"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

“Агробанк” кўчатлар етказиб берди

Коронавирус пандемияси туфайли бутун дунёда жорий этилган карантиннинг мамлакатимизда ҳам давлат иқтисодиётига, барча соҳалар ривожига салбий таъсири намоён бўлмоқда. Бундай шароитда иқтисодий барқарорликни сақлаш, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли бандлиги, даромадини оширишнинг муҳим манбаи сифатида айни пайтда томорқачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, бугунги қалтис вазиятда томорқадан унумли фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан депутатлар иштирокида бўлиб ўтган видеоконференция тарзидаги йиғилишда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашишда карантин шароитидан келиб чиққан ҳолда аҳоли хонадонларида томорқадан самарали фойдаланиш борасида тарғибот ишларини олиб бориш масалалари муҳокама қилинди. Аҳолига зарурий тавсия ва кўмак бериш, бу орқали эса рўзғорининг бутлигига эришиш, уй шароитида томорқасидаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, бандлигини таъминлаш бўйича чоралар ишлаб чиқилди.

Туманимизда ҳам бу борада тегишли тадбирлар йўлга қўйилиб, амалга оширила бошланди. Белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш ва карантин туфайли марказ бозорларига келиб-кетишига чеклов қўйилган чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига сабзавот ва полиз экинлари уруғлари, кўчатлар етказиб бериш мақсадида “Агробанк” тижорат банки туман филиали томонидан кўчма дўкон ташкил этилди. Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда дезинфекцияланган машиналар аҳоли талабларидан келиб чиқиб, 15 турдаги сабзавот ва полиз экинларининг уруғликлари, 9 турдаги кўчатларни етказишни бошлади.

Кўчма дўконлар орқали етказиб берилаётган уруғликлар сифатлилиги, бозорга нисбатан нархининг арзонлиги билан аҳолига жуда манзур бўлмоқда.

16 апрель куни Қанги овулига ҳам ушбу кўчма дўкон орқали аҳоли томорқалари учун ҳар хил навдаги 220 қути ва 300 дона помидор кўчатлари,  350 дона бодринг, 200 дона карам, 350 дона қовун-тарвуз, 150 дона ҳандалак, 150 дона гурвак қовун кўчатлари, 150 қути булғор қалампири, 120 қути бақлажон кўчатлари ҳамда 50 пачкада ҳар хил уруғликлар етказиб берилди. Овул аҳолиси ноқулай об-ҳаво туфайли нобуд бўлган экинлари ўрнига кўчириш ва экиш учун айни пайтда зарур бўлган сифатли уруғлик ва кўчатларни арзон нархларда сотиб олишди. Карантин пайтида касаллик тарқалишининг олдини олиш, ўзларининг уйда қолишларини таъминлаш, оғирини енгил қилиш, қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган ушбу имконият учун аҳоли ташаббускорларга, туман мутасаддиларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Туманимиз чекка ҳудудларида жойлашган овуллар аҳолисида томорқадан унумли фойдаланиш, имкон қадар кўп даромад олиш борасида ўзига хос тажриба тобора шаклланиб бормоқда, десак асло муболаға бўлмайди. Бу борада Қиличбой, Ҳолимбег, Дўрман, Тўлқин, Оқ олтин ва Уйшин овуллари аҳолисининг томорқаларида амалга оширилаётган ишлар, ташкил этилаётган иссиқхоналар, етиштирилаётган сабзавотлар, мевали ва мевасиз дарахтлар кўчатлари ва яратилаётган боғларни ибрат қилиб кўрсатса арзийди. Аҳолининг кўпчилик қисми томорқасини даромад манбаига айлантириб, яшаш шароитини яхшилашга, турмушини обод қилишга эришди. 

Ер юзида ҳукм сураётган айни таҳликали шароит сабаб ўрнатилган карантин тартиби ва чекловларига амал қилиб келаётган туманимиз аҳолиси шу кунларда ҳам ён-атрофдагиларга ўрнак бўлиб, экин майдонини обод этишмоқда. Эрта баҳорда экилган ва униб чиққан сабзавот ниҳолларини об-ҳаво инжиқликларидан ҳимоя қилиб, яхши кунлар умидида парвариш қилишмоқда. Кўчма дўкон орқали аҳолига уруғлик ва кўчатлар етказиб бериш хизмати ҳам томорқаларида экиш мавсуми тугагунга қадар давом эттирилади.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: