"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари туман ҳудудидаги аҳоли томорқалари ҳолати билан танишди

Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш борасидаги ишларни ўрганиш мақсадида туманимизга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари  ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитов ташриф буюрди.

Кенгаш раиси Актам Ҳайитов ҳамда кенгаши ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори Тўлқин Сатторовлар Қорақалпоғистон  фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Қуаниш Нуримбетов, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Соғиндиқ Турманов, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Илҳом Полвоновлар ҳамроҳлигида ҳудуддаги аҳоли томорқалари ҳолати билан танишди.

Туманда жами 32570 нафар томорқа ер эгалари мавжуд бўлиб, уларда 5217,3 гектар экин ерлари мавжуд. Бу йил баҳор мавсумида 4339,2 гектар ер майдонларига эртаки экинлар экиш режалаштирилган. Аҳоли томорқаларида 2020 йил ҳосили учун жами 878 гектар август-сентябр пиёз ва саримсоқ пиёз, 233 гектар кузги бошоқли дон экинлари экилган. Шунингдек, “Амударё томорқа хизмат” МЧЖ томонидан томорқа ер эгаларининг экин ерларига мотокультиваторлар, кимёвий ишлов бериш, минерал ўғитлар, уруғлар, мевали дарахт кўчатлари етказиб бериш йўлга қўйилган.

Айтиш жоизки, Президент Ш.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида парламент аъзоларидан иборат Ишчи гуруҳи тузилган эди. Эндиликда ҳудудлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги шароити оғир бўлган туманларда экинлар экилиши аҳволини ҳар ойда Ишчи гуруҳ аъзолари бўлган депутатлар ва сенаторлар томонидан ўрганилади, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилади.

Коронавирус пандемияси келтириб чиқараётган инқирозга қарши курашиш шароитида аҳолига томорқаларидан самарали фойдаланишларига ҳар томонлама кўмаклашишни йўлга қўйиш мақсадида туманимизга ташриф буюрган масъуллар Қиличбой ва Дўрман овулларидаги аҳоли томорқаларининг экилиш ҳолати билан танишиб чиқди. Масъуллар Бўз солма маҳалласида яшовчи Ботир Арабовнинг томорқа ер майдонида бўлиб, унинг 50 сотих томорқа ери мавжудлигини, 2 сотихли иссиқхонаси борлигини, томорқада ҳар хил сабзавотлар ва бошқа полиз экинлари экилганлигининг гувоҳи бўлишди. Ташриф давомида масъуллар ўз томорқасидан самарали фойдаланаётган Қорамон маҳалласидаги Янгибой Султоновнинг 40 сотихдан иборат ер майдонининг 4 сотих қисмида иссиқхона ташкил қилганлигини, 10 сотихга яқин ерда мевали боғ барпо этганини ва ҳар хил сабзавотлар, полиз экинлари экилганини кўриб, уни янада ривожлантириш бўйича йўл-йўриқлар бериб ўтдилар. Шу маҳаллада яшовчи Норимбат Ўрозматовга ҳам томорқасидаги 40 сотихга яқин узумзор боғни кенгайтириш бўйича керакли маслаҳатлар бердилар.

Масъуллар Боғ маҳалласи ҳудудидаги “Ўрта қалъа чорвадори” агрофирмаси раҳбари Эркин Pасулов билан ҳам учрашишди. Агрофирма раҳбари Эркин Pасулов асаларичиликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан 1 млрд. 200 млн. сўм кредит олган бўлиб, ҳозирги кунда асалари уяси 1000 тага етказилди. Шунингдек, 30 нафарга яқин ёшларни иш билан таъминлаган. Ишчи гуруҳ аъзолари агрофирма томонидан амалга оширилаётган ишлар, шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммо ва камчиликлар билан қизиқдилар.

Ишчи гуруҳ аъзолари туман масъулларига аҳолига ўз томорқасидан самарали фойдаланишда ҳар томонлама кўмаклашиш, экинлар экилиши аҳволини мунтазам ўрганиб боришни йўлга қўйиш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўриб бориш, кам таъминланган ва қаровчиси йўқ оилаларга илғор фермерлар бириктириш, томорқа ерларига ишлов бериш, экин экиш ва парваришлаш бўйича ёрдамлашишни  ҳам тавсия қилдилар.

О. Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: