"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

СОБИҚ ЁНҒИН ЎЧИPУВЧИНИНГ ХОНАДОНИГА МАСЪУЛЛАP ТАШPИФ БУЮPИШДИ

Хотира  авлодларни авлодлар билан боғлаб турувчи маънавий кўприкдир. Шу туфайли ҳам бу ёруғ кунларга қандай, ниманинг ҳисобига эришганимизни, бу йўлда қандай азоб-уқубатлар ва йўқотишлар, курашлар бўлганини, қанча-қанча одамлар жонини қурбон қилганини англаймиз, сидқидилдан ҳис қиламиз, тинч-фаровон ҳаётимизнинг қадрини ҳам тушунамиз.

Одатда фидойиликлар, қаҳрамонликлар ҳақида гапирганда кўпинча кўз ўнгимизда уруш манзаралари, ўқдай ёғилаётган ўқлар остида олға интилаётган, душман билан жонини аямай курашаётган аскарлар намоён бўлади. Аслида ҳаётимизда тинчлик-осудалик мангу барқарор бўлмоғи, эл-юрт омонлиги, хавф-хатарлардан ҳоли бўлмоғи учун ўз ҳаловатидан кечиб меҳнат қилаётганлар ҳамма даврларда ҳам бор. Бунга туман Фавқулодда вазиятлар бўлими 4-Касбийлаштирилган ёнғин қутқарув қисмида ёнғин ўчирувчиси бўлиб, фидойилик билан хизмат қилган, мард ва жасур инсон, қипчоқлик Солийбой Қурбонбоевни мисол қилиб кўрсатиш ўринли бўлади.

У 1973 йилда Қипчоқ овули ҳудудидаги 75-сонли мактабнинг 1-синфига ўқишга борган. 1983 йилда мактабни тугатгач, 1984-1986 йилларда ҳарбий хизмат бурчини ўтаган. 1987 йилда Тошкент Қишлоқ хўжалик техникумининг агрономия факультетига ўқишга кириб, 1989 йилда муваффақиятли тугатган.

У меҳнат фаолиятини “Агромаштранс” корхонасида тракторчилик қилишдан бошлаган. 2003-2009 йилгача туман Фавқулодда вазиятлар бўлими 4-Касбийлаштирилган ёнғин қутқарув қисмида ёнғин ўчирувчи бўлиб, ўз хизмат вазифасини сидқидилдан адо этган.

2019 йилнинг 30 августида Қиличбой овулидаги “Қувсириқ” фермер хўжалиги молхонасида бехосдан келиб чиққан ёнғин унинг  ҳаётига нуқта қўйди. Ёнғинни ўчириш чоғида у талофат кўпайиб, аланга кучайиб кетмаслиги, бошқа инсонлар жабр кўрмаслиги учун жуда астойдил ҳаракат қилди. Қисмнинг фидойи хизматчиси бу тилсиз ёвни бартараф этишда бахтсиз ҳодиса сабаб ҳаётини хавф остида қолдириб, қаттиқ жароҳатланди ва ҳаётдан кўз юмди.

Солийбой Қурбонбоев юртимизнинг бир фидойи ўғлони сифатида ибратли умр кечирди ва ўзидан ёрқин хотиралар қолдирди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида унинг хонадонига Қорақалпоғистон Pеспубликаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Маҳмуд Сейдуллаев, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, подполковник Ҳамро Матёқубов ва бир гуруҳ касбдошлари бориб, оила аъзолари ҳолидан хабар олдилар. Шунингдек, Қарғали бобо қабристонидаги Солийбой Қурбонбоевнинг қабрини зиёрат қилиб, хотирасига қуръон тиловат қилдилар, қабри атрофида ободонлаштириш ишларини олиб бордилар.

Солийбой Қурбонбаевнинг ишларини бугунги кунда катта ўғли Ғайрат Қурбонбоев давом эттирмоқда. Уч нафар фарзандни элга нафи тегадиган, хизматга шай қилиб тарбиялаган Солийбой Қурбонбоевнинг хотираси ўчмайди, тириклигида амалга оширган эзгу ишларида яшайди.

Буни байрам муносабати билан унинг оиласи  ҳолидан хабар олишга келган Маҳмуд Сейдуллаев, Ҳамро Матёқубовлар ҳам қайта-қайта таъкидлашди, фарзандларига шундай мард, жасур отаси билан бир умр фахрланиб яшашлари лозимлигини уқтирдилар.

Хонадон эгалари ушбу ташрифдан ниҳоятда мамнун бўлдилар ва собиқ касбдошининг хотирасига ҳурмат кўрсатиб келган масъулларга, касбдошларга миннатдорчилик билдирдилар.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: