"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

“ЗАКОВАТ” ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ЎЙИНИ БИЛИМДОНЛАPНИ АНИҚЛАДИ

Ўқувчиларнинг фанлар бўйича олган назарий билимларини амалиёт билан боғлаш, билим, кўникма ва малакаларини шакллантириш мақсадида фан ойликлари доирасида турли тадбирлар режалаштирилади.

Аниқ фанлар ойлиги муносабати билан 16-сонли мактабда ҳам турли тадбирлар, очиқ дарслар, кўргазмалар, ўқув семинарлари ва фестиваллар ташкил этилди. Ўқувчиларнинг математик фикрлаш қобилиятини ривожлантириш мақсадида турли хил беллашувлар, ноанъанавий очиқ дарслар ўтказилди. Қолаверса, компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган “Компьютер билимдонлари” мусобақаларида ҳам ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишлари янада ортди.

Фан ойлиги якунида ўқувчиларнинг мазкур фанлардан олган билимларини синовдан ўтказувчи “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам бўлиб ўтди. Бу тадбирни ўтказишдан мақсад ўқувчиларнинг билими ва тафаккурини синовдан ўтказиш орқали уларнинг янги илм чўққиларини забт этишга ундашдир.

Математика ва информатика фанлари ўқитувчилари Ўткир Худойберганов, Наргиза Ибодуллаева, Муҳаббат Хидирова, Мухтор Ҳабибуллаев, Махсуда Олимовалар ҳамкорликда ташкил этган бу ўйинда мактабнинг 8-9-синфлари ўқувчилари иштирок этдилар.
Уларга ўйинда халқаро “PISA” ва “PIRLS” баҳолаш дастурларига мувофиқ тузилган мантиқий ҳисоблашга доир мисол ва масалалар берилди.

Айтиш жоизки, келгуси ўқув йилидан ушбу Халқаро баҳолаш дастурини амалиётга жорий қилиш юзасидан мамлакатимиз таълим тизимида кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Дастур ҳақида тўрт номдаги методик қўлланмалар чоп этилиб, туманимиздаги барча мактабларга тарқатилди. Жараёнга тайёргарликлар кўриш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, ўқитувчиларда бу борада амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида семинарлар  ҳам ўтказилмоқда. Айтиш мумкинки, ушбу дастурлар ўқувчиларнинг ижодий ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга, шу орқали таълим сифатини оширишга хизмат қилади.

“Заковат” интелектуал ўйинида саволлар мазкур дастурлар тест саволлари асосида тузилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Ўйинда иштирок этган жамоалар беллашуви қизиқарли ва муросасиз кечди. Ўйин давомида ўқувчилар саволларга белгиланган муддат ичида аниқ ва тўла жавоб беришга интилишди. Мактабнинг аниқ фанлар услуб бирлашмаси раиси Феруза Юсупова бошчилигида аниқ фанлар ўқитувчилари тузиб чиққан саволлар ечими ўқувчиларга унчалик қийинчилик туғдирмади. Педагогик жамоанинг жамиятга, халқимизга садоқат билан хизмат қиладиган билимдон, заковатли авлодни тарбиялаш борасида амалга оширган самарали меҳнати ўқувчиларнинг топқирликларида, билимдонликларида яққол намоён бўлди. Интеллектуал ўйин ўқувчиларни аниқ фанларни яна ҳам қунт билан ўрганишга қизиқишларини оширгани билан аҳамиятли бўлди.

Иштирокчиларнинг  маҳорати, билимини ҳакамлар ҳайъати одилона баҳолаб бордилар. Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бунингдек беллашувлар фан ўқитувчилари дарси самарадорлигини ҳам белгилаб беради.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: