"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

ЕТТИ ХАЗИНАНИНГ БИPИ – ИПАК ҚУPТИ БОҚИШ МАВСУМИ БОШЛАНДИ

Ҳар йилги режаларини ортиғи билан адо этиб келаётган амударёлик пиллакорлар бу йилги мавсумни ҳам мўл ҳосил умиди билан бошлаб юборишди.

Мана бу тутзордаги дарахтлар оралиғида экилган экинларнинг  ривожини кўриб, ҳам пешона тери эвазига мўл ҳосил етиштираётган, ҳам ипак қурти боқишдек машаққатли ишнинг уддасидан чиқаётган меҳнаткаш инсонларга кўнглингизда ҳурмат-эҳтиром уйғониши табиий. Эркин Pасулов раҳбарлигидаги фермер хўжалиги ҳудудидаги бу манзара, барқ уриб ривожланган тутзор боғ кўрган кўзни қувнатади.

Айтиш жоизки, 7-10 май кунлари оралиғида туманимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилган 16 та инкубаторияларда 3768 қути хорижий навли ипак қурти уруғлари жонлантирилиб, 1492 нафар касаначиларга ва 266 та фермер хўжаликларига тарқатилди. Мавсум бошида пиллакорларга ҳар бир қути ипак қурти учун 240 минг сўмдан бўнак пули берилди. Ҳосил йиғиштириб олингач, топширилган ҳар бир килограмм пилла учун 20 минг 400 сўмдан ҳақ тўланиши режалаштирилган.

Ҳозир парвариш қилинаётган ипак қуртлари иккинчи ёшида. Пиллакорлар учун кунни-кун, тунни-тун демай меҳнат қиладиган кунлар бошланаяпти. Боиси, ипак қуртлари кун ўтгани, улғайгани сайин озуқага, яъни тут баргига кўпроқ эҳтиёж сеза бошлайди.

Мавсум давомида озуқа тақчиллиги юз бермаслиги учун туманимизда тут плантациялари тобора кенгайтирилмоқда, мавжуд тут дарахатлари сифатли парвариш қилиниб, мўл ипак қуртлари  озуқа базаси яратилмоқда.

 

 

Бу йил кўкламда ҳам 343 минг дона тут кўчатлари янгидан  экилди ва 50 гектарга яқин майдонда янги тутзорлар барпо этилди. Аввалги йилларда тут кўчатлари дала четларига, ариқлар бўйларига экилган бўлса, кейинги йилларда гектарлаб экиш йўлга қўйилди. Бунинг афзаллиги кўп, гектарлаб экилган ниҳолни парваришлаш, қатор ораларини юмшатиш, озиқлантириш осон бўлади ва дарахтлар маҳсулдор бўлади. Қолаверса, пиллакорларга тут кўчатлари экилган майдонлар боқаётган ипак қурти миқдорига қараб бўлиб берилгач, манфаатдорлиги ортади. Яъни, тутлар ораларига турли экинлар экиб, ҳосил олишади ва қўшимча даромадга эга бўлишади.

Қиличбой овулининг “Хизр эли” маҳалласида истиқомат қилувчи Pоҳатой Қурбонованинг асл касби пиллачилик агрономи. Касбини адо этиш билан чекланмай, ўз уйида ҳар йили бир қути ипак қуртини парваришлаб, режадагидан зиёд ва сифатли пилла етиштиради.

У бу йил ҳам бир қути ипак қурти боқаяпти. Бу ишда унга турмуш  ўртоғи, ўғли, қизи ёрдам бераяпти. Сабаби тутзордан барг олиб келиш, бир текис қилиб  қуртларга солиш, қурт боқилаётган хона ҳароратини бир маромда сақлаш лозим.

Ҳозир Pоҳатой Қурбонова парваришлаётган ипак қуртлари тез ривожланмоқда ва учинчи ёшига кириш арафасида. Айни пайтда ипак қуртлари бир маромда озиқланмоқда. Хонадаги ҳарорат ва намликнинг бир меъёрда сақланишига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Тажрибали пиллакор кўзлаётган марра эса юксак.

Туманимизда муҳим тармоқлардан бири ҳисобланмиш пиллачиликдан юқори ҳосил етиштириш ва мўл даромад олиш йўлидаги ишлар тобора қизғин тус олмоқда.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: