"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

Табиий фанлар ойлиги доирасида ўтказилган тадбирлар ўқувчиларни илм-заковат сирларини эгаллаш сари руҳлантирди

Атрофга назар солсак, биз ҳар куни табиат билан ошномиз. Унинг мусаффо ҳавоси, кўзларни яшнатувчи ям-яшил олами, ҳатто қорли қиши-ю жазирама ёзидан ҳам олам-олам завқ оламиз.

Умумтаълим мактабларида табиий фанлар ойлиги давомида ниҳоятда қизиқарли тадбирлар, гуруҳлараро, синфлараро беллашувлар бўлиб ўтди. Фан ойлигини ўтказиш аниқ ва пухта режа асосида ташкиллаштирилди. Биология, зоология ва табиатшунослик фанлари услуб бирлашмаси томонидан ҳар бир синфда белгиланган мавзулар юзасидан билимдонлик баҳслари, очиқ дарслар ташкил этилди. Лаборатория, тўгарак машғулотлари ва очиқ дарсларда ўтилган мавзулар, назарий билимлар янада мукаммаллаштирилди ва мустаҳкамланди.

Биология фани ўқитувчиси Нигора Ўрозбоева учун бу гўзал оламни ўқувчиларга янада яқинроқ таништириш, улар қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат уйғотиш янада гаштли. У 22 йилдирки, 12-сонли умумтаълим мактабида ўқувчиларга биология фанидан сабоқ бериб келади.

Табиий фанлар ойлиги доирасида мазкур фан ўқитувчиси томонидан ўтказилган “Табиат – онамиз” мавзусидаги тўгарак машғулотлари “Ёш табиатшунослар” тўгараги аъзоларининг энг севимли машғулотларидан бири бўлди. Машғулотларда ўқувчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий тажриба ўтказишди. Ҳар бир гуруҳ алоҳида топшириқни бажарди. Яъни, биринчи гуруҳ ўқувчилари пиёз пўсти ҳужайраларини микроскоп орқали кузатишди. Кундалик истеъмолимиздаги ушбу сабзавотнинг ўзига хос хусусиятларини ўзлаштириш имконини берувчи бу амалий машғулот ҳар бир ўқувчи учун жуда қизиқарли бўлди. Иккинчи гуруҳ аъзолари эса уруғларнинг турлари билан яқиндан танишиб, уларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганишга ҳаракат қилдилар. Ўқитувчи раҳбарлигида бу борадаги назарий билимларини амалий тажрибалар орқали мустаҳкамлаб олдилар. Учинчи гуруҳ ўқувчилари эса гербарийлардан фойдаланиб, ўсимлик турлари билан танишдилар.

“Ёш табиатшунослар” тўгараги аъзолари иштирокида “Табиат – онамиз” шиори асосида ўтказилган амалий машғулотлар ўқувчилар учун жуда қизиқарли бўлди.

Фан ойлиги доирасида мактабнинг 7-синфида зоология фанидан “Қушларнинг ички тузилиши ва сезги органлари мавзусида кўргазмали очиқ дарс ўтказилди. Дарс ўтказиладиган синфхона орнитологияга оид кўргазмали воситалар, моделлар билан безатилди. Ўқитувчи, аввало ўқувчиларга орнитология – қушлар ҳақидаги бўлим эканлиги хусусида тушунча берди. Сўнгра юртимиз иқлимига монанд, Ўзбекистон табиатини ошён қилган турфа қушлар ҳақида гапирди. Шу баробарида “қушларнинг ички ва сезги органлари” мавзуси бўйича қизиқарли мисоллар, кўргазмали воситалар орқали кенг ва мазмунли машғулот олиб борди. Ўқувчилар ушбу кўргазмали дарс-машғулоти орқали мамлакатимиз фаунаси ва флораси, айниқса, қушлар, уларнинг ички органлари тузилиши ҳамда ҳис қилиш, сезги органлари юзасидан зарур маълуотларга эга бўлдилар.

Фан ойлиги доирасида 8-синфда ўтказилган “Табиат ва инсон” тадбирида  ўқувчиларнинг назарий билимларини мустаҳкамлашлари учун имконият яратилди. Табиий фанларга қизиқишлари эътиборга олиниб, уларни касбга йўналтириш юзасидан суҳбатлар ўтказилди. Унда “Менделеев”, “Чарльз Дарвин”, “Ибн Сино” гуруҳлари ўзаро беллашдилар. Кимё, биология фанларига ва шифокорлик касбларига қизиқувчи ўқувчилар иштирокида ўтказилган билимдонлик баҳсларида ҳар бир ўқувчи ўқув йилининг 3 та чораги давомида кимё, биология фанларидан олган билимларини янада мустаҳкамладилар.

Тадбир давомида иштирокчилар кимё фанидан қизиқарли формулалар, масалалар ечдилар. Биология ва зоология фанлари бўйича табиатда, ҳайвонот дунёсида кечадиган жараёнлар, ҳайвонлар ва инсон танасининг тузилиши билан боғлиқ қизиқарли саволларга аниқ ва пухта жавоб беришиб, бу борадаги  билимларини янада бойитдилар.

Фан ойлиги доирасида ўтказилаётган бу каби дарс-машғулотлар, заковат дарслари мактаб ўқувчиларининг табиий фанларга бўлган қизиқишларини янада ошириб, юксак фан чўққиларини эгаллаш сари руҳлантирмоқда.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: