"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

АМУДАPЁДА КАСБ-ҲУНАP МАКТАБЛАPИ ТАШКИЛ ҚИЛИНМОҚДА

Юртимизда таълим сифатини ошириш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлаш таълим сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, инновацион илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш орқали мамлакатда таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари шу мақсадларга йўналтирилган “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Мазкур Фармон билан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Pеспубликасида таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилиши белгиланди.

Шунингдек, халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари рўйхати шакллантирилди. Туман ва шаҳарлар негизида шакллантирилган рўйхат асосида тумандаги Қипчоқ агробизнес коллежи 1-сонли касб-ҳунар мактабига, Aмударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи 2-сонли касб-ҳунар мактабига ўзгартирилиши белгилаб берилди.

Қипчоқ шаҳарчаси ҳудудида жойлашган 1-сонли касб-ҳунар мактабига 2020-2021 ўқув йилида 180 нафар ўқувчи қабул қилиш режалаштирилган. Ушбу касб-ҳунар мактабида жорий  ўқув йили учун 6 та мутахассислик - автомобилларни таъмирлаш чилангари, пайвандловчи (элекртгаз пайвандлаш ишлари), тикувчи,  иссиқхона ва парник хўжалиги лаборанти, асаларичи, қишлоқ хўжалиги машиналарини таъмирлаш чилангари йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади.

Янги ташкил этилаётган 2-сонли касб-ҳунар мактабига эса 2020-2021 ўқув йили учун 20 июндан бошлаб, 7 та мутахассислик бўйича, ҳар бир мутахассислик учун 30 нафардан 9-синф битирувчилари ўқишга қабул қилинади. Ушбу касб-ҳунар мактабида автомобилларни таъмирлаш чилангари, якка тартибдаги кийим тикувчиси, пайвандловчи (электргаз-пайвандлаш ишлари), тикувчи, газ ва сув истеъмоли назоратчи оператори, ошпаз, қандолатчи йўналишларида малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсад қилинган. Барча йўналишлар бўйича ҳар бирига 30 нафардан 9-синф битирувчилари қабул қилиниши режалаштирилган 2-сонли касб-ҳунар мактабида ҳам айни пайтда қабул жараёнига тайёргарлик кўрилмоқда.

Шу ўринда маълумот тариқасида айтиш жоизки, ташкил қилинаётган касб-ҳунар мактабларидаги ўқиш – кадрлар тайёрлаш умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

Шунингдек, таълим олаётган ўқувчилар Ўзбекистон Pеспубликаси Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади. Бунда касб-ҳунар мактаблари ўқувчиларни уч маҳал овқат билан таъминлаш ёки мазкур овқат пулларини уларга тўлаб бериш ҳуқуқига эга.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: