"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

БАPКАМОЛ ФАPЗАНД - ҲАЁТ ШАМЧИPОFИ

Оила – у қандай масканки, бор вужудимиз билан унинг бағрига интиламиз. Ота-она, фарзандлар меҳри билан чароғон оила давраси биз учун ҳамма жойдан кенг, файзли. Бу даврада ўзимизни қушдай енгил, ниҳоятда эркин ҳис қиламиз. Бошқа ҳеч бир жойда оила даврасидагидек самимият, меҳр-муҳаббат, хотиржамликни топа олмаймиз. Яқинларимизнинг чеҳралари иссиқ, тафтли. Ана шу тафт бизга куч беради, эзгуликларга, яхшиликларга томон чорлаб туради. Биз шунинг учун Оиламизга интиламиз, ундан маънавий қувват оламиз. Энг эзгу орзуларимиз оилада туғилади, оила мадади билан амалга ошади. "Ўрта қалъа” овулида истиқомат қилувчи ибратли оила соҳиби, уч марта муборак Ҳаж амалини адо этган Абдукарим ҳожи бобо Тўраев билан суҳбатимиз айнан шу хусусда, оила  маънавияти, инсоннинг шаклланишида, соғлом бола тарбиясида оиланинг тутган ўрни, оилавий тадбирлар, урф-одат ва анъаналар мавзусида бўлди.

- Ҳожи бобо, аввало таҳририятимизга хурмат-эътибор кўрсатиб, муштарийларимиз билан газета орқали суҳбатга чоғланганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

- Аллоҳ барчаларимизни ўз паноҳида асраб, қадамларимизни, яхши аҳд ва ниятларимизни хуш кўрсин.

- Ҳожи бобо, оила ҳақида кўп гапирамиз. Оила маънавияти ва оила аъзоларининг  масъулияти хусусида гап кетганда кўпчилик "Бу ҳар кимнинг ўзининг иши”, - деб қарашади. Шу тўғрими?

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Аввало оиланинг ўзи инсон учун энг олий мукофот эканлигини билишимиз керак. Қораверса, оила – икки кўнгилнинг бир-бирига самимияти, шаръий ва расмий жуфтлиги асосида қуриладиган муқаддас бирлик. Инсон ана шу масканда туғилади, улғаяди, шаклланади. Оиланинг маънавий қиёфаси оила аъзоларининг қай даражада шаклланиб, такомилга етиши билан белгиланади. Халқимиз бежизга: "қуш уясига қараб учади”, "қуш уясида кўрганини қилади”, "отага қараб ўғил, онага қараб қиз ўсар”, каби ҳикматлар маржонини яратмаган. Қайсики оилада ота-она тарбияли, ахлоқий жиҳатдан ибратли бўлишса, бу хонадонда туғилган фарзандлар гўзал хулқ-атворли  ҳам жисман, ҳам маънан соғлом бўлиб вояга етадилар. Бундай оиланинг маънавий қиёфаси албатта ҳавасга лойиқ бўлади.

Оила  аъзоларининг масъулиятига келсак, бу – ҳар кимнинг ўзининг иши бўлиши мумкин. Лекин бу масалага юзаки қараш  бўлади. Чунки оиланинг ҳар бир аъзоси – жамиятнинг аъзоси – мамлакат фуқароси. Демак, ўз-ўзидан кўринадики, оиланинг тинч-хотиржамлиги – том маънода  мамлакат фуқароларининг тинчлиги, осойишталиги. Шунинг учун оилани Ватан ичра мўъжаз Ватан, деб ардоқлаймиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, Оила бахт-саодати учун қўядиган ҳар бир қадамимиз она Ватан равнақи йўлидаги эзгу мезонлар билан ўлчанади. Зиммамиздаги масъулият замирида наинки оила, балки Ватан тинчлиги, фаровонлиги, ободлиги мужассам. Оиланинг маънавий қиёфаси ана шундай моҳиятларда акс этади.

- Ёшлар билан бўлган мулоқотлардан бирида: "Оила ҳаётига четдан аралашувлар жуда кўп бўлади, айниқса катталар...”, – деган фикр айтилди.

- Оила – муқаддас қўрғон. Оила ҳаёти эса жамият – маҳалла-кўй, эл-улус, қариндошлар ҳаёти билан узвий равишда кечадиган мураккаб жараён. Шу боис, бу муқаддас қўрғоннинг дахлсизлиги учун энг аввало оила соҳиб ва соҳибалари – эр-хотин, уларнинг ота-оналари, яқинлари, шу баробарида жамият фаоллари ҳам масъул. Ота-она олдида билағонлик қилиб, ўз фикрини  ўтказишга интиладиган ёшлар бу ҳаракати билан ўзларининг одобсиз эканликларини билдириб қўйишади. Ҳаётимиздан бир мисол келтирай: бир тўйда бўлдик. Ўғлини уйлантираётган отанинг олдига куёвлик сарпосини кийган ўғил келиб тиз чўкди:

- Келинни олиб келишга кетаяпмиз, фотиҳа беринг, ота, - деди ўғил. Ота ўғлини узоқ дуо қилди. Яхши ниятларга биз ҳам қўшилдик. Сўнгра ота ўғлига юзланиб:

- Болам, тўйхонага вақтида келинглар, халқ кутиб қолмасин, - деди.

Ўшанда, худо ҳаққи, ҳозирги ёшлар тўйхонага айтилган вақтда келадими, отанинг сўзи синадиган бўлди, деган ўй кечди хаёлимдан. Лекин ёшлар ўз вақтида тўйхонага кириб келишди. Ҳамма тўйга айтилганлар жамулжам. Ҳамма хурсанд. Кўпчилик ҳайрон: "булар гулянка қилишмайдими?” – дегувчилар ҳам топилди. Энг муҳими, барчанинг кўнглидаги тўй бўлди. Дастурхонда турли ноз-неъмат бисёр, лекин спиртли ичимлик йўқ. Атлас кўйлакда ял-ял ёниб турган келиннинг саломидан кўнглимиз яйради. Ҳамма ёшларни дуо қилди, ҳавас қилганлар бисёр бўлди. Менинг айтмоқчи бўлганим, бу оилада маънавий соғломлик ҳоким. Ота амр этди, ўғил  бажарди. Ахир ота яхши ниятларини қўшиб  амр қилди ўғлига. Вақтида кел, деди холос. Бу – буйруқ эмас, балки, бу отанинг эзгу нияти, муроди, ўғлига яхшиликни раво кўргани. Ўғилнинг эса оилага, ота-онага ҳурмат ва эҳтироми. Кўрдингизми, ана шу оилада тартиб бор, интизом бор. Ҳурмат ва бир-бировга эътибор бор. Ана шу тамойилларга монанд маънавий гўзал ҳаёт бўлади бундай оилада. Бу оила ҳаётига катталарнинг аралашуви эмас, балки катта билан кичик ўртасида меҳр-оқибатнинг барқ уриб тургани.

Қандай оилага четдан аралашилади? Ота болани, бола отани тушуна олмайдиган,  маънавий муҳит издан чиққан, носоғлом оилалар ҳаётига катталар ҳам, жамият фаоллари ҳам аралашишга мажбур бўлишади.

- Тўғриси, шу тўйларимизда тўй эгалари - оила соҳибларининг ҳам, ўша оиланинг ҳам маънавий қиёфаси "ярқ” этиб кўзга ташланмайдими?

- Ҳақ гапни айтдингиз, қизим. Тўй-маросимларимизда оилаларимизда шаклланган гўзал урф-одатларимиз, ўзбекона  тутумларимиз акс этиб туради. Биров ўзининг бойлигини кўз-кўзлаш учун тўкиб-сочади. Яна биров орзу-ҳавас деса, қўли қисқароқ оила соҳиблари қарз-ҳавола эвазига "тўкилади”. Ота-боболаримиз: "кўрпангга қараб оёқ узат”, "қўшнингга эмас, ўз ҳамёнингга (манғитчасига ўнгишиғингга) қара”, - деб бежиз айтишмаган. Бойликни бировга кўз-кўзлаш ғариб кўнгилнинг устидан кулиш, деган гап. Муқаддас динимизда қанчалик ошиб-тошиб турсанг ҳам, ғариб кўнгилларни ранжитадиган иш қилишдан қайтарилади. Бир кунлик тўйда исрофгарчиликни чандон ошириб, гуноҳга ботгандан кўра, шу бойликнинг  озгина улушини муҳтож бир инсонга эҳсон қилинса, бунинг савоби ўн чандон юқори бўлади. Аллоҳнинг неъматларини исроф қилишлик – энг оғир гуноҳ ҳисобланади. Қолаверса, ўзи йиққан мол-давлатини тўкиб-сочиб, исроф қилгувчилар маънавий қашшоқ одамлардир. Аслида тўй бир-бирини умр йўлдошликка танлаган икки кўнгилнинг жуфтлашганлиги – никоҳланганлигини жамиятга бил-дирувчи оилавий маросим. Яқинлар – ота-она, туғишганлар, ошна-ёр-дўстлар даврасида ўтказиладиган хурсандчилик. Бу шодиёна сўнгги йилларда анчагина қолипдан чиқиб кетмадимикан? Сабаби, тўрт-беш кунлаб тўй тадоригида юрадиган бўлдик. "Эшик очар”, "фотиҳа тўйи”, "ўнг бўлсин”, "сийноқ”, "кенгаш”, "қиз йиғин”, "қўноқ куни”, "иш буюрар”, "қуда чақириқ” каби катта-кичик тўй олди ва тўйдан кейинги маросимларнинг ҳар бири кичикроқ бир тўй тусини олаётир. Тўй берувчи то шу маросимларни ўтказиб бўлгунча чарчаб, баъзи ҳолларда касал бўлиб қолади. Айтмоқчиманки, тўйларимиз билан боғлиқ барча маросимларнинг 70 фоизи ортиқча. Фақат "фотиҳа тўйи”, "ўнг бўлсин”, "сийноқ” ва "кенгаш” каби маросимлар учун кетган харажатнинг ўзига ёш оилага ҳеч бўлмаганда 4-5 хонали иморатнинг пойдевори (фундаменти)ни қуриш мумкин.

Бу ўзимизга-ўзимиз панд беришми ёки оила иқтисодини издан чиқаришми? Менимча ҳар иккаласиям. Демоқчиманки, бировга Аллоҳ бойликни синаб, бировга  сийлаб беради. Бугун бор нарса, эртага йўқ бўлиши мумкин. Энг катта бойлик сабр ила қаноатдир. Қаноатли, камтар, кенг феълли, тежамкор бўлганлар Аллоҳга яқин, маънавий баркамол инсонлардир. Қуръони Каримнинг "Исро” сураси, 26-оятида: "... исроф қилувчилар шайтоннинг "биродарлари”дир”, - дейилади ва мўминлар исрофгарчиликдан қайтарилади. Ҳадиси-шарифларда эса: "Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди”, - деб таъкидланади. Сўзимни мухтасар айтадиган бўлсам, оилаларимизда тежамкорлик, камтарлик, сахийлик, тадбиркорлик каби гўзал фазилатларга амал қилинса, жамиятимиз ҳам янада гўзал ва обод бўлиб бораверади.

- Бир оилада бўлдик, икки қайнона, икки қайноталик бу хонадонни оиланинг кекса соҳиби - бобо бошқараркан. Келинлар, фарзандлар, невара-чевараларнинг аҳиллигидан кўнгил яйрайди. Неварали бўлиб қолган ўғил, Манғит қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Азимбой Сафарбоев ҳамон ота-онаси олдида бош эгиб туради. "Ўзимнинг фикрим бор”, – демайди.

- Тўрт-беш авлод битта оила бўлиб яшаётганлар кўп. Лекин ўша, барака топсин, Азимбой ўғлимизни вояга етказган оила муҳити гўзал, ота-онага, ўғил-қизга эътибор, ҳурмат сақланган бу оилада. Қайсики ота бир фарзандидан бошқасини афзал кўриб, биридан-бирига яшириб пул ёки бошқа ҳадялар беришни бошладими, демак, ўша оилада маънавий бузилиш бошланади. Ўртада ишончсизлик, ҳатто туғишганлар ўртасида жанжал ва низолар пайдо бўлади. Назаримда Азимбой Сафарбоев ўсган хонадонда маънавий тенглик бор. Шу боис, Азимбойнинг ўзи бобо бўлиб қолганида ҳам отасига бош эгиб, ота-она ҳукмини кутиб ўтира олади. Бу-маънавий етуклик белгиси.

Нўъмон ибн Башир ўғли Нўъмонни Pасулуллоҳ ҳузурига олиб бориб: "Мен бу ўғлимга бир... ҳадя қилдим”, - деганларида Pасулуллоҳ: "бошқа фарзандларингга ҳам шундай ҳадя қилдингми?”, - деб сўрайди. Шунда Башир: "Йўқ”, - деб жавоб бергач, "Ундай бўлса, Нўъмондан ҳадянгни қайтариб ол, гуноҳга ботма”, - деганлар.

Бу – оилада маънавий тенглик бўлишига ишора. Ота-она фарзандларини бир-биридан айириб совға-саломлар бериши, алоҳида яхши кўриши ҳам гуноҳ, ҳам маънавиятсизлик ҳисобланади.

Фарзанд – қалбимиз меваси. У бизнинг ҳаёт шамчироғимиз. Ана шу шамчироғимизнинг чароғон нур сочиб турмоғи учун фидойилик ота-она зиммасига тушади. Ота-она ўз вақтида фидойилик қилмаса, бу шамчироқ хиралашиб қолади. Хира тушган нурдан оила  ҳам, жамият ҳам баҳра олаолмайди. Демак, ҳарбитта  оиладаэнг аввало маънавий тенгликбўлмоғижоиз.Маънавий тенглик бор жойда меҳр-оқибат чашмаларидан куч олган ниҳоллар униб-ўсади. Бундай оилада меҳнатнинг қадри баланд бўлади. Айнан шундай оилаларда тарбия кўрган инсоннинг феъл-атворига қараб бемалол оиласига баҳо бериш мумкин. Ота яратган боғни фарзандлар ардоқлаб, яшнатади, яшартиради. Ота маконга меҳр-муҳаббат туйғуси оилани яшнатиб юборади. Шундай оилалар жамиятнинг ҳақиқий таянчи, кўрки.

- Демак, оиланинг обрўси инсоннинг хулқ-атворига боғлиқ экан-да?

-  Албатта, яхши одам юриш-туришидан, муомаласидан маълум. Ахир салом-аликни ўрнига қўя олмайдиган одамлар камми? Оила муҳити соғлом бўлса, фарзандлар ҳам тарбияли, одоб-ахлоқда намунали бўлиб улғайишади. Кўчадан уйга гап ташимайдиган, бировни ғийбат қилишдан тийиладиган, оиласининг тинчлигини қайғурадиган инсоннинг фарзандлари ҳам ўзига тортади. Ҳар бир оиланинг ўз сири, қонун-қоидалари бўлади. Оила сири кўчага чиқдими, демак, бу оилада оғизбирчилик йўқ, дегани. Етар-етмасликни тадбиркорлик ва тежамкорлик билан енгиб  ўтган  отадан ўғил, онадан қиз ранг олади. Бир-бировга миннат қилиш, бир оила аъзоси бўла туриб "сеники-меники”, - деб ажратиш – бориб турган худбинлик. Худбинлик эса маънавият кушандаси.

Менинг ёшларимизга айтар гапларим жуда кўп. Энг муҳими, оилада ўзаро ҳурмат, бир-бировга эътибор бўлмаса, бу оила жамият учун бир муаммо туғдиради. Шундай оилалар борки, оила аъзолари ўзаро келиша олишмайди. Ота-она боладан, болалар ота-онадан норози. Оиладаги маънавий муҳит но-созлигидан унда файз йўқ, ҳаловат йўқ. Ҳеч ким ҳовлига чиқиб, бир тупгина ниҳол экишни, оила боғини яратишни, шу боғда ўз дарахти бўлишини ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳар ким билганини қилади. Истаса, ухлайди, истаса телевизор... Қорни очганида дастурхоннинг ғариблигидан нолийди. Ана сизга муаммо. Маънавий қашшоқлик бундан ортиқ бўлмайди. Гуркираб яшнаб турган қўшнининг боғига бундайлар ҳавас билан эмас, ҳасад билан қарашади. Тан-жони соғ одамга меҳнат газаги ҳам бахт-ку! Меҳнатнинг нони қанчалик ширин-а! Ҳалол меҳнат ортидан келган мўл-кўл даромад, бойлик баридан аъло!

Ўзи ҳалол яшаб, хонадонини боғ-бўстонга айлантириб, фарзандлари билан аҳил-иноқ яшаётган инсонларнинг оилалари ибратга лойиқ. Ҳурмат ва эътиборга лойиқ. Бундай эҳтиром ҳамма оилаларга ҳам насиб этавермайди. Истагим, ана шундай – соғлом маънавий муҳитга эга оилалар кўпаяверсин. Чунки оилалар маънан соғлом бўлса, фарзандларимиз баркамол инсонлар бўлиб улғайишади.

- Сермазмун суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

- Илоҳим, оилаларимиз тинч, осойишта, обод ва фаровон, фарзандларимиз баркамол бўлсинлар. Омин, ё Pоббал оламийн!

 

Суҳбатдош Pобия ЙЎЛДОШЕВА.
Янгиликни бўлишинг: