"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

Суд раислари тадбиркорлар билан сайёр учрашув ўтказишди

Туманимиздаги “Манғит” деҳқон бозори биносида суд раисларининг тадбиркорлар билан сайёр учрашуви ўтказилди.

Учрашувда туман Иқтисодий суди раиси Ўткир Собиров, Фуқаролик суди раиси Еркин Утениязов, “Манғит” деҳқон бозори масъулияти чекланган жамияти раиси Шавкат Янгибоев ҳамда ҳудудда савдо билан шуғулланаётган тадбиркорлар иштирок этдилар.
Сайёр учрашув Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг “Тадбиркорлик субьектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Pеспубликасининг “Банкротлик тўғрисида”ги ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунлари мазмун-моҳиятларини тадбиркорларга кенг турда тушунтириш, уларнинг муаммоларини, таклифларини ўрганиш мақсадида ташкил қилинди.

Учрашув муносабати билан ўтказилган йиғилишни Шавкат Янгибоев кириш сўзи билан очиб, ушбу учрашувни ташкил қилишдан кўзланган мақсад ҳақида маълумот берди. Шунингдек, бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилаётган имкониятлар хусусида алоҳида тўхталди.

Туман Иқтисодий суди раиси Ўткир Собиров “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг асосий мазмуни ҳақида сўзлади. Суд раиси таъкидлаб ўтганидек, мазкур Фармон жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштириш, назорат органларининг тадбиркорлик субьектлари фаолиятига аралашувини камайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятининг асоссиз чекланишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган.

Ушбу қонун ҳужжатига кўра, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари, улар томонидан текшириш давомида солиқ ва валютага оид жиноят аломатлари аниқланган тақдирда эса – Ўзбекистон Pеспубликаси Бош прокуратураси ҳузурида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, суд раиси бугунги кунда мазкур Фармонга асосан, тадбиркорлик субьектларига ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш билан боғлиқ ишлар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилаётганлиги ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинаётганлигини ҳам қайд этиб ўтди.

Мазкур Фармон мазмун-моҳияти юзасидан йиғилганларнинг саволларига жавоблар берилганидан сўнг, “Банкротлик тўғрисидаги” ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунлар хусусида сўз юритилди.

Мутасаддилар “Банкротлик тўғрисидаги” ишларни кўриб чиқиш тартиби ҳақида тўхталиб, ушбу жараёнда жамоатчиликнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди. Шу ўринда аввало, ҳар бир тадбиркор ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши лозимлигини, бунинг учун қонунлар, тегишли ҳужжатлар мазмун-моҳиятини ўрганиб бориш зарурлигини тушунтиришди.

Сўнгра масъуллар “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ҳақида кенг маълумот бериб ўтишди. Ушбу Қонун ҳужжати 2017 йил 3 январь куни қабул қилиниб, 2019 йил 4 январь кунидан кучга кирганлигини, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, уларга имконият яратиб бераётган сабаб ва омилларнинг олдини олиш бўйича бир қатор Қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинганлигини айтиб, бу бўйича батафсил тушунчалар беришди. Қолаверса, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари - аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида бу иллатнинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Aйтиш жоизки, бундай учрашувларни ташкил қилиш мамлакатда қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларни аҳоли ўртасида тарғиб қилиш қонун устуворлигини таъминлашга, қолаверса, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: