"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

Туман марказида вақтинчалик бозорлар фаолият юритмоқда

Aйни кунларда бутун мамлакатимизда коронавирус эпидемияси кенг тарқалишининг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар янада кучайтирилмоқда. Бу борада туманимизда ҳам жадал ишлар қилинмоқда.

Амударё туманида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишда тегишли давлат ва жамият бошқарув органлари ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш мақсадида туман ҳокимининг махсус қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан Амударё тумани ҳудудида карантин даврида автомототранспорт воситалари, велосипед ва скутерларнинг ҳаракатланишини вақтинчалик тўхтатилди. Қолаверса, инсонлар бир жойга тўпланишининг олдини олиш, касалликнинг тарқалиш занжирини бартараф қилиш мақсадида Манғит Деҳқон бозори вақтинча ёпилиб, шаҳар ҳудудида алоҳида вақтинчалик бозорлар ташкил қилинди.

Мазкур бозорларга ҳудудий жиҳатдан бир-бирига яқин жойлашган овул маҳаллалар аҳолисига хизмат қилади. Манғит шаҳридаги Хотира майдони олдида ташкил қилинган бозор шаҳарнинг Чордара, Бойовул, Дурунки маҳаллалари ва Ўрта қалъа овулидаги Боғ маҳалласи аҳолисининг узоғини яқин қилмоқда.

Айтиш жоизки, бозорлар фаолияти санитария талаблари асосида йўлга қўйилган бўлиб, сотувчилар учун махсус ўриндиқлар билан таъминланган.бозорга келувчи харидорлар учун ҳам санитария талабларига асосан шароитлар яратилган.

Амударё тумангаз филиали биноси ён томонидаги болалар спорт майдончасида ташкил қилинган бозор тумандаги Олмазор, Гулзор, Беруний маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатади. Шунингдек, 1-сонли мактаб ўйингоҳида ташкил қилинган бозордан эса Ойбек, Бўстон, Навоий номли маҳаллалар ҳамда Aмир Темур овули аҳолиси кундалик эҳтиёж молларини харид қилишлари мумкин.

Таъкидлаш керакки, аввало бундай бозорлар ташкил қилинишда аввало коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш, касалликнинг одамдан одамга юқиш эҳтимоллигини камайлитириш назарда тутилган. Қолаверса, карантин даврида автотранспорт воситалари қатновига чекловлар ўрнатилгани ва жамоат транспорти тўхтатилгани боис одамларнинг шаҳар марказидаги бозорга қатнашида юзага келадиган қийинчиликларнинг олди олинмоқда. Юртдошларимиз эса ўз маҳаллалари ҳудудида, хонадонларига яқин жойда бозорлар фаолияти йўлга қўйилганидан хурсанд бўлмоқда.

Шундай бозорлардан бири "Сапарбой ота" тўйхонаси орқа тарафидаги ўйингоҳда ҳам ташкил қилинди. Мазкур бозордан Манғит шаҳридаги Дўстлик, Янгиобод, Фаровон маҳаллалари ҳамда Тошёп овули аҳолиси ўзлари учун зарур бўладиган кундалик эҳтиёж молларини ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, шаҳардан олис, чекка ҳудудларда ҳам аҳоли учун тадбиркорлар томонидан кўчма бозорлар ташкил қилинмоқда. Бозорларда аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган барча турдаги маҳсулотлар мавжуд бўлиб, санитария-гигеник талабларга тўла жавоб беради.

Бундай чора-тадбирлар мамлакатимизда жорий қилинаётган карантин қоидалари бузилишининг олдини олишга ҳамда мазкур вазиятда қоидаларга қатъий риоя қилинишига хизмат қилади. Юртдошларимиздан ўрнатилаётган тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда, ўзларига яқин жойларда ташкил қилинаётган бозорлардан маҳсулотлар харид қилишларини ҳамда зарурат бўлмаганда кўчага чиқмай, уйда қолишларини сўраган бўлар эдик.

Чарос АPСЛОНОВА.

Янгиликни бўлишинг: