"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

ИЧИҚОPАЛИК

(Бўлган воқеа)

Бибисора эна тонг билан томорқа ерини бирров айланиб чиқишни одат қилган. Яхши-да, ҳам тоза ҳаво олади, ҳам зироатнинг ривожидан огоҳ бўлади, нонуштадан сўнг эса қайси пайкалда қандай юмуш бажарилиши ҳақида фарзандларига топшириқ беради.

Бугун ҳам ҳар галги одати бўйича боғ-роғ, томорқа айланиб юрса, қўшниси Арслон бобо ҳовлисида тимирскиланиб юрибди. Елкаси туртиб чиққан, анчайин букчайиб қолган Арслон бобонинг ёши тўқсонни қораласа-да, уйда қараб ўтирмас, гоҳ картошка пайкалида, гоҳ бедазорда пайдо бўлар, қўрасидаги мол-ҳол, паррандаларга қарарди.

– Анча чўкиб қолибди, – хаёлидан ўтказди Бибисора эна. – Кампири Ойжон момо дунёдан ўтганидан сўнг жуда тез ўзини олдириб қўйди, бояқиш.

Арслон бобонинг беш қиз, бир ўғли бор. Қизлари олис-яқин овулларда ўз оилалари билан тинч-тотув яшашади. Ёлғиз ўғил Саидмурод эрка ўсганиданми, ҳамон оила тизгинини қандай тутишни билмайди. Келини раҳматлик ҳам беш қизни дунёга келтирди-ю, оғир дардга чалиниб, вафот этди. Қизалоқларнинг тарбияси, Арслон бобонинг иссиқ-совуғи бор, ҳарқалай, қариндошлар қистови билан Саидмуродни уйлантириб қўйишди. Янги келин ўқитувчи. Ўқитувчи одамохун, андишали, оилапарвар бўлар, деб умид қилишганди. Ундай бўлмади. Сожидахон исмли бу жувон биринчи эридан қандай ажрашганини Бибисора эна билмайди-ю, лекин ҳар доим унинг муомаласини кўриб, “ҳой-наҳой, хулқ-атворидан бўлса керак!”, деб қўяди ичида.

Сожида бу хонадонга келган куниданоқ ўз “тартиб-қоидаси”ни ўрнатишга интилди. Замонавий оилалар ота-онадан алоҳида яшаши керак, деб ҳовлининг бир четига уч хонали иморат қуришга эрини кўндирди. Саидмурод “Ахир ҳовли-жой янги-ку” демади, ҳатто етимча қизларини ҳам ўйламади. Хотини ва ўгай ўғли (Сожиданинг олти яшар ўғилчаси бор эди) билан учаласи янги иморатга кўчиб ўтишди. Шу воқеадан сўнг, Арслон бобо маҳалла-кўйга ҳам аралашмай қўйди.

– Яхшиям невара қизлари эсли-ҳушли, бобосининг эгни-боши, иссиқ совуғига қарайдиган бўлишди, – ўзига ўзи пичирлаб, бошини чайқаб қўйди Бибисора эна ва аста қўшни ҳовли билан ўз ҳовлилари оралиғида экилган, яшил девор вазифасини ўтовчи буталар томонга юрди.

– Ассалому алайкум, Арслон оға, ҳорманг, – деди яшил девор оша бобони кузатаркан.

Бобо бели оғриди шекилли, бирданига орқасига ўгирила олмади, кетмонига суяниб олди-да, салгина тикланди.

– Ваалайкум ассалом, Биби, омонмисан келин, – деди ҳансираб.

Бобо Бибисора энани доим шундай чақирарди. “Ўзим совчи бўлиб, сени Обод инимга олиб берганман. Сен менинг катта келинимсан-а”, дерди доим. Бобонинг нафаси оғзига тиқилиб, ҳансираб туришини кўриб Бибисора энанинг ичи ачишди:

– Саидмурод бирон ёққа... Шу пайт кутилмаганда Сожида пайдо бўлди-ю, Бибисора энанинг гапи оғзида қолди.

– Ҳа, Саидмуродни не қиласиз? – деди салом-алик ҳам қилмай. – Бобойга ичингиз ачишса, ана уйингизга олиб бориб қўйинг, қизлари ҳам сизники!

Бибисора эна донг қотди. Бир муддат ҳеч нарса дея олмай, ноқулай ҳолатда туриб қолди.

– Уялмайсанми, қизим, – деди сўнг қўшнилар эшитмасин, деган истиҳола билан.

– Нега уяламан, нега, айтинг, бобой ишласа, ана ўзининг текин томоқлари учун ишлайди, мен учун эмас!

Сожида юзсизларча кў-зини бақрайтириб турар, ғишт қолипдан кўчган, энди Бибисора эна ҳам андишани бир четга қўйиб, унинг гапига яраша муомала йўлини танлаганди.

– Овозингни ўчир, – деди қатъий. – Иссиқ қўналғангни (уйингни демоқчи), ташлаб, ўзга боғни ихтиёр этувингнинг сабаби феълингдан экан-да. Эртага нима бўлишини Аллоҳнинг ўзи билади.

– Кўрамиз! – деди тантанавор Сожида.

– Худо умр берса, кўрамиз, ўша кунгача сабр берсин бандасига, – деди-ю Бибисора эна ортига қайтди.

Шу воқеадан сўнг, бир-икки ой ўтиб Арслон бобоникида қандайдир шовқин чиқди. Бибисора эна чидай олмай бобонинг уйига борганини билмай қолди. Долонга кириб, нақ қиёмат-қойимнинг устидан чиқди. Бобонинг икки қизи билан Сожида оғзидан оқ кириб, қора чиқиб уришар, беш нафар етим қизалоқлар бобосининг пинжига кирганича қўрқувдан қалтираб туришар, Арслон бобонинг эса туртиб чиққан елкалари титрарди. Pазм солса, Сожида ҳали-бери жанжални қўймоқчи эмас, тобора қайнсингилларининг устига бостириб борар, қўйиб берса, қўлидаги супурги билан қизларига қўшиб бобони ҳам савалаб ташлагудай важоҳати бор эди. Охири бўлмади, Бибисора эна шаҳд билан унинг қўлидаги супургини юлқиб олди-да, долон адоғига отиб юборди.

– Чарслигингни билардим, – деди Сожиданинг тирсагидан маҳкам тутиб, – лекин бунчалик итфеъллигингни асло билмаган эканман. Қани айт, қайнотангда, меҳмонга келган мана бу қайнсингилларингда не айб бор?

– Ўзлари билади айбини, – тўнғиллади Сожида.

– Айбимиз, айбимиз..., – йиғлаб юборди қизларнинг каттаси, – бугун чечамнинг дунёдан ўтган куни эди, шунга бир чўқим палов пишириб, садақа қиламиз, деб...

Бибисора энанинг кўнгли алланечук бўлиб кетди, лекин сездирмади.

– Ўлиб кетган кундошингга торлик қилаётган экансан-да?

– Ўлган ўлди, буни айтавериб, хўжалигимга аралашиб не қиласиз, эна!

Бу Саидмуроднинг овози эди. “Ё худойим, ўз боласи шундай деб турганида Арслон бобо не қилсин?” ич-ичидан фарёд қилди Бибисора эна.

Йўқ, буни бундай ташлаб қўймайди. Ахир Арслон бобо худди отасидай унга кўп яхшиликлар қилган, маҳалла-кўйда сўзини, ўзини англаган кексалардан. Қариганида бобони бу жиззаки, торфеълли хотинга талатиб қўйса, одамгарчилик увол бўлмайдими?

– Қани, Саидмурод, хотинингни ол-да, анов қўрғонингга чекин! – қатъий буюрди Бибисора эна. – Бу хотинни топган кунингданоқ сен туғишганларингдан, мана бу етимчаларингдан воз кечган экансан, эркакмисан ўзи?

Саидмурод уялиш ўрнига Бибисора энага хезланди:

– Сизга нима, сизга нима? Бийликни болаларингизга қилинг, бу – менинг уйим, нима қилишни ўзим биламан, ҳа!

– Айтиб қўяй, нима қилишни, мана мен ҳам биламан, маҳалла-кўй, эл билади, чиқ энди!

Маҳалла-кўйда сўзи ўткир Бибисора энанинг феълини яхши биладиган Саидмурод муроса йўлига ўтди:

– Шу, ўтиб кетган одамни деб уришмайлик...

– Нима? – тутақиб кетди Бибисора эна. – Сен бола, ҳали шундаймисан? Беш қоракўзни дунёга келтирган, мана бу иморат, ҳовли-жойни обод қилгунча кеча-кундуз тиним билмаган Санамжоннинг хотирасига ҳурматинг йўқ экан-да! Чиқ, манави торфеъл хотининг билан анов қўрғонингга чиқ, қайтиб бу уйга бошингни суқма!

Саидмурод хотинини эргаштириб, долонни тарк этаркан, Сожида жим кетолмади. Бор аламини, бутун феъл-у атворини бир гапга жамладида, жиззакилик билан бақирди: – Ҳали бобой ўлсин, қизларининг биронтасини ҳам бу уйга йўлатмайман!

Унинг бу гапини нафақат шу ерда ҳозир бўлганлар, ҳатто бир уй наридаги қўшнилар ҳам эшитишди.

– Астағфуруллоҳ! Ниятни яхши қилмади-я! – дея ёқа тутишди эшитганлар.

Арслон бобонинг қизлари ақлли эдилар. Бўлиб ўтган можарони ичларига ютишди. Шу куни Саидмуроднинг вафот этган хотини, раҳматлик Санамжоннинг хотираси учун хайр-садақа оши пишириб, тарқатишди. Ҳеч нарса бўлмагандай, маросимни ўтказиб, отасининг ва жиянларининг кир-чирларни ювиб, ҳовли-жойни тартибга келтиришди. Томорқадаги экин-тикинларга қарашди.

Вақт – олий ҳакам. Маҳаллада гап оралади: “Саидмуроднинг иккинчи хотини юкли экан, юки оғирлашиб, Нукусдаги шифохонага тушибди” Яна бир куни Бибисора энанинг шифокор келини дабдурустдан:

– Сожида оғирлашиб қолган экан, боласини дунёга келтиролмагани учун қорнини ёриб олишибди, боласи ўлик туғилибди, – деб қолди.

Бибисора эна ёқасини тутамлаб:

– Тавба, – деди, – ўзининг жони омон қолсин-да.

Бир ойдан ортиқ Нукус шаҳридаги шифохоналардан бирида даволанган Сожида уйига қайтди. Қўни-қўшниларга бош бўлиб Бибисора эна уни кўргани кирди. Озиб, ранги сўлиб қолган Сожида диванда ғужанак бўлиб ётарди. Қўшниларини кўриб, аста бошини кўтарди, лекин Бибисора энанинг юзига бетланиб қарай олмади, елкалари силкиниб-силкиниб йиғлайверди, йиғлайверди. Атрофида оғир-енгилига парвона бўлиб Саидмуроднинг қизлари юришар, ҳовлида эса Арслон бобо, афтидан пишиб етилган картошка пайкалида Саидмурод билан ҳосил йиғарди. Арслон бобонинг қизлари эса бири нон ёпса, яна бири тўпланиб қолган кирларни ювар, Сожида эса ҳаётнинг синови олдида яхши томонга ўзгаргандай эди.

– Хастага шифо, кўнгилларга кенглик, хотиржамлик берсин, ўзингга шукур, – деди Бибисора эна ўрнидан тураркан.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: