"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

ҒАЛЛА МАЙДОНЛАPИДА МЎЛ ҲОСИЛ ЕТИЛМОҚДА

Пандемия давридаги карантин сабабли юзага келиши мумкин бўлган озиқ-овқат тақчиллигининг олдини олиш мақсадида туманимизда ғалла парваришига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳосил мўл бўлишини таъминлаш мақсадида барча агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилмоқда.

Туманимиз ҳудудидаги далаларни кезган киши бошоқлари бўлиқ, дуркун ривожланаётган буғдойзорларни кўриб, кўнгли юксалади. Боиси, ана шу етиштирилаётган ҳосил  яқин кунлар ичида эл дастурхонига тотли нон бўлиб келади. Ҳа, бу йил ризқимиз мўл бўлиши кутилмоқда. Далалардаги буғдойзорлар шундан дарак бермоқда.

Қангли овулидаги “Бегзод Ғанишер” фермер хўжалигида ўтган йил кузда 2020 йил ҳосили учун 13 гектар ерга буғдой экилган эди. Бир текис униб чиққан ниҳоллар агротехника қоидаларига мувофиқ парвариш қилинди. Шу кунгача буғдой майсалари тўрт марта озиқлантирилди ва зарарли ҳашаротларга қарши ишлов берилди. Айниқса, Ҳамро Нуруллаев тарбиялаётган буғдойзорларда экин ривожи жуда яхши. Бошоқлари бўлиқ, поялари текис, яшнаб турган буғдойзор эртанги ризқимиз мўл-кўл бўлишидан далолат бермоқда.

 

 

Хўжаликда айни кунларда буғдой  парваришига алоҳида эҳтибор қаратилаётир. 13 гектарлик буғдойзорлардан қирмизи буғдой донлари хирмонга тўкиладиган кунлар эса жуда яқин.

Шу сабабли хўжалик ишчилари яқинлашиб келаётган буғдой ўрим-йиғими мавсумига ҳозирданоқ пухта ҳозирлик кўришмоқда. Ўтган йили 13 гектар буғдойзордан 35 центнердан ҳосил йиғиштириб олинган эди. Бу йилги кўзланаётган марра эса ундан анча юқори.

Фермер хўжалигида 58 гектар пахта майдони ҳам мавжуд бўлиб, 30 ижарачига шартнома асосида бўлиб берилган. Уларнинг кучи билан барча экинлардан кўзланганидай ҳосил олинаётгани учун хўжалик моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, деҳқончилик ишларида ишлатиладиган зарур техникаларни сотиб олишди.

Қиличбой овулида истиқомат қилувчи Эркабой Авазматовлар оиласи ҳам эл дастурхони тўкин-сочинлиги учун муносиб ҳисса қўшаётганлардан. Уларнинг 34 сотихлик томорқасининг ярми боғ – олма, анор, нок, ўрик, узум, анжир каби мевали дарахтларнинг ҳам эртапишар, ҳам кузги навларидан бор. Оиладагилар май ойи охиридан то баҳоргача ўзлари етиштирган хуштаъм мевалар, полиз экинлари, сабзавотлар билан ўз-ўзини тўла таъминлабгина қолмай, ортганини бозорга олиб чиқиб сотиб, эҳтиёжларига ишлатадилар. Боғда мевали дарахтлар тагига экилган беда ҳар йили 6 марта ўриб олиниб, чорва учун қишга заҳирага олиб қўйилади.

Ҳозирги кунда уларнинг томорқасидан пиёз бозорга чиқарилаяпти, бодринг, помидор, булғор қалампири, картошка бир текис гулга кирди. Қовоқ, қовун-тарвузлар ривожи ҳам яхши. Эркабой  Авазматов ва аёли – таълим фахрийси Дилбар Отажонова ҳамда уларнинг ўғиллари, келинлари карантин даврини томорқасида ўтказиб, экинларидан  мўл ҳосил олишга ҳаракат қилишмоқда, томорқа – кони фойда эканлигини ўз меҳнатлари орқали исботлашмоқда.

Ойгул Pажабова.

Янгиликни бўлишинг: