"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

Амударё туманида 2019 йилда қандай ишлар амалга оширилди?

Бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётда дунёнинг ривожланган мамлакатлари сари илгарилаб бормоқда. Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришилди.

Туманимизнинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари юқори бўлиб, 2019 йилда қишлоқ хўжалик ялпи маҳсулоти 1 триллион 435 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 103 фоизга ошган. Туманимиз қишлоқ хўжалик ялпи маҳсулотининг Қорқалпоғистон Pеспубликасидаги улуши 17,7 фоизни ташкил қилади. Шунингдек, ўтган йилга нисбатан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 102,7 фоизга, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 100 фоизга, инвестиция 100,1 фоизга, қурилиш ишлари 104,7 фоизга, чакана савдо 107,3 фоизга, хизмат кўрсатиш 106,9 фоизга ошди.

Кичик бизнеснинг саноатдаги улуши 44,2 фоизни, қишлоқ ва балиқ хўжалигида 99,8 фоизни, инвестицияда 64,9 фоизни, қурилиш ишларида 95,6 фоизни, чакана савдода 94,6 фоизни, хизматларда 94,6 фоизни, экспортда 31,8 фоизни ва импортда 99,6 фоизни ташкил қилди.

Экспортёр корхоналар томонидан 7,7 млн. АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорт қилинди, экспорт ҳажми 2018 йилга нисбатан 116 фоизга кўпайди.

Давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган  ислоҳотлар натижасида ўтган йили 251 та ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 1,6 баробар кўп янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва бу соҳа учун янги шароитлар яратишга барча имкониятлар сафарбар этилмоқда. Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган 1410 та оилаларга 35,3 млрд. сўм, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 41 та фуқарога 4,2 млрд. сўм, ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури бўйича 74 та ҳунармандга 2,6 млрд. сўм, Бандликка кўмаклашиш дастури доирасида 29 та фуқарога 1,1 млрд. сўм, хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш дастури бўйича 18 нафар хотин-қизларга 800 млн. сўм ва “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури доирасида 33 нафар ёшларга 9,6 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

2019 йилда маҳаллий бюджетга солиқлар ва мажбурий тўловлар 129,4 млрд. сўмни ташкил қилди ёки 25,9 млрд. сўмга ортиғи билан бажарилди. 2018 йилга нисбатан тушум 64,9 млрд. сўмга ёки 2 баробарга ошди. Маҳаллий бюджетдаги трансферт салмоғи 56,6 фоизни ёки 139,2 млрд. сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бўйича қиймати 74 млрд. 153 млн.сўмлик 59 та лойиҳалар амалга оширилиб, 266 та янги иш ўринлари яратилди.  Шундан саноат соҳасида 45 млрд. 735 млн. сўмлик 16 та лойиҳаларда 102 та янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, “Yunusjon Trans Servis” МЧЖ томонидан қиймати 2,9 млрд. сўмлик шағал ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди ва 14 та янги иш ўринлари яратилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида 7 млрд. 648 млн. сўмлик 17 та лойиҳаларда 59 та янги иш ўринлари яратилди. Масалан, “Амударё соҳили” фермер хўжалиги томонидан 1,1 млрд. сўмлик чорвачилик хўжалигини кенгайтириш мақсадида 66 бош зотли қорамоллар олиб келинди ва 4 та янги иш ўринлари яратилди.

Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди. Соҳада қиймати 20 млрд. 770 млн. сўмлик 26 та лойиҳаларда 105 та янги иш ўринлари яратилди. “Амударё Фарма Табобат” МЧЖ томонидан қиймати 800  млн. сўмлик замонавий ускуналар билан жиҳозланган хусусий дорихона ва соғломлаштириш маркази ишга туширилди, бу ерда 5 та янги иш ўринлари ташкил этилиб, ҳозирда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури  доирасида 1326 та янги иш ўринлари яратилди, шундан 589 нафар аёллар ҳамда 822 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Жорий йилда туманни иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: