"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

ПАНДЕМИЯ ДАВPИДА PАМАЗОН ҲАЙИТИ НАМОЗИ ЖАМОАТ БЎЛИБ ЎҚИЛМАЙДИ

Ҳар йили бутун дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртдошларимиз Ийдул фитрни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ва катта хурсандчилик ила нишонлайдилар.

Pамазон ойи давомида адо этилган ибодатлар, эзгу амаллар ва меҳр-саховат ишлари эвазига мўмин-мусулмонлар жуда улуғ-савобларга эришадилар.

Pамазон ойида Аллоҳ таоло фарз қилган рўза тутилиб, диёримиз бўйлаб хатми Қуръонлар қилинди. Ёрдамга муҳтож кишилар ва кам таъминланган оилаларга хайру саховатлар қилинди.

Барчага маълумки, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги кенг тарқалди. Ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Юртимизда бу касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ва бир қатор чекловлар жорий этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Pамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш вақт намоз ва Pамазон ойидаги таровеҳ намозини уйда ўқиш ҳақидаги тавсиялар айни Pамазон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Шунинг учун бу йилги Pамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Pамазон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини ҳаётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

яъни: “Pасулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар”.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

“Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракаат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал” дейилган.

Баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шаротида Pамазон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларни тақдим этди:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Pамазон ҳайити  намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади. Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш чиққандан ярим соат ўтгандан  кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилди.

Ва яна Ҳайит арафасида ва байрам кунлари ёши улуғ кексаларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда уяли алоқа воситалари орқали амалга ошириш тавсия қилинди.

Азиз юртдошлар, Аллоҳ таоло Pамазон ҳайтини барчамизга муборак айласин. Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни имонда, Исломда собитқадам қилсин. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, бало-ю қазолардан Ўзи сақлаб, юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, халқимиз фаровонлигини бундан-да зиёда  қилсин.

Барча ҳолатларимизда динимиз кўрсатмаларига мувофиқ ҳаёт кечиришга Аллоҳ таоло ҳаммамизни муваффақ қилсин. Ҳайит байрами барчамизга муборак бўлсин!

А.Матсапоев, "Юсуф эшон бобо жомеъ" масжиди имом хатиби.

Янгиликни бўлишинг: