"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

АМУДАPЁДА ЧИГИТ ЭКИШ ИШЛАPИ ҚИЗҒИН ОЛИБ БОPИЛМОҚДА

Меҳнаткаш халқимиз учун ҳар йили баҳор фасли турли синовлар билан кечади. Баъзан табиат инжиқликлари, сел-у ёмғирли кунлар меъёрдан ошиб кетса, баъзан акси – қурғоқчилик деҳқоннинг  иродасини синовдан ўтказади. Бу йил эса...
Баҳорнинг эрта келганидан қувониб, катта-катта, салмоқдор режалар тузган бободеҳқон мисли кўрилмаган синовга рўбарў келди. Бутун дунё халқларини зир титратган коронавирус пандемияси туфайли 23 мартдан мамлакатимизда карантин ҳолатининг жорий қилиниши туфайли экин-тикин ишларини олиб боришда ўта эҳтиёткорлик билан ёндашишни тақозо этмоқда. Хусусан, экиш мавсумида иштирок этадиган ҳар бир ишчи, муҳандис-техник ходимларнинг саломатлигини муҳофаза этиш мақсадида уларни зарур тиббий буюмлар, антисептик воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор берилди.

Аввало, чигит экиш мавсумига пухта ҳозирлик  кўрилиб, 65 та отряд тузилди. Мазкур отрядлар ихтиёридаги 211 дона сеялка агрегатлари мавсумга тахт қилиб қўйилди. Айни кунда туманимиз бўйича 64 та отряд чигит экиш ишларида тўла қувват билан иш олиб бормоқда. 156 та сеялка агрегати кунлик режада белгиланган гектарларда самарали ишлатилмоқда.

Бу йилги мавсумда туманимизда 362 та фермер хўжаликлари тасарруфидаги умумий 15 минг 250 гектар майдонга  чигит экиш режалаштирилган. Шундан 9650 гектар майдонга 60 см кенгликда ва 5600 гектар майдонга қўшқаторлаб чигит экилади. Бунинг учун 1100 тонна сифатли уруғлик чигит тайёрлаб қўйилди. Ерларни экишга тайёрлашда қатнашаётган 149 та техникадан самарали фойдаланилаётгани туфайли кунига 1016 гектардан, мавсум бошидан эса 14 апрель ҳолатига режадаги 7107 гектар ўрнига 8143 гектар ер чигит экиш учун тахт қилиб қўйилгани  учун иш суръати юқори бўлмоқда.

Айни кунгача туманимиз фермер хўжаликлари  далаларига кунига 813 гектар майдонга сифатли барака уруғи қадалмоқда. Туманимиз бўйича мавсум бошидан бери салкам 6000 гектар  ерга чигит экилди. Бунинг учун кунига 58,5 тоннадан, мавсум бошидан бери жами 409,9 тонна уруғлик чигит сарфланди.

Мавсум юмушлари Хитой овулидаги “Қаҳрамон Ўрозимбетов” фермер хўжалиги далаларида уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Мазкур фермер хўжалиги деҳқонлари бу йилги мавсумда 67 гектар ерга чигит экишни  режалаштиришган.  Хўжалик ерлари 34 нафар ижарачига бўлиб берилгани туфайли барча майдонлар ўз вақтида қондириб суғорилди. Тобига келган далалар пешма-пеш ҳайдалиб, чигит экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бунда ТТЗ-100 русумли трактор ҳайдовчиси  Замир Собиров ва сеялка агрегати кузатувчи ишчиси Ойбек Отамуродовларнинг меҳнати таҳсинга лойиқ. Чигит экиладиган  қаторларнинг тўғри сифатли бўлиши, чигитнинг уяларга аниқ ва бехато тушиши тракторчи билан сеялка агрегати ишчисининг маҳоратига боғлиқ. Агрегатга уруғлик чигитни етказиб беришда эса Хуршид Абдуллаевнинг хизмати катта бўлмоқда. Мазкур фермер хўжалигининг 18 гектар майдондаги кузги буғдойи ҳам мўл ҳосил нишоналарини кўрсатиб, баравж ўсмоқда.

***

Дўрман овулидаги “Маъмура Махсад” фермер хўжалиги деҳқонлари ҳам чигит экиш ишларини аниқ ва пухта режа асосида ташкил этганлари боис, бу борадаги барча юмушлар рисоладагидай олиб борилмоқда. Мавсумда 70 гектар майдонга чигит экишни режалаштирган хўжалик деҳқонлари айни кунларнинг  ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланмоқдалар. Фермер хўжалиги раиси Каримбой Холмуродов раҳбарлигида иш олиб борган 25 нафар ижарачи-деҳқонлар зиммаларидаги баҳорги агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажарганлари боис, экин-тикин ишлари жадал бошлаб юборилди.

Айни кунларда хўжалик далаларида чигит экиш уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Тракторчи Худойберган Pажабов, сеялка агрегати кузатувчи ишчилари Хайрулла Хўжамуродов ва Шокир Бозорбоевлар кунлик иш унумининг юқори бўлишини таъминлашмоқда.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: