"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

СИНОВЛИ КУНЛАPДА ХАЛҚ БИЛАН БИPГАМИЗ, ЕЛКАДОШМИЗ

Мамлакатимизда аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, ўзлари қизиққан касб йўналишлари бўйича касбий ўқитиш ва қайта тайёрлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш мақсадида олиб борилаётган ишларнинг бутун мазмун-моҳияти инсон омилига эътибор, унинг осойишта ва фаровон яшашини таъминлашдан иборат.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2020 йил 14 март кунги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5969-сонли Фармони асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан инқирозга қарши жамғарма ҳисобидан Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 млрд. сўм ажратилди. Ушбу маблағлар ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлаш, шунингдек, маҳаллаларда қўшимча инфратузилма объектлари ва ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда қурилиш ишларига йўналтирилиши белгиланди. Мазкур чора-тадбирларни сифатли бажариш мақсадида Бош вазир раҳбарлигида Инқирозга қарши республика комиссияси тузилди. Ушбу комиссия ишчи гуруҳи томонидан 22 мартдан бошлаб, икки ой давомида ҳар бир туман ва шаҳарда коронавирусга қарши курашиш, саноат, хизмат кўрсатиш, савдо, транспорт, логистика ва бошқа корхоналарни барқарор ишлатишни таъминлаш мақсадида камраб олинмоқда.

Шунингдек, Инқирозга қарши курашиш республика комиссиянинг 2020 йил 27 мартдаги 18-сонли баёнига кўра, коронавирус пандемиясига қарши чора-тадбирлар амалга оширилиши даврида ишсиз фуқаролар, чет давлатларда ишлаш учун чиқиб кета олмаган шахслар ва вақтинчалик ишсиз қолган ходимларни жамоат ишларига жалб қилишни кенгайтириш учун рухсат берилди.

Коронавирус пандемияси сабабли карантин қоидалари жорий этилиши муносабати билан аҳолининг ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами бўйича туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан, ҳудудлар бўйича мавжуд ҳолатлар ўрганиб чиқилди.


Бу борада Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 2020 йил апрель ойида туманда мавжуд корхона ва ташкилотлардан олинган йиғма буюртманомаларга асосан жами 425 нафар фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш кўзланмоқда. Хусусан, маҳалла, овул фуқаролар йиғинларида 264 нафар фуқарони ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига, тадбиркорлик субъектлари томонидан 78 нафар фуқарони саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларига, фермер хўжаликлари томонидан 57 нафар фуқароларни қишлоқ хўжалик суғориш ва экиш ишларига, Қорақалпоғистон Pеспубликаси “Чорва насл” маркази туман бўлими  томонидан 11 нафар фуқарони наслли чорва молларини сунъий уруғлантириш ишларига, шунингдек, туман Санитария-эпидемиология осойишталик маркази томонидан 15 нафар фуқарони коронавирус эпидемиясига қарши ҳудудий дезинфекция ишларига жалб этиш амалга оширилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан иш билан бандлиги таъминланаётган фуқароларнинг кўпчилиги ўзлари эгаллаган  касб-ҳунарлар бўйича ишга жойлашиш имконига ҳам эга бўлишмоқда. Хусусан, 45 нафар фуқаро туманимизда бунёд этилаётган мактаб, инфратузилма объектлари ҳамда намунали уй-жойлар қурилишларига ғишт терувчи, бетон қорувчи, дурадгор уста, монтажчи каби касблар бўйича ишга жойлаштирилди. Карантин қоидалари жорий қилингач, ишсиз қолган 19 нафар ишсиз фуқаролар марказ томонидан “Манғит инвест плюс” МЧЖга 12 нафар фуқаро “Оллоберганов Иззатжон” фермер хўжалигига ишга жойлаштирилди.

Қўшимча равишда туманда ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнати,ш уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситаларини харид қилишлари учун жорий йилнинг апрель ойида 21 нафар фуқарога иссиқхона ўрнатиш ва 20 нафар фуқарога суғориш воситаси сотиб олиш учун субсидия ажратиш режалаштирилмоқда.

Субсидия – аҳоли бандлигига кўмаклашиш ҳудудий марказлари (АБКМ), грантлар эса вилоят бандлик бош бошқармалари, шунингдек, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва пойтахт бандлик бошқармаси томонидан берилади.

Бутун дунёда инсоният бошига хавф-хатар солиб  турган, кун сайин қамров майдони кенгайиб бораётган коронавирус пандемияси даврида туманимиз аҳолисининг иш билан бандлигини таъминлаш – аввало уларнинг оила иқтисодини кўтаришга кўмаклашиш бўлса, бундан ҳам муҳими, ҳар бир инсоннинг хотиржам, осойишта яшашига кўмаклашишдир. Зеро, Ибн Сино бобомиз айтганларидай: “кўнгил хотиржамлиги ярим соғлик, сабр эса соғайиш, соғлом ҳаёт сари йўл”дир.

Халқимиз сабр-бардоши синовдан ўтаётган ушбу кунларда аҳолининг эҳтиёжманд, ишсиз қатламини иложи борича қўллаб-қувватлаш, оилалари иқтисодини бир меъёрда сақлаб туришлари, кўнгиллари хотиржам яшашлари учун кўмаклашиш давлат идораларининг, шу баробарида ҳар бир раҳбар ходимнинг, ҳар бир инсоннинг зиммасидаги масъулиятли вазифасидир. Ана шу  масъулиятни қалбан ҳис этган ҳолда бугунги синовли кунларда биз халқ билан биргамиз, елкадошмиз.

А.Собиров,
туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори.

Янгиликни бўлишинг: