"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

ЭЛИМ МЕНИНГ...

Элим менинг, синовларга бош эгмаган,
Майдонларда елкаси ҳеч ер кўрмаган,
Бир-бирининг боласини айирмаган.
Қиёс бўлса тоғлар унинг бардошига,
Тоғ нураган, эл юраги нурамаган.

Неча-неча қирғинлардан омон ўтиб,
Орзу-умид, армонларин тошга битиб,
Асрлардан-асрларга номи ўтиб.
Айланди эл маърифатнинг Қуёшига,
Жаҳон аро илм-у ирфон туғин тутиб.

Ўшал туғ-ла бирлашмоққа давъат бўлди,
Дунё учун тожли вирус кулфат бўлди.
Юракларда бугун меҳр қудрат бўлди,
 Бағрин очиб элим дўст-у қардошига,
Мўъмиё-и малҳам каби қувват бўлди.

Дард келганда фидойилар сайланади,
Халқ юкини кўтармоққа шайланади.
Бу бир  синов, синовда жон қийналади,
Фидойилик мерос элнинг боласига,
Ким эл деса, эл мардига айланади.

Бир юз ўттиз олти миллат – аҳил халқмиз,
Маҳаллалар аро тинчлик ҳоким халқмиз.
Эрк аталган салтанатга дохил халқмиз,
Ҳақ йўлида кўринмас ёв курашида,
Муштарак дил – дарёларга соҳил халқмиз.

Юрт соғлиги шиор бугун юракларга,
Гард юқмагай ёш, навниҳол куртакларга.
Бир нидо бор шом-у саҳар тилакларда:
Ё Аллоҳим, изн берма кўз ёшига
Элим етсин соғ-у омон юксакларга!

Яхши кунлар олдимизда, хуш келади,
Бу синовлар кўнгилларда туш бўлади.
Кўпкарилар қизган энг зўр кун келади,
Айланади шунда элим тўйбошига –
Ҳар кун Наврўз, ҳар тун Қадр тун бўлади.

Уйда қолинг! Уйга кўчди дорилфунун,
Уйга кўчди илми имон – масжид бугун.
Кезиб юрар дунё бўйлаб маккор, малъун.
Халқим, деган кўнгилларнинг Каъбасига,
Иншоолоҳ, бахт йўллагай чархи гардун.

Уйда қолинг! Таъқиқларни ҳикмат билиб,
Юраклардан ваҳимали ҳисни қувиб.
Ҳақни паноҳ ва меҳрибон Холлақ билиб.
Силтов бўлинг, мардонларнинг бардошига,
Ҳар дилга ёр – Pасулини барҳақ билиб.

Ҳикмат уқдим, мен юз буриб Навоийга,
Ҳикмат будир, демиш: “Қулоқ тут Ўзига,
Сўнгра Pасулуллоҳу подшоҳ сўзига”.
Элим менинг қанот бўлгай Юртбошига,
Қанот бўлгай соғлом ҳаёт парвозига!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.
2020 йил 31 март

Янгиликни бўлишинг: