"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

ҒЎЗАНИ БИPИНЧИ ОЗИҚЛАНТИPИШ, КУЛЬТИВАЦИЯ ИШЛАPИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ғўза ниҳоллари униб чиққанидан кейин биринчи культивация ишлари бошланади. Культивация тупроқдаги намликни камайтириб, униб чиқмаган ниҳоллар тезлик билан униб чиқишини, тупроқ орасида ҳаво яхши айланишини, ўсимлик илдизи яхши ривожланишини таъминлайди. Бунинг натижасида ниҳоллар ўсиши жадаллашади.

Шу билан бирга ғўзани ўсиш даврида ўғитлаш, озуқа моддалар билан етарли даражада таъминлаш,  минерал ўғитни ниҳоллар яхши ўзлаштирилиши учун озиқ моддалар илдиз ўсиш қатламига яқин солиниши зарур. Бунда культивация жараёнига алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга. Ерга ўз муддатида барака уруғини қадаган туманимиздаги барча фермер хўжаликлари айни кунларда чигит униб чиққан майдонларда ғўзани биринчи озиқлантириш, ғўза қатор ораларини культивация қилиш ишларини бошлаб юбордилар.

Тумандаги Йўлдош Ўрозбоев номли муқобил машина трактор парки хизмат кўрсатувчи фермер хўжаликлари пахта майдонларида ҳам кўчатлар текис униб чиқишига эришилди. Айни пайтда культивация ишлари қизғин олиб борилмоқда. Хўжалик ишчилари мавжуд ва яратилган имкониятлардан фойдаланиб, иш унумини оширишмоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, туманда 2020 йил ҳосили учун 362 та фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 15 минг 250 гектар майдондан 34 минг 900 тонна пахта хом-ашёси етиштириб бериш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Амударётекс” хорижий корхонаси кластери ўртасида контрактация шартномалари тузилди. Бу йилги ҳосил учун чигит экиладиган майдонларнинг 3 минг 350 гектарига пахтанинг “С-47-27” нави, 8 минг 985 гектарига “Султон” нави, 2 минг 915 гектарига янги навдаги уруғлик чигит экилди.

Мазкур майдонларнинг 9 минг 650 гектарида қатор ораси 60 сантиметр бўлган схемада, 5 минг 600 гектарида эса қўшқатор усулида экилди. Чигит экиш ишларини оптимал муддатларда амалга ошириш мақсадида туманда 65 та отряд ташкил этилди. Ушбу отрядларга тажрибали мутахассислардан бошчилар тайинланиб, зарур техника ва механизмлар бириктирилди.

Униб чиққан ғўза майдонларида агротехник тадбирларни сифатли ўтказиш мақсадида 90 та отряд ташкил этилиб, тумандаги мавжуд 365 та культиваторлар жалб қилинди. Биринчи культивация билан бирга ҳар бир гектар майдонга 150 килограмм аммиякли селитра минерал ўғити сарфланиб, озиқлантирила бошланди. Механизаторларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида дала бошларида 16 та кўчма механизаторлар уйлари ташкил этилиб, барча шарт-шароитлар яратилди. Мавсум давомида культиваторларнинг фақат “отряд” ва “наряд” усулида ишлаши таъминланади ва шу билан бирга ҳар битта отрядга ёнилғи мойлаш маҳсулотларини етказиб берувчи техникалар, кўчма устахоналар ташкил қилинди.

Далалардаги культивация жараёнида ҳар бир культиваторга ўртача 42 гектардан ер майдони тўғри келаётганлиги сабабли мазкур тадбирларни 10-12 кунда сифатли якунлаш режа қилинган.  Мазкур йилги ҳосил учун ғўза майдонларида ўтказиладиган агротехник тадбирлардан бири бўлган биринчи культивацияни сифатли қилиб ўтказиш мақсадида фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, отрядларга 365 нафар механизаторлар, 18 нафар фермерларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ходимлари, 18 нафар “Агрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти ходимлари, 18 нафар тижорат банклари ходимлари жалб этилди.

Фермерларимиз мана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ҳосилга ҳосил қўшиш ҳаракатида меҳнат қилишмоқда. Зеро, агротехник тадбирлар самарадорлигини ошириш, ғўза қатор ораларига кераклича ишлов бериш каби муҳим вазифалар ўз вақтида амалга оширилса, мўл ҳосил тўпланиб, баланд хирмон яратилади. Бунинг натижасида давлатимизнинг иқтисодий қудрати янада юксалади.

Озода Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: