"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

ЭЛ ДАPДИ БИЛАН ЯШАШ БАХТИ

Тириклик инсонга хайрли ишлар қилиш учун берилган имкон, дейишган машойихлар. Чиндан ҳам, ҳаётда шундай инсонлар борки, уларнинг яшаш тарзи, фаолияти, амалга ошираётган эзгу амалларидан кўпчилик ибрат олса арзигулик. Тўлқин овулида ўқитувчилар оиласида камолга етган Шуҳрат Маткаримов ана шундайларнинг бири. У 2009 йилда “Тўлқинли Исмоил чорвадор” фермер хўжалигини ташкил этди. Бу туманимиздаги наслли қорамоллар парваришланадиган, жараёнлар янги технологиялар асосида ташкил этилган илк чорвачилик комплекси эди.

Ёш тадбиркор барча ишни оқилона ҳисоб-китоб асосида олиб бориб, чорвадан мўл даромад олишга интилди, йил сайин фаолиятини кенгайтирди. Бугунги кунда мазкур хўжаликда 41 гектар пахта, 60 гектар буғдой ва чорва учун озуқабоп экинлар экиладиган майдонлар бор. Чорваси эса 78 бош, барчаси наслдор. Яна 360 бош наслли қорамол Чехиядан келтирилмоқда.

Ўтган йилнинг ўзида хўжаликдаги барча соҳалар бўйича 600 миллиондан зиёд соф фойда олинди, хўжаликда ишловчиларнинг ҳам моддий манфаатдорлиги ортди. Олинган даромадлар ҳисобидан овул ҳаётини яхшилаш, аҳоли турмуши сифатини ошириш мақсадида ҳам фойдаланилаётганлиги туфайли Шуҳрат Маткаримовга элнинг ихлоси ортди.

 

 

Овул ҳудудини кесиб ўтган улкан айланма йўлдан 32-мактабга  бориладиган йўлдан аҳоли, айниқса, ўқувчилар қишда лойдан, ёзда чанг-тупроқдан юришга мажбур бўлишар эди. Аҳволни яхшилашга ҳаракат қилган фермер йигит ушбу йўлни мактаб ҳудудидан ҳам ўтиб, Қипчоқ арна кўпригига етгунча бўлган ярим километрча қисмини асфальт қилди ва эл олқишини  олди. Ўтган йили овул ҳудудидан оқиб ўтувчи Қипчоқ  канали кўпригини ҳам таъмирлаб, аҳоли учун каналдан ўтишда қулайлик яратди.

Тўлқинликлар ўтган йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтган сайловларда Шуҳрат Маткаримовни Тўлқин сайлов округидан уни Халқ депутатлари туман Кенгашига депутат қилиб сайладилар.

Депутатлик одамдан катта интеллектуал салоҳият, тинимсиз меҳнат, изланиш ва масъулият талаб қилди. У аввало халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларини ҳал қилиш учун интилиши, ўзининг юриш-туриши маданияти, яшаш тарзи билан бошқаларга ибрат бўлмоғи лозим.

Энди Шуҳрат Маткаримовнинг фаолият кўлами кенгайди. У Тўлқин овул фуқаролар йиғини раиси Pашид Абдуғалиев билан ҳудудни айланиб, аҳоли турмуш тарзи билан танишади, муаммоларини тинглайди, ҳал қилишга интилади. Депутат аҳоли мурожаатларига кўра, овул ҳудудидаги 3 та мактабга оптик толали алоқа тармоғи тортилишига бош-қош бўлаётир. Хўжалик техникалари ёрдамида бу иш поёнига етай деб турибди. Натижада учта мактабда ва аҳоли хонадонларида интернет тезлиги ошади, ўқувчиларнинг, талабаларнинг масофадан туриб ўқишларига қулай шароит яратилади.

Бугунги кунда пандемия шароитида аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд қисмини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб шароитларда яшашига кўмаклашиш ҳам Шуҳрат Маткаримовнинг фаолиятида муҳим ўрин тутади. Яқинда у ҳамқишлоғи, аёли бетоб бўлиб, иқтисодий қийинчиликка дуч келган Муҳиддин Худойберганов оиласига 11 бош эчкиларни ҳадя этди, уйини таъмирлаб берди. У бундай савобли ишларни бировларга кўз-кўз қилиш  учун эмас, балки Аллоҳ ризолигига эришиш йўлида қилади, овулдошларига суянчиқ бўлишни ўзининг бурчи, деб ҳисоблайди.

Мана бу 35 гектарлик буғдойзор ўрни авваллари бир нечта картага бўлинган эди. Тажрибали фермер уларни текислаб яхлит бир дала ҳолига келтирди. Ҳозир ушбу даладан камида 80 центнердан ҳосил олиш режалаштирилмоқда.

Дарвоқе, Шуҳрат Маткаримов шу йил бошида “Тўлқинли Исмоил чорвадор” фермер хўжалиги таъсисчилигида туманимизда ғаллачилик кластери ташкил этди ва унга туманимиздаги ғаллачилик тармоғи мавжуд фермер хўжаликларининг ярми қамраб олинди.

Шунингдек, Туркия давлатидан замонавий ун тегирмони харид қилиниб, улар топширган ғаллани ун ҳолида аҳолига сотишни режалаштирган эди. Коронавирус пандемияси туфайли бу режа ҳам орқага сурилди ва туманимизда етиштирилган ғалла бу йил ҳам “Тахиатошдон” акциядорлик жамиятига топшириладиган бўлди. Бироқ фермер, депутат Шуҳрат Маткаримов туманимизда ун комбинати қурилиши, технологиялар келтириш ва ишга тушириш ташвишидан бир зум ҳам чалғигани йўқ. Бу иш амалга ошса, ғаллачилик яна ҳам даромадли соҳа бўлади, дейди у.

Эл дарди билан яшаётган интилувчан ва салоҳиятли Шуҳрат Маткаримовнинг ишларига биз ҳам омадлар тилаб қоламиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: