"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

ИНСОННИНГ УМPИ УЗУН ЁКИ ҚИСҚАЛИГИ БИЛАН ЭМАС, БАЛКИ ЭЗГУ АМАЛЛАPИ БИЛАН ЎЛЧАНАДИ

Инсон қачон, қайси замонда яшашидан қатъий назар, ўзи ҳаётлигида амалга оширган эзгу амаллари билан уни билган инсонлар қалбида адабий яшайверади. У ҳаётлигида халқи, ўз яқинларига кўрсатган чексиз меҳр-муҳаббати, қилган яхшиликлари билан ҳар куни, ҳар лаҳзада, турли байрам саналарида ёдга олинаверади.

Чойкўл овулида таваллуд топган, 1965-1985 йилларда 22-сонли умумтаълим мактабида мактаб директорининг тарбиявий ишлар бўйича, кейинчалик ўқув ишлари бўйича ўринбосари, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси вазифаларида ишлаган Қодирбой Pаҳимов ҳаётдан анча эрта кетди. Лекин инсоннинг яшаб ўтган умри узун ёки қисқалиги билан эмас, балки унинг эзгу амаллари билан ўлчанади ва атрофидагилар, эл-юртга ўзи ҳаётлигида қилган яхши ишлари орқали унинг иккинчи умри каби авлодларига маънавий куч бағишлайди.

14 март куни 22-сонли умумтаълим мактабида Қодирбой Pаҳимов хотирасига бағишлаб ўтказилган волейбол спорти бўйича Хотира турнирида бу яққол намоён бўлди.

Хотира турнирида Қодирбой Pаҳимов билан бир илм даргоҳида фаолият юритган касбдошлари, шогирдлари, маҳалладошлари ҳамда оила аъзолари иштирок этишди. Хотира турнирининг очилиш маросимини 22-сонли мактаб директори Азимжон Бекберганов очди ва Қодирбой Pаҳимов номи билан боғлиқ эзгу ишларга батафсил тўхталди, устоз номини улуғлаб яшаётган шогирдлари, бир жамоада бирга ишлашган ҳамкасбларига сўз берди. Шундан сўнг, Қодирбой Pаҳимовнинг ҳамкасблари, фахрий устозлари Бегмурод Шомуродов, Ҳайитбой Шомуродов ва Ендирбой Хўжаметовлар сўзга чиқишиб, ўзларининг Қ.Pаҳимов ҳақидаги хотираларидан сўзладилар.

“Ҳамиша номингиз қалбимизда” деб номланган Хотира турнирида туманимиздаги 29-, 33-, 26-, 3-, 22-, 65-сонли умумтаълим мактабларининг волейбол спорти бўйича қизлар жамоалари иштирок этишди. Ҳар бир жамоанинг фаол иштирокини таъминлаш, мусобақаларда оралиқ танаффуслар ташкил этиш, ғолибларни аниқлашда шаффофликка қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Мусобақа жараёнини жисмоний тарбия фани ўқитувчилари Озод Pажабов, Шавкат Нурекеев, Улуғбек Камоловлар синчковлик билан кузатиб боришди.

Ниҳоятда самимийлик ва дўстона вазиятда ўтган Хотира турнирида барча жамоалар аъзолари турнир ташкилотчилари ва Қодирбой Pаҳимовнинг оила аъзолари томонидан муносиб тақдирландилар.

Аллоҳ раҳмат қилсин, Қодирбой Pаҳимовнинг изида қолган муносиб издошлари – ўғил-қизлари Тамара, Муяссар, Мунаввар Pаҳимова ҳамда Мадамин, Шуҳрат ва Отабек Pаҳимовлар энг чиройли ўйин кўрсатган спортчи қизларга ўзларининг совғаларини топширишди. 80 ёшдан ошган муҳтарама онахон – Қодирбой Pаҳимовнинг умр йўлдоши Шукуржон момо Pаҳимова сўзга чиқиб, ушбу Хотира турнирини ташкил этган устознинг шогирдларига, хусусан, 22-сонли умумтаълим мактаби директори Азимжон Бекберганов ҳамда жисмоний тарбия фани ўқитувчилари Озод Pажабов, Шавкат Нурекеев, Улуғбек Камоловларга ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

Қизғин баҳсларга бой, дўстона вазиятда ўтган мазкур Хотира турнири иштирокчилари инсон хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш азалий бобомерос қадрият эканлигини чин дилдан яна бир бор ҳис этдилар.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: