"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Табиат ва болалар

Бугунги кунда Pеспубликамизда фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, маънан етук, баркамол авлод бўлиб, вояга етишлари учун кенг кўламда таълим-тарбия - ишлари олиб борилмоқда. Pеспубликамизда "Баркамол авлод” болалар марказларининг ташкил этилиши бунга яққол мисол бўла олади. Номидан кўриниб турибдики, бу марказларда фарзандларимиз зукко ва комил инсонбўлиб камол топишлари учун барча имкониятлар яратилган. Фарзандларимизнинг турли касб сирларини ўрганиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, уларнинг ички қизиқишларини уйғотиш мақсадида турли тўгаракларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Туманимизнинг чекка бир қишлоғи бўлмиш Қангли овули марказида 29-сонли умумтаълим ўрта мактаби жойлашган. Бу мактаб 2008-2009 йилларда Давлат дастурига асосан, янгидан қурилиб, ишга туширилган. Шу мактабда БАБМга қарашли "Ёш эколог” тўгарагида тўгарак раҳбари бўлиб фаолият юритаётганимга 4 йил бўлди. Тўгаракка 30 нафар ўқувчи жалб қилинган "Ёш эколог” тўгараги ўз номидан кўриниб турибдики, ўқувчи-ёшларнинг эгологик онгини шакллантириш, бугунги кундаги экологик аҳволдан хабардор этиш, санитария-гигиена малакаларини ривожлантириш, оила ва жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда бугунги кундаги долзарб экологик муаммоларни назарий ҳамда амалий кўрсатиб бериш орқали уларни табиатга муҳаббат руҳида тарбиялашдан иборат. Мактабимизда алоҳида тўгарак хонаси мавжуд бўлиб, хона соҳага оид кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган: турли хил табиат тасвирлари акс эттирилган стендлар, ўсимлик ва ҳайвонлар тасвирланган расмлар, ўқувчиларнинг ўзлари тайёрлаган макетлар, турли хил ранг-баранг гуллар билан безатилган. Тўгарагимиз аъзолари орасида турли хил кўрик-танловлар ўтказилиб турилади. Яқинда ўтказилган "Бир томчи сувда ҳаёт жилваси” номли тадбиримизда Шириной Саидбоева фаол иштирок этиб, тўгарак аъзолари орасида ғолибликни қўлга киритди. У ўзи чизган "Гўзал табиат” манзара-сурати орқали, Маҳлиё Жумабоева эса "Жайрон” расмини чизиб, ҳаммани ҳайратга солди. Айниқса, Шоҳруҳ Кенгашбоевнинг "Чилпиқ қўрғони” номли сурати тўгарак аъзолари ва мактаб ўқувчиларида катта таассурот қолдирди. Бундан кўриниб турибдики, фарзандларимизнинг мурғак қалбларида она Ватанга, гўзал табиатга меҳр-муҳаббат меваси куртак ёзмоқда. Ундан ташқари март, апрель ойлари мактабимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари янада авж олди. Мактаб атрофига турли мевали, манзарали кўчатлар, арча кўчатлари экилди. Тўгарагимиз аъзолари ҳар ҳафта шанба кунини "тозалик куни” деб эълон қилишиб, мактабимиз атрофларини, синф хоналарини тозалашда ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар. Ўқувчилар режага асосан, табиат қўйнига саёҳатларга олиб борилмоқда. Шундай саёҳатлардан бири "Чилпиқ” қўрғонига уюштирилди. Бунда ўқувчилар ўзлари туғилиб, вояга етаётган юрт табиати, табиий бойликлари, тарихий ёдгорликлари тўғрисида билимларга эга бўлишди. Дарё бўйида гўзал, баланд жойга жойлашган бу ёдгорликнинг яратилиши, бу ёдгорликдан топилган археологик ёдгорликлар тўғрисида бир қанча маълумотларга эга бўлдилар. Табиат ва жамият орасидаги ўзаро муносабат, табиатнинг барча неъматларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш сирларини ўргандилар.

Экологик онг ва тафаккурга эга бўлган ҳар бир тўгарак аъзоси ўз меҳнат фаолиятида табиатга ножўя таъсир этиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билиши керак. Табиатнинг бизга инъом этган ноз-неъматларини кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз керак. Мен таълим-тарбия бераётган тўгарак аъзолари қалбида она Ватанга, табиатга муҳаббат туйғусини уй-ғотаётганимдан фахрланаман.

Нилуфар АВЕЗОВА,

"Баркамол авлод” болалар марказининг 29-сонли мактабдаги "Ёш эколог” тўгараги раҳбари.

Янгиликни бўлишинг: