"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

ЭЪТИҚОДИНГИЗ ДАPЗ КЕТМАСИН

Саҳобалар Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:

- Муҳтарам зот, эътиқод недир?

Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в) айт­дилар:

-Эътиқод - кўнгилнинг софлиги, Аллоҳга яқинлик.

Демак, инсон ўз эътиқодида собит бўлиши, кўнгил мусаффолиги билан Аллоҳга яқинлиги боис, эзгу ишларга қодир бўларкан. Эзгулик эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) даврида мусулмонлар билан Макка мушриклари ўртасида кечган можаролар, жангу жадаллар Қуръон оятлари ҳамда  ҳадисларда акс эттирилган. Бу можаро ва жангу жадалларда соф кўнгилли, Аллоҳга эътиқоди юксак, ўз Пайғамбарига содиқ мусулмонлар ислом динининг ниҳоятда одампарвар, адолатли сиёсатини ҳимоя қилиши баробарида жоҳилият тарафдорлари бўлмиш Макка мушрикларини инсофу диёнат йўлига қайтариш учун курашганлар.

Бироқ ҳозирги глобаллашув жараёнида айрим экстремистик руҳдаги кишилар Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) давридаги бу жанг ва можаролардан ўзларича таассурот олиб, тинч аҳолига ва Конституциявий тузумга қарши бузғунчилик фаолиятларини гўё мушрик ва кофирларга қарши муқаддас жанг деб ҳисоблашга уринадилар.

Агар ислом дини  қонун-қоидаларини чуқурроқ ўргансак, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг нима сабабдан мушриклар билан жанг олиб борганлигининг ўзига хос сабаб ва омилларини англаб етиш қийин эмас. Хусусан, ўша даврнинг сиёсий ва диний талабларига кўра Пайғамбаримиз (с.а.в)га Аллоҳ таоло тарафидан ваҳий орқали аниқ кўрсатмалар бериб турилган. Буни Қуръони каримнинг қуйидаги оятлари орқали билиб олиш мумкин. Яъни, ояти Кариманинг «Муҳаммад» сурасида:

«Бас (Эй, мўъминлар)! Қа­чонки сиз кофир бўлганлар билан тўқ­нашсангизлар бўйинларига урингиз» - дейилади. Демак, айнан ана шу кўрсатмаларга асосан Пайғамбаримиз (с.а.в) жиҳод ва ғазотлар уюштирган.

Қуръоннинг «Нисо» сурасида эса:

«Агар кофирлар сизлардан четланиб, сизларга қарши жанг қилмай, сулҳни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга уларга қарши чиқиб жанг қилишга йўл бермайди», - дейилган.

Бундан кўринадики, бу кўрсатма билан ундан олдинги, «Муҳаммад» сурасидаги жанг ва жиҳодга ундовчи оятларнинг ҳукми бекор қилинган, яъни мансуҳ бўлган.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг «Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири»  асарида зикр этилган ва мазмунлари шарҳ қилинган юқо­ридаги иккала оятни келтиришимиздан мақсад - ҳозирги пайтда айрим диний маълумоти ҳам, дунёвий ва сиёсий савияси ҳам паст даражада бўлган баъзи бузғунчи оқим пешволари ўзларича шаръий фатво бериш, жиҳод эълон қилиш каби ғаразли ниятлар томон қадам қўйишгача бориб етмоқдаларки, ўсиб келаётган ёш авлодни бундай ташвиқотлардан ҳар лаҳзада огоҳ бўлишга даъват этишдир.

Сабаби, бундай оқим пешволари ўзларининг Конституциявий тузумга зид ҳатти-ҳаракатларини амалга оширишдек ғаразли мақсадлари йўлида энг аввало, диний билимсиз кишиларни ўз томонларига оғдириб оладилар. Сўнгра ҳукми мансуҳ бўлган оятларни бугунги ўзгарган тарихий шароитга татбиқ қилиш ҳамда шу йўл орқали ўз ҳаракатларини амалга оширишга интиладилар. Бунингдек ғаразли ҳаракатлар барча давр­ларда энг буюк уламолар томонидан қораланиб келинган.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бугунги кунда бутун дунёни қамраб олган, миллионлаб кишилар қалбига ғулғула солиб турган терроризм балоси ҳам айнан юқоридаги каби диний ҳамда дунёвий билимлари саёз кишиларнинг билиб-билмай диний-экстремистик, бузғунчи ғояларга берилиб кетаётганлари ва диний эътиқодларининг суст­лиги оқибатидир.

Фикримизнинг далили учун «шаҳидлик» тушунчаси ҳақида бироз тўхталсак. Ислом дини аҳкомларига кўра, Аллоҳнинг ризоси йўлида фидойилик қилган, иймон-эътиқоди, ор-номуси ва Ватан озодлигини ҳимоя қилишда ҳалок бўлган, автомобиль ҳалокати, касаллик хуружи, турли табиий офат ва фалокатлар туфайли вафот этган маййитларга «шаҳидлик» мақоми берилган. Бу - мусулмон кишининг сабр-тоқати, ихлос-эътиқоди ҳамда мусибатларга бардоши эвазига Аллоҳнинг мукофоти, деб қаралган.

Ўзбекистон давлатининг дунё ҳамжамиятида тобора юксак мавқега эришаётганини кўролмаган айрим ғаламислар мамлакатимиз аҳолисига ички ва ташқи таҳдид кучлари орқали зарар етказиш, шу йўл билан хал­қимиз иродасини емириш учун турли хил бузғунчилик амалиётларини бажариб кўрдилар. Чунончи, Андижон ва Фарғона воқеалари, Сурхондарё вилоятининг Узун тумани чегараларида юз берган қўпорувчилик ҳаракатларининг барчасининг замирида халқаро терроризмнинг совуқ режаси бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. «Жиҳод», «ғазот», «шаҳидлик» тушунчалари зўр бериб миясига синг­дирилган, террористик оқим намоёндалари қўлида яхшилаб «тарбияланган», ўз миллатимиздан чиққан жиҳодчилик ҳаракати аъзоларининг қора қилмишлари туфайли қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар жабр кўргани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Аслида «жиҳод» ҳам «шаҳидлик» каби арабча сўз бўлиб, бирор эзгу мақсад йўлида бор куч-ғайратни сарф этиш, курашиш, жанг қилиш маъносини билдиради. Бироқ террористик оқим пешволари курашиш, жанг қилиш деган маънони ўз қора қилмишларига мос равишда татбиқ қилиб, гўё мусулмон дунёсини ягона ҳукм остида бирлаштириш ва халифалик барпо этиш йўлидаги кураш деб ҳисоблашга уринадилар. Лекин ислом аҳкомларига кўра жиҳод - башариятни эзгулик сари ундовчи давъатдир. Яъни, нафсни ти­йиш ҳам жиҳод, шайтон васвасасига қарши курашиш - жиҳод. Ватан озодлиги, инсоф-у иймон бутунлиги учун жанг қилиш ҳам жиҳоддир. Ҳатто ота-онага хизмат қилиш ҳам жиҳоддир.

Аммо бизнинг юксак тараққий этган асримизга келиб, бузғунчи ғоялар қурбони бўлиб, тинч аҳолининг ҳаётини бузиб, диний-экстремистик оқим пешволарининг фатвоси билан ўзларини  портлатиб, террор амалиё­тини бажариш йўли орқали минглаб бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётганлар - аслида жиноят оламида энг оғир ва асло кечириб бўлмас жиноятларни содир этган гуноҳкор, эътиқодсиз кимсалардир. Бундайларни Аллоҳнинг бандаси демоқликка ҳам тил бормайди.

Шундай экан, юртдошларимизга қарата оддий бир ҳақиқатни айт­гимиз келади:

- Атрофингизга дадил ва огоҳ боқинг, Сизга ширин сўз айтиб, моддий бойлик ва неъматлар ваъда қи­лаёт­ган кишига асло эргашмангиз. Бундай катта ваъдалар бергувчи шахс ислом дини ақидаларини бузиб талқин этиб, «жиҳод», «шаҳидлик», «ҳижоб» ёки «халифалик»лар хусусида сўз очдими, демак, соф кўнгилли одам эмас. Демак, унинг эътиқоди суст, мақсад ва ниятлари ғаразли. Огоҳ бўлинг, одамлар! Ғаразли мақсад билан орангизга суқилиб кириб олган кишиларнинг ёлғон сўзларига учиб, эътиқодингиз дарз кетмасин. Акс ҳолда диний-экстремистик оқим намоёндаларининг қўлида қўғирчоққа айланиб қолишингиз ёки террористик гуруҳ қурбонига айланишингиз ҳеч гап эмас.

Огоҳ бўлинг, огоҳ бўлинг!

 

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

Қорақалпоғистон Pеспубликасида

хизмат кўрсатган журналист.

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси.

(Фото - http://kamolot.uz)

 

Янгиликни бўлишинг: