"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

Жийдали қулонликлар бугунги синовли кунларни ҳамжиҳатликда ўтказишмоқда

 Халқимизда ер деҳқонни боқади деган ҳикматли гап бор. Меҳнаткаш халқимиз эрта баҳордан  мўл-кўл ҳосил, ризқ-рўз ундириш илинжида ер билан тиллашиб, унга меҳр қўяди. Ҳар бир ниҳолни ўз фарзанди каби тарбиялайдиган, кун-у тун меҳнат ишқи билан яшайдиган асл деҳқонлар Оқ олтин овулининг Жийдали қулон аҳоли пунктида ҳам умргузаронлик қилишади.

Жийдали қулонда 169 хонадон мавжуд бўлиб, унда 943 нафар аҳоли яшайди. Хонадон соҳиблари меҳнатда суяги қотган, ернинг тилини, деҳқончиликнинг ҳадисини олган инсонлар. Ҳатто қачон, қайси ойда, қандай ерга қанақа экинлар экилишидан тортиб, ҳар соатда қандай парвариш қилишгача билишади. Йил ўн икки ой тинимсиз меҳнат қилишади. Қиш ойларида ҳам бўш ўтирмасдан, иссиқхона учун  керакли миқдорда тўйинтирилган махсус  тупроқ тайёрлашади. Февраль ойидаёқ кўчат ўтқазишни бошлашади. Бугунги кунда деярли ҳар бир хонадонда қўлбола иссиқхона бор. Унда эртаки карам, помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон, қовун, тарвуз, ҳар хил навдаги гул кўчатлари,  кўкатлар, пиёз етиштиришади.

Бутун дунё бўйлаб коронавирус касаллиги тарқалиб, карантин эълон қилинган айни кунларда кимдир уйида ётиб, кимнидир ваҳима босиб, таҳликада турган бир кунда жийдали қулонликлар томорқасидаги иссиқхонасида оилавий меҳнат қилишмоқда. Томорқаларига  иссиқхонада етиштирилган сабзавот кўчатларни ўтқазиб, ортганини кам таъминланганларга бепул беришаяпти.

- Қишлоғимиз ёшлари Pоссия, Қозоғистон давлатлари ёки Тошкентга бориб, иш излаб, сарсон-саргардон бўлиб юришмайди. Ҳовли, томорқа, дала юмушларидан ортмайди. Чунки томорқамиздан йилига 3 марта экин экиб оламиз. Айни пайтда мана бу 0,2 сотих ерда етиштирган пиёзимизнинг ўзидан 3 миллион даромад олдик. Шу деҳқончилик орқасидан 2 ўғлимни уйлантириб, 2 қизимни чиқардик, иморат солиб, машина олдик. Далада қовун-тарвуз ҳам экамиз, мол боқамиз. Хуллас тирикчилигимиз бинойидай -, дейди Марям опа Бобожонова.

Жийдали қулонда яшовчи меҳнаткаш аёллардан Норгул Худоёрова, Жумагул опа Гаппаровалар  ҳам 3-4 сотих ерга қурилган иссиқхонасидан ҳар йили 10-12 миллион сўмлик даромад олишади. Айни кунда улар бутун аҳоли пункти бўйлаб, хонадонларга кўчат етказиб беришаяпти. Қишлоқ аҳолисининг яна бир хислати борки, улар нафақат ҳалол меҳнатни улуғлашади, балки илм олишга ҳам қизиқишади. Ота-оналар фарзандларини ўқимишли, илмли-билимли қилишга интилишади. Ҳар йили бу қишлоқдан 10-12  нафар ёшлар олий таълимга ўқишга киришга муваффақ бўлади.

Айни кунда Жийдали қулонда иш қизғин. Бекорчилик, унинг орқасидан келадиган ўзаро келишмовчилик, уруш-жанжаллар ҳам йўқ, ҳаммаёқ тинч. Бир-бирига меҳр-оқибатли, ҳамжиҳат аҳоли яшайди. Саришталикка, тозаликка, бугунги кунда ҳаммани таҳликага солаётган коронавирус инфекциясидан сақланиш қоидаларига амал қилиб, хонадонини, кўчасини, маҳаллани  озода тутадиган келин-қизлари бор.

Ҳа, бирдамликда кўп синовларни, қийинчиликларни енгиш мумкин. Биргаликда мутахассислар бераётган тавсияларга, карантин қоидаларига қатъий амал қилсак, албатта, бу кунлардан ҳам талофатларсиз ўтамиз.

Зиёда Сададдинова, Оқ олтин овул фуқаролар йиғинининг

Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий

масалалар бўйича раис ўринбосари.

Янгиликни бўлишинг: