"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

Пиллачилик - даромад манбаи

Туманимизда ипак қурти боқиб, пилла етиштираётган ва даромад олаётган юртдошларимиз талайгина. Хусусан, Тўлқин овулида яшовчи Aзима Ўрозбоева оила аъзолари билан биргаликда 20 грамм ипак қуртини парваришлаб, пилла етиштирмоқда. Пиллакорнинг 7 май куни олган ипак қурти шу кунга қадар тўртинчи уйқуга кирди.

Ипак қурти боқиш жуда катта, меҳнат ҳамда масъулият талаб қилиши боис, уни парваришлашга кўп қўл кучи керак бўлади. Aзима Ўрозбоева турмуш ўртоғи ҳамда фарзандлари билан биргаликда ушбу машаққатли ишнинг уддасидан чиқишмоқда. Ҳар йили режадаги пиллани ортиғи билан топширадиган пиллакор Aзима Ўрозбоеванинг бу йилги ҳосилдан ҳам умиди катта.

Овулнинг ана шундай меҳнатсеварларидан бири Қундуз Султонова ҳам ипак қурти парвариши билан шуғулланмоқда. Оилавий пилла етиштириш ишига киришган юртдошларимиз бу йилги режани ортиғи билан бажариш ҳамда кўпроқ даромад олиш ниятида кеча-ю кундуз тинимсиз меҳнат қилишмоқда. У оила аъзолари билан 8 май куни олинган 15 грамм ипак қуртидан мўл ҳосил олиш мақсадида астойдил тер тўкмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда ипакчилик соҳасини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизнинг иқлим шароити ва мавжуд салоҳияти қишлоқ хўжалигининг ҳар бир тармоғи каби пиллачиликни ҳам янада ривожлантиришда муҳим омилдир. Яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш, жаҳон бозорида ипак маҳсулотларимизнинг салмоғини кўпайтириш ва уларнинг рақобатдошлигини ошириш учун давлатимиз раҳбарияти томонидан бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда.

 

 

Президентимизнинг жорий йил 17 январдаги “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори мамлакатимизда пилла етиштиришни кўпайтириш ва унинг сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу қарорда пиллачилик соҳаси корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш, модернизация қилиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, пилла етиштириш ҳажмини кўпайтириш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш мақсадида 2023 йил 1 январгача мазкур йўналишдаги корхоналар ягона солиқ, ягона ижтимоий тўловдан озод қилиниши кўзда тутилган.

Шунингдек, касаначиларнинг жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилиниши, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши алоҳида белгилаб қўйилган. Ушбу имтиёзлар пиллачилик соҳаси, ипак қурти уруғи ва пилла етиштирувчилар, иккинчи томондан пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноати учун катта имконият ва қулайликлар яратиб беради. Натижада пилла етиштириш билан банд аҳолининг моддий манфаатдорлиги ортади.

Пилла – бу даромад манбаи. Ҳозирги кунда бир қути ипак қурти боққан оила 2 миллион сўмга яқин даромад олишга имконияти бўлади. Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 1 қути ипак қурти парваришлаган боқувчиларга пилла етиштиришдан олинган даромаддан ташқари 200 минг сўмдан қўшимча ҳақ олиши белгиланган.

Ҳозирда мазкур имкониятлардан самарали фойдаланаётган Тўлқин овулидаги 133 нафар касаначига жами 228 қути ипак қурти парваришлаб пилла етиштириш учун берилган бўлиб, пиллакорларнинг ипак қуртлари уч ёки тўрт ёшига кирган, иш айни қизиган палла.  Туманимиздаги барча пиллакорлар ўзлари кутган мўл ҳосилни олиб, режани ортиғи билан бажаришларига ишонамиз.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: