"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

Юртимизда доривор ўсимликлар кластери ташкил этилади

Маълумки, охирги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ушбу соҳанинг кўплаб йўналишларига янгича нафас олиб кирмоқда.  Бунда кластер тизими муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу янги тизим мазкур соҳада фаолият юритувчи корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш билан бирга, уларнинг иқтисодий мустақиллигини, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

Қувонарлиси, кластер тизими қўлланилаётган соҳалар қаторига эндиликда юритимизда бой бўлган доривор ўсимликлар соҳаси ҳам киритилди. Статистик маълумотларга кўра маҳаллий флорага мансуб 4,3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 та тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 та тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 та тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинмоқда. Фармацевтика саноатининг бу йўналишидаги экспорт салоҳияти ҳам эътиборга молик. Масалан, қайта ишланган доривор ўсимликлардан олинган маҳсулотлар экспорти 2019 йилда 48 млн. АҚШ долларини ташкил  қилган. Аммо бошқа соҳалардаги сингари мазкур соҳага ҳам янгича ёндошув ва замонавий маркетинг қоидаларини тадбиқ қилиш замон талаб эди. 

Президентимизнинг “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 10 апрелдаги ПҚ-4670-сон қарори мазкур масалага тамал тошини қўйиб берди. Қарор билан 2020 йил 1 майдан бошлаб доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерлари ташкил этиладиган бўлди. Юртимиз ҳудудлари доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштирилди. Қорақалпоғистон Pеспубликаси эса Қизилмия (ширинмия) ва Оддий игр каби доривор ўсимликларига ихтисослаштирилди.

Янги тизимнинг алоҳида аҳамияти яна шунда кўринадики, эндиликда доривор ўсимликлар плантациялари ресурс тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ажратиладиган, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан барпо этилади.

Доривор ўсимликлар кластерларига ер майдонларини фойдаланишга киритишда Президентимизнинг «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5742-сон Фармонида белгиланган талабларга амал қилинади. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилиш ҳам  Президентнинг «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4422-сон қарори асосида амалга оширилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда Президентимизнинг «Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4268-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.

Қарор билан Ўзбекистон Pеспубликаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирликлари томонидан дори воситалари билан бир қаторда кимёвий дори воситаларининг организмга салбий таъсирининг олдини олиш хусусиятларига қараб доривор ўсимликларни минимум стандарт рецептларига киритиш бўйича тегишли ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилади. 2020 йилнинг 1 июндан бошлаб, тиббиёт муассасалари, шу жумладан оилавий поликлиникалар ва қишлоқ, овул врачлик пунктларида фитобарлар ташкил этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қошидаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш фонди маблағлари ҳисобидан халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибаси, кўрсатадиган хизмат турлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини шакллантириш вазифалари юклатилди.

Янгиликнинг яна бир қувонарли жиҳати 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, мактаб ва олий таълим муассасаларида фитобарлар ташкил этиладиган бўлди. Шунингдек, бу тартиб 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб босқичма-босқич барча вазирлик ва идораларда, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳамда маҳаллий аэропортларда, барча турдаги автовокзал, темир йўл вокзалларида, бозорлар, санаторий-курорт муассасаларида ҳамда бошқа аҳоли гавжум жойларда ташкил этилади.

Муҳими тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат муассасаларида фитобарлар ташкил этилганда, давлат мулки объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўлови белгиланган миқдорлари 50 фоизга камайтирилган ҳолда ҳисобланадиган бўлди. Бунда, фитобарлар вендинг автоматлари орқали ташкил қилинган ҳолларда, давлат мулки объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўловлари ҳисобланмайди.

Хулоса ўрнида шуни ишонч билан айтиш мумкинки доривор ўсимликларга бўлаётган бу янгича ёндошув нафақат соғлигимизга, балки аҳолининг тадбиркорлик фаолиятига ҳам, ишсизлар сони камайишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

М.Матюсупов, туман Адлия бўлими бошлиғи.

Янгиликни бўлишинг: