"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

ТУМАНИМИЗДА ҚУPИЛИШ ИШЛАPИ ҚИЗҒИН ДАВОМ ЭТТИPИЛМОҚДА

Барчамизга маълумки, карантин чекловлари натижасида бутун мамлакатимизда барча соҳалар қаторида қурилиш соҳасидаги ишлар ҳам маълум даражада тўхтатилди. Аммо юртимиздаги эпидемиологик вазият тобора яхшиланиб бораётгани Pеспублика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 2020 йил 14 апрелдаги қўшма йиғилиши қарорига асосан қурилиш ишларини давом эттиришга рухсат берилди. Шунга кўра туманимизда ҳам йирик қурилиш иншоотларидаги ишлар давом эттирилмоқда. Қурилиш ишларида ходимларнинг санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилишлари таъминланган.

Айни пайтда Янгиобод ва Гулзор маҳаллаларининг ҳар бирида 5 та объектдан кўп қаватли уй-жойлар, Ўрта қалъа овулидаги Юсуф хўжа аҳоли пунктида ичимлик сув тармоқлари, Санитария эпидемиология осойишталик маркази омбори, Қипчоқ овули ҳудудида 20-сонли мактабгача таълим муассасаси ва Тошёп овули ҳудудидаги 13-сонли мактабгача таълим муассасалари, шунингдек, 2019 йилдан бу йилга ўтган Гулзор маҳалласидаги намунавий уй-жойлар қурилиши давом этмоқда.

Айни пайтда “Қурилиш хизмат” ва “Aмударё Махсус Қурилиш” масъулияти чекланган жамиятлари пудратчи ташкилотлари томонидан 2019 йилдан бу йилга ўтган Гулзор маҳалласидаги намунавий уй-жойлар қурилишида иш юқори суръатларда ташкил қилинган.

 

 

Объектлардаги қурилиш ишлари қурилиш-пудрат ташкилоти томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилаяпти. Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг барча босқичларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан назорат ўрнатилган.

Туман маҳаллий бюджети ҳисобидан барпо қилинаётган Хотира майдонида ҳам қурилиш ишлари авжида. Аждодларни хотирасини эъзозлаш, уларни ёд этиб туриш учун шароит яратиш, ёш авлод қалбида юрт учун фидо бўлган инсонларга эҳтиром ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида барпо этилаётган мазкур майдон келгусида туманимиз аҳолиси учун ўзига хос зиёрат мажмуаси бўлиши кутилмоқда. Туман ҳокимининг қарори асосида Олмазор маҳалласи ҳудудида 1 гектарлик майдонда қад ростлаётган мажмуада “Амударё СКБ” (эскб деб ўқилади) масъулияти чекланган жамияти қурувчилари меҳнат қилмоқда.

Хотира майдонини барпо этиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 3 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Замонавий майдонда “Мотамсаро она” ҳайкали қад ростлаган бўлиб, айни пайтда пардозлаш ишлари бошланган. Ҳудудда тарих музейи учун ҳам алоҳида бино қурилади. Ундан ташқари, замонавий архитектура ва меъморлик анъаналарини мужассам этган кенг айвон барпо этилиб, махсус Хотира китоблари жойлаштирилади.Ушбу китобларга Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган амударёликларнинг исм-фамилиялари битилади.

Майдонга янада кўрк бағишлаш учун 2 та фаввора ўрнатилиб, манзарали дарахтлар, турфа хил ва анвойи гуллар кўчирилади.

Янгидан барпо этилаётган замонавий қиёфадаги Хотира майдони туманимизга янада кўрк бағишлайди ва аждодлар хотираси мангу муҳрланган файзли масканга айланади.

Амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари туманимизни замонавий қиёфага келтириш, кўркига кўрк қўшиш ва аҳоли фаровон турмуш кечириши учун қулайлик яратиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: