меҳнат қилаётган корхона йўлланмаси билан ўқишга отланиб, 1965-1970 йилларда Тошкент политехника институтида таҳсил олди. Мутахассислик дипломини қўлга олгач, туманимиздаги 65-сонли қурилиш бошқармасида аввал прораб, кейинчалик раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борди. 1980 йилдан бошлаб, туман Халқ таълими бўлимига қарашли ўқув ишлаб чиқариш комбинатида ишлай бошлади. Бир муддат яна қурилиш соҳасига ишга қайтиб, кейинчалик ўқув ишлаб чиқариш комбинатида фаолиятини давом эттирди ва то 2004 йилда меҳнат нафақасига чиққунга қадар мактаб ўқувчиларига касб-ҳунар сирларини ўргатиш билан банд бўлди.

Сафарбой ака иш фаолияти давомида ҳамиша шогирдларига меҳрибон устоз, шахсий ҳаётида фарзандларига меҳрибон ота сифатида ўрнак бўлиб келди ва ҳозирги кунда ҳам уларга бош-қош. Умр йўлдоши Гулжон опа билан 2 қиз, 5 ўғил фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Улар ҳам ота-онасига муносиб бўлиб етишдилар.

Айни пайтда Сафарбой ака туман ҳунармандлар уюшмасига аъзоси сифатида кўплаб ёшларга ҳунар ўргатмоқда. Бу меҳнаткаш инсон ҳозирги кунда ҳам тиниб-тинчимайди. Шогирдлари, фарзандлари билан биргаликда таъмирлаш, қуриш, ясаш, бунёдкорлик, ихтиро қилиш ишлари билан банд.

Темирчиликка ихлос ота мерос бўлганидан токарлик станогида ишлаб, пайванд қилиш, кесиб-улаш каби юмушлар барча-барчаси унинг қўлидан келади.

Кундалик турмушда уй-рўзғор буюмларига, уларни таъмирлаш ишларига жуда катта эҳтиёж сезилади. Бу эҳтиёжларни қондиришда Сафарбой акадек қўли гул усталарнинг ўрни беқиёс, албатта. Унинг устахонасига велосипед, болалар аравачасини таъмирлаш, қўл арава ясаш ва бошқа кўплаб уй-рўзғор буюмлари учун тинимсиз равишда буюртмалар келиб туради.

Сафарбой ака дарахт шохларини майда ушоқлаб, сомон билан қўшиб, ўтин тайёрлайдиган ускуна, тош майдалайдиган мини тегирмон, чорва молларига озуқа тайёрлаш учун хашак майдалайдиган станок яратди. Бу янгидан ихтиро қилинган ускуналар қисқа муддат ичида ўз харидорлари томонидан сотиб олинди.

Сафарбой ака билан яқиндан суҳбат қурсангиз, унинг фикрларини тинглаб, янги бир оламни кашф этгандай бўласиз.

Ихтирочи қаҳрамонимиз камхарж, кичик ҳажмли ускуналар ва агрегатлар ишлаб чиқариш тарафдори. Томорқа ерларида, фермер хўжаликларига қарашли майдонларда ерга ишлов бериш учун мини техникалар зарур деб ҳисоблайди у. Сафарбой ака шу мақсадларда ерга турли экин уруғларини экувчи сеялка, ихчам ҳажмдаги, оддий шароитда ишловчи пахта териш машинаси, далалардаги бегона ўтларни унумли тарзда ўрувчи қўлда ишлатиладиган мослама, шамол, электр кучи, оқиб ўтувчи сув ёрдамида ишлаб, экин майдонларига сув чиқарувчи чиғир макетларини яратди. Агар бу макетлар ҳақиқий ускуналарга айлантирилса, фойдадан холи бўлмас эди, деб орзу қилади Сафарбой ака.

Ҳақиқатан ҳам бундай кичик ҳажмдаги агрегатлар арзон ва ихчам. Хоҳлаган пайтда, хоҳлаган жойга кўчириб ишлатавериш мумкинлиги билан ҳам кишида қизиқиш уйғотиши табиий.

Кундалик ҳаётимизда пластмассадан ясалган маҳсулотлар бир марта ишлатилади, уларни қайта таъмирлаш мумкин эмас деган фикрлар миямизга ўрнашиб қолган. Сафарбой аканинг устахонасига келсангиз – фикрингиз ўзгаради. Пластмассадан ясалган ўйинчоқлар, болалар велосипедларининг ғилдираклари ва идишлар Сафарбой ака таъмирлаганидан кейин ўзининг иккинчи умрини яшайди. Узоқ яшайди! Бошқача усулда таъмирланган арава, велосипед, мотоцикл ғилдираклари ҳам ана шу тарзда янгиланади.

Туманимизда Сафарбой исмли инсонлар жуда кўп. Бироқ бизнинг қаҳрамонимизни бир таъриф билан “Сафарбой мастер” деб аташади. Бу эса маълумки, ўз ишининг устаси дегани. Нақадар тўғри номланиш.

Одатда темирчи ҳақида гап кетганида мускуллари ўйнаб турган, паҳлавон келбатли одамни кўз олдингизга келтирасиз. Сафарбой ака эса фикр доирасининг кенглиги билан кишини ҳайратга солади. Унинг нафақат темирчилик, ихтирочилик ишига, балки адабиётга, санъатга, деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига бўлган меҳри, бу соҳаларда ҳам билимдонлигини кўриб ҳавас қиласиз.

Мен шахсан ўзим хурофотчи инсон эмасман, лекин башоратчилар баъзан бизни ҳайрон қолдиради. Демоқчи бўлганим, суҳбат чоғида Сафарбой аканинг устахонасида бир дафтарга кўзим тушиб қолди. Устахона эгасининг рухсати билан уни варақлаб кўриб, Сафарбой аканинг келажак ҳақидаги фикрлари билан танишдим. У ерда Сафарбой аканинг келажагида нималар ўзгариб, қандай ҳодисалар юз бериши, уларни бартараф этиш йўллари баён этилган. Илм-фан, табиат, инсонлар ҳаёти ҳақидаги фикрлари жамланган. Бундан 20 йиллар илгари айтилган бу гаплари 120 дан зиёд бўлса ҳам Сафарбой ака ҳазиллашиб “101 фикр” деб атабди.

Сафарбой ака телеканаллар орқали берилиб бориладиган “Ўйла, изла топ” каби интеллектуал ўйин иштирокчиларига қизиқарли, жумбоқли саволлар йўллаб туришни ҳам канда қилмайди. Буларнинг барчасига қандай вақт топаркан деб ҳайрон бўласан киши.

Сафарбой ака Бозорбоев ана шундай кўп қиррали, ҳур фикрли инсон. У билан бир бор ҳамсуҳбат бўлсангиз менинг гапларимга яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз.

Ўрозали PЕЙИМОВ.

Янгиликни бўлишинг: