"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

БИP МАPТАЛИК МОДДИЙ ЁPДАМ ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАPДА БЕPИЛАДИ?

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналиши  кам таъминланган оилаларга кўмак, камбағалликни камайтириш ва бошқа шу каби масалаларга қаратилмоқда. Бунда, айниқса, карантин даврида ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 мартдаги 165-сонли қарорига илова “Қорақалпоғистон Pеспубликаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом айнан мураккаб вазиятга тушиб қолган оилаларга моддий кўмак беришга, ўша вазиятдан чиқиб олишга давлат томонидан ёрдам беришга қаратилган.

Муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор Фуқаролар йиғинини ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси томонидан қабул қилинади.

Мураккаб ҳаётий вазият деганда ишга лаёқатлилигини йўқотишга олиб келган оғир касалликлар (I гуруҳ ногирони) ёки узоқ (беш ойдан кўпроқ) вақт дори воситалари қўллашни ёхуд жарроҳлик аралашувини талаб этадиган касалликлар, турмуш ўртоғи, ота-онанинг (боқувчининг) ўлими, табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етиши тушунилади.

Пайдо бўлган мураккаб ҳаётий вазиятни мустақил ҳал этишга имкон берадиган моддий (мулк) имкониятнинг (даромаднинг) йўқлиги муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам тайинланиши ва берилишининг шарти ҳисобланади.

Юқоридаги Низомнинг 7-бандига кўра, бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган, ҳаётий мураккаб вазиятга тушган оилалар (фуқаролар) тоифаларига, биринчи навбатда, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз фуқаролар ва пенсионерларга (ишга лаёқатсизларга ва ишга лаёқатли оила аъзолари бўлмаганларга), боқувчиси ногирон бўлган оилалар ва бошқа кам таъминланган аҳоли тоифаларига ва оилаларга, I гуруҳ ногирони бўлган ёки оғир касалга чалинган (бутунлай ёки қисман ўз-ўзини боқиш имконига эга бўлмаган, иш фаолиятини олиб бора олмайдиган) фуқароларга, ўлим оқибатида ягона боқувчисини йўқотган оилаларга (уч ой муддат мобайнида), ногирон бола ёки I ёки II гуруҳ ногирони бўлган ёки молиявий харажатларни талаб этадиган жарроҳлик аралашуви ёки узоқ вақт (беш ойдан кўпроқ) амбулаторияда даволаниши зарур бўлган оғир касалликка чалинган бошқа оила аъзосига қараб турган тўлиқ бўлмаган оиланинг ота-оналарига (оила аъзосига), ота-оналардан бири I ёки II гуруҳ ногирони бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган ёки иккала ота-она ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган икки нафар ва ундан кўп фарзандли тўлиқ оилаларга берилиши назарда тутилган.

Муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам учун мурожаат этувчининг доимий турар жойи (пропискаси) бўйича, муҳтож оила аъзосининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёзма аризаси асосида Комиссия томонидан тайинланади.

Аризага ариза берувчи паспортининг нусхаси, муҳтож оиланинг таркиби тўғрисидаги маълумот ва муҳтож оилада мураккаб вазият юзага келганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (ногиронликни тасдиқловчи тиббий-меҳнат эксперт комиссияси протоколининг кўчирмаси, ўлим ҳақидаги гувоҳнома, оғир касаллик оқибатида ишга лаёқатсизликни тасдиқловчи тиббий хулоса, фавқулодда вазият (ҳолат)да енгилмас куч пайдо бўлганлиги ҳақида тегишли органларнинг хулосалари) илова қилинади.
Муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам Комиссия мажлисининг қарори протоколи асосида тўланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, инсонпарварлик ғояси билан ифодаланувчи ушбу сиёсат Давлатимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ҳаётий мураккаб вазиятлардан олиб чиқиш мақсадини кўзлагани билан аҳамиятли бўлиб, бу сиёсат ўз навбатида давлат ва халқнинг ўзаро ҳамжиҳатлигининг ҳам ифодасидир.

Жамшид Бекимбетов, туман Адлия бўлими бош маслаҳатчиси.

Янгиликни бўлишинг: