"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

Ўрмонлар – яшил бойлигимиз

Мамлакатимиз ҳудудидаги ўрмонлар табиий кўпайиш хусусиятига эга бўлишига қарамасдан мутахассислар томонидан ҳам ўрмонзорларни интенсив ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади.

Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги 16 минг 540 гектар ернинг 3 минг 348 гектар ери яшил ўрмонзорлар билан қопланган. Қолган ер майдонларида янги ўрмонзорлар барпо этиш, уруғчилик ва кўчатчилик, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлаш, доривор ўсимликлар уруғларини тайёрлаш ва экиш, шунингдек, қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш йўналишларида иш олиб борилади.

Ўтган йил давомида ўрмон барпо этиш, уруғчилик ва кўчатчилик йўналишида  амалга оширилган ишлар самарали бўлди. Йиллик режага кўра, 3 минг 650 килограмм турли хил ўрмон буталари уруғи тайёрланиши кўзда тутилган бўлиб, айни кунгача 36 минг 456 кг, уруғлар тайёрланди. Шундан 35 минг 656 кг. саксовул, 1 минг 800 кг. қорабароқ уруғлари терилиб, Орол денгизининг қуриган тубида яшил ҳудуд барпо этиш учун етказиб берилди.

Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидаги қумлоқларда янги ўрмонлар барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар туфайли айни пайтда 28 гектар қумли ҳудудга саксовул кўчатлари ўтқазилиб, 45 гектар майдонга саксовул уруғлари экилди. Мавсум охиригача яна 27 гектар қумли ҳудудга саксовул кўчати ва 45 гектар ерга саксовул уруғлари экилиб, қумли ҳудудлардаги саксовулзорларни 145 гектарга етказиш режалаштирилган.

Ўрмонзорлар барпо этиш ва буюртмачи ташкилотларга зарур кўчатларни шартнома асосида етказиб беришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Айни пайтда ўрмон хўжалигидаги 3 гектарлик ниҳолхонада ноёб дарахт кўчатларининг туманимиз иқлим шароитига мослаштирилган навлари парваришланмоқда. Ушбу кўчатлар буюртмачиларга ўз вақтида, сифатли етказиб берилиши  учун хўжаликда фаолият юритувчи 44 нафар малакали мутахассис ва ишчилар масъул.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган 6 гектарлик унумдор ер майдони айни пайтда баҳорги экиш ишларига тайёр ҳолатга келтирилди. Ўрмон хўжалигида озуқабоп ўсимликлар, шунингдек, доривор гиёҳлар ҳам парвариш қилинади. Наъматак, тирноқгул, яъни календула каби доривор ўсимликлар етиштирилади. Хўжалик томонидан 2020 йилда белгиланган режа асосида 90 тонна доривор ўсимликлар қисмлари йиғилиб, қайта ишловчи фармацевтика саноати корхоналарига етказиб бериш режалаштирилган.

Хўжаликда асаларичилик ва паррандачилик ҳам йўлга қўйилган. 132 та оиладан иборат асалари уяларида мавсумда мўл ва шифобахш, бетакрор ўрмон асали етиштирилади. Яқин вақт ичида паррандалар умумий сонини мингтага, майда шохли моллар сонини 111 бошга етказиш режалаштирилмоқда. 7 сотих майдондаги иссиқхона хўжалигида эса 200 туп лимон кўчатлари парвариш қилинмоқда.

Очиқ майдонларда етиштирилаётган анор, анжир, дарахтларидан ташқари тут, қайрағоч, тол, терак ва бошқа кўчатлар туманимиз фермер хўжаликлари ҳудудларидаги ариқ ва ёплар бўйига экилди.

Хўжаликда Бирлашган миллатлар ташкилотининг тараққиёт дастури лойиҳаси асосида қиймати 31 минг евролик асал ва бошқа маҳсулотларни қадоқлаш цехи ташкил этилди. Мазкур цех ҳажми ҳар хил шиша ва пластмасса идишларда тайёр маҳсулотларни қадоқлашга мўлжалланган.

Яшил ўрмонзорлар – умумхалқ мулки, уни асраш, бойитиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Шу боис, мазкур ҳудудда ўзбошимчалик билан ов қилиш, дарахт кесиш, яйловларда рухсатсиз чорва молларини боқиш, олов ёқиш ҳолатларига қарши мунтазам равишда профилактик тадбирлар олиб борилади. Бу ҳудудлар – нафақат яшил бойлигимиз, балки туманимиз иқлими ва табиатини мувозанатда сақлаб туришга хизмат қилувчи кислород фабрикасидир. Унга зиён етказишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: