"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

Тадбиркорларга коронавирус сабабли берилаётган имтиёзлар кенг тушунтирилмоқда

Пандемия сабабли жорий этилган карантин дунёдаги барча давлатларда иқтисодий инқирозни юзага келтирмоқда. Бошқа мамлакатлар қатори коронаинқироз юртимизга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши табиий. Коронавирус туфайли келиб чиқаётган бундай оқибатларнинг имкон қадар олдини олиш чораларини кўриш мақсадида давлатимизда бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Президентимиз “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармони билан иқтисодиёт тармоқларига коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича чоралар тўпламини тасдиқлади. Бош вазир бошчилигида Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси ташкил этилди.

Туманимизда ҳам белгиланган мазкур чора-тадбирлар асосида қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик бўйича доимий равишда тарғибот, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар фаол қўллаб-қувватланмоқда. Туман Давлат Солиқ инспекцияси томонидан масъул мутасаддилар билан ҳамкорликда бу борадаги чора-тадбирларни амалга ошириш билан бирга тадбиркорларга пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш ҳамда аҳоли, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича Президент Фармонлари, унга кўра жорий этилаётган имтиёзлар ҳақида тушунчалар бериб борилмоқда.  

Айтиш жоизки, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Фармонда белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ эндиликда фуқароларга солиқ имтиёзлари ва уларни тўлашни кечиктириш имконияти тақдим этилади. Шунингдек, 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилади. Бундан ташқари, жисмоний шахслар томонидан мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 15 апрелдан 15 октябрга қадар узайтирилади.

Солиқ инспекцияси масъуллари тумандаги озиқ-овқат ва рухсат берилган бошқа маҳсулотлар савдо-сотиғини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар, ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари эгаларига Фармонга мувофиқ берилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар бердилар. Уларга иқтисодиёт, айниқса, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича йил охиригача солиқ аудитига мораторий ўрнатилганлигини, юридик шахсларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича 6 ойга кечиктириш, яъни бўлиб-бўлиб тўлаш тақдим этилганлигини, шу йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ 50 фоизга қадар, яъни 223 минг сўмдан 111,5 минг сўмгача камайтирилганини маълум қилишди.

Глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини камайтириш бўйича қабул қилинган Президент Фармонига кўра қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга пасайтирилади. Шунингдек, 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилади. Экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича тадбиркорларга нисбатан жарима санкцияларини олдини олиш учун форс-мажор ҳолатлари келиб чиққанлиги ҳақида расмий хабарнома эълон қилинади. Тадбиркорларга йиллик умумий экспортга нисбатан 10 фоиздан ошмаган муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, кафолатланган тўловни таъминламасдан товарлар экспортини амалга оширишга рухсат берилади.

Туман Солиқ инспекцияси масъуллари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланиши тўхтатиб турилишини, солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмаслигини ҳам маълум қилишди. Шу қаторда солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларига ташриф буюрмасдан солиқ мажбуриятларини бажариши учун уларга масофадан хизмат кўрсатишни кенгайтириш чоралари кўрилаётгани ва бошқа берилаётган шу каби имтиёзлар ҳақида маълумотлар беришди.

Тадбиркорлар солиқ инспекцияси масъулларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, батафсил тушунчаларга эга бўлдилар.

О. Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: