"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

Вирус ўқувчиларимизнинг таълим олишига тўсқинлик қила олмайди

Коронавирус пандемияси бутун дунёда таълим олиш тарзини ўзгартириб юборди. Мазкур ўзгаришлар шубҳасиз, бир қанча  ноқулайликларни келтириб чиқарди. Бироқ пандемия таълим соҳасидаги янги инновацияларга сабаб бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Pеспубликасида ҳам карантин даврида ўқувчиларнинг таълим олишига жиддий эътибор қаратилди ва Ўрта Осиёда биринчилардан бўлиб масофавий таълим тизими жорий қилинди.

Таълим муассасаларининг фан ўқитувчилари карантин даврида ўқувчилар билан масофадан интернет тармоқлари орқали мулоқотни йўлга қўйдилар. Ўқитувчининг бу жараёнда бажарадиган қатор вазифалари мавжуд. У телевидение орқали намойиш қилинаётган онлайн дарслар ҳақида мунтазам равишда ўқувчи ва ота-оналарни хабардор қилиб бориши керак. Шунингдек, телеграм каналида тузилган гуруҳлар орқали ўқувчиларга телевизион дарсда ўтилган мавзу юзасидан қўшимча тушунтириши, саволларга жавоб бериши ва телевизион дарсда берилган уй вазифаларни бажаришга кўмаклашиб боради.

Телеграм мессенжери мавжуд бўлмаган ота-оналар ва ўқувчиларга  уяли телефон орқали қўшимча тушунтириш ишларини ташкил этади ҳамда шу орқали баҳолаб боради. Синфлар кесимида ташкил қилинган канал, яъни гуруҳларни бошқариб боришни  ўқув ва тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари назорати остида синф раҳбарлари амалга оширади. Телевидение орқали ташкил қилинган онлайн дарс мавзулари бўйича фан ўқитувчилари қўшимча маълумотлар бериб боради, ўқувчи қизиқишига қараб, улар билан якка тарзда ҳам ишлайди.

Айни пайтда таълим тизимида йўлга қўйилган бу тарздаги усулда туман Халқ таълими бўлимига қарашли 55-сонли умумий ўрта таълим мактаб томонидан ҳам дарслар давом эттирилмоқда. Мактабимиз ўқувчилари таълимдан четда қолмасликлари учун юқорида айтилган вазифалар асосида ишлар ташкил қилинди. Шуни айтиш жоизки, бу ҳам ўз навбатида ҳар бир ўқитувчидан катта  масъулият талаб қилади. Ана шу масъулиятни ҳис қилган ҳолда мактабимиз ўқитувчилари ҳар бир ўқувчини эътибордан четда қолдирмасдан, билим олишига амалий ёрдам бериб келмоқда. Бу ишларнинг самарали ташкил этилишида ота-оналарнинг кўмаги муҳим аҳамият касб этади. Сабаби боланинг бўш вақтини назорат қилиб бориш ва режали ишларга жалб қилиш катталар назоратида амалга оширилиши лозим.

Масофавий ўқитиш усули анъанавий таълим шаклларидан фарқ қилади. У ўқувчиларни ўзига қулай вақтда, жойда ва шароитда ўқитиш имконини бериб келмоқда.

Баҳодир Утабоев, 55-сонли мактаб ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: