"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

ОБОД МАНЗИЛЛАPДА СОFЛОМ ФАPЗАНДЛАP ДУНЁГА КЕЛАДИ

Халқимизда азалдан тозалик ва озодаликка, покликка катта аҳамият берилган. Ота-боболаримиз қадимдан ҳовли ва уй-жойларни, маҳалла ва гузарларни ораста сақлаб, ободликни кундалик турмуш тарзига айлантиришган. Шу мақсадда ҳашарлар, ободонлаштириш тадбирлари ўтказилган.

Бу асрий анъаналар истиқлол йилларида янада кенг қулоч ёзиб, кўнгиллар ободлиги ҳовли ва кўчалар, маҳаллалар, шаҳар ва қишлоқлар ободлигида ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи билан туман марказлари ва маҳаллаларда намунавий кўчалар ташкил қилиш бўйича вазифалар белгиланиб, намунавий ҳолатга келтириладиган кўчаларга қўйиладиган асосий талаблар ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

Қуйида ушбу талаб ва тавсияларни Сизнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Ишонамизки, нафақат туман марказидаги, балки ҳар бир овул ва маҳаллада яшовчи юртдошларимиз ушбу тавсияларга амал қилиб, мазкур талаблар асосида кўча ва ҳовлиларини, хонадонларини обод қилишга киришадилар.

Зеро, обод манзилларда фаровон турмуш ҳукм суради, соғлом фарзандлар дунёга келади.

1. Намунавий кўчанинг умумий кўринишига асосий талаблар

Кўчаларга талаблар

Кўча номи ёзилган кўрсаткичлар (табличка), электр чироқлари билан ёритилган, маҳаллаларга кириш жойида маҳаллаларга оид қисқача маълумот кўрсаткичи осилган бўлиши.

Кўча йўлларига талаблар

Кўчанинг йўллари текис, шағал ёки бошқа турдаги қаттиқ қопламалар ётқизилган, йўл четидаги бордюрлар тартибли жойлаштирилган, кўча юзида жойлашган барча корхона, муассасалар ҳудуди ҳамда атрофи ободонлаштирилган бўлиши.

Кўчадаги ариқларга талаблар

Ариқлар қазилган, ёғингарчилик сувлари чиқиб кетиши учун қулай, тозаланган бўлиши.

Хонадонларнинг жойлашуви

Ҳовли ва хонадонларнинг деворлари ва фасад қисми оқланган, дарвоза, дераза ва панжаралар бўялган ва кўча томон ташқи ҳудуди супурилган, сув сепилган, тоза ва ораста бўлиши.

Дарахт ва кўчатлар

Кўчадаги дарахтлар декоратив тартибга келтирилган, ҳовлиларнинг кўча томонида дарахтлар, гуллар экилган бўлиши, кўча ҳудудидаги ерлар ободонлаштирилган бўлиши.

Жамоат тартиби

Кўча ҳудудида дайди итлар бўлмаслиги керак. Агар дайди итлар пайдо бўлса аҳоли томонидан ободонлаштириш бўлимига ўз вақтида хабар берилиши лозим.

2. Намунавий кўчалардаги аҳоли хонадонларига асосий талаблар

Ҳовли ва томорқага талаблар

Ҳовлининг ички ҳудуди тоза, саранжом бўлиши, супуриб, мавсумни эътиборга олган ҳолда сув сепилган бўлиши, йўлаклар бетон ёки ғишт билан қопланган, хоналар тартибли қурилиши, экин экиладиган томорқа мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари экилган бўлиши керак.

Хонадоннинг ташқи фасади ва тозалигига талаблар

Хонадон ва ундаги хоналарнинг фасад қисми оқланган, дарвозаси бўялган ва имкони бўлса уй рақами битилган табличка осилган бўлиши керак.

Ошхонага талаблар

Ошхонанинг атрофи ўралган бўлиб, том қисми ёпилган, эшик ва деразалар ўрнатилган бўлиши, хонада сунъий ёриткичлар ўрнатилиши, тандир ва ўчоқларда ҳосил бўлган газ ва тутунларни чиқариш учун бинонинг том қисмидан 2м. баландликда чиқиб турувчи қувур ўрнатилиши, маҳсулотларни вақтинчалик сақлаш учун ошхонада стол ўрнатилиши, таом тайёрлаш мақсадида ишлатиладиган ичимлик сувини сақлаш учун қопқоқли идишлар бўлиши; шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш учун қўл ювгич ўрнатилиши ва совун-сочиқ билан таъминланиши; ошхонада кундалик тозалаш ишларининг олиб борилиши учун тегишли анжомлар билан таъминланган бўлиши керак.

Ҳаммомга талаблар

Ювиниш хоналаридан иборат бўлиб, ички девори 1,8м баландликда кафелланган ёки мойли бўёқ билан бўялган бўлиши, сунъий ёритиш мосламаси намликдан ҳимояланган бўлиши, ҳаво алмашини учун форточка ўрнатилиши, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланиши, чўмилиш, кир ювиш жараёнларида ҳосил бўлган мағзава ва оқова сувлар учун махсус гидроизоляцияланган ўра ташкил этилиши керак.

Ёзги душга талаблар

Ёзги душнинг атрофи ўралган бўлиши, сув билан таъминлаш учун душ устига сув сиғими ўрнатилиши, ҳосил бўладиган оқова сувлар учун 2-3м. узоқликда махсус ўра ташкил қилиниши, кийим илгич ва ювиниш воситаларини қўйиш учун шароит яратилган бўлиши керак.

Хонадондаги ҳожатхоналарга талаблар

Яшаш хоналаридан 12м.дан кам бўлмаган масофада, ҳожатхонани тозалаш учун махсус тозалаш транспортининг кириб-чиқиш имконияти кўзда тутилган ҳолда қурилиши, баландлиги 2,5-3м., майдони 3м2дан (1,5х2,0) кам бўлмаган, қаттиқ қурилиш материалидан қурилган, томи ёпилган, табиий ёритиш учун дераза ва электр ёриткич ўрнатилган бўлиши, ҳаво алмашинуви учун 20х30 см. ўлчамли форточка ўрнатилиши, ўранинг чуқурлиги (ер ости сувларини ҳисобга олган холда) 2,0 м.дан кам бўлмаслиги, ўра ўлчами диаметри 1 метрли бетон қувур (люфтклозет) ёки деворлари ва туби бетон билан қопланган ёки гидроизоляцияланган бўлиши, хона ёнида қўл ювгич ўрнатилиши зарур.

Молхонага талаблар

Молхона биноси яшаш хоналари ва ошхонадан узоқроқда, алоҳида қурилиши, молхонада табиий ёруғлик ва ҳаво алмашинуви бўлиши учун дераза ўрнатилиши, девори сувалиб оқланган, поли бетон, пишиқ ғишт ёки ёғочдан ишланган, текис, тозалаш учун қулай ва нишаб бўлиши, ташқаридан дайди ит ва ёввойи ҳайвонлар киришининг олдини олиш мақсадида мустаҳкам ҳимояланган бўлиши, қуруқ туриши, атроф-муҳитга ҳид чиқмаслиги учун кунига камида бир маротаба тозалаб турилиши, гўнгларни вақтинчалик тўплаш ва кейинчалик ундан маҳаллий ўғит сифатида мақсадли фойдаланиш учун мўлжалланган жойларни ташкил этиш керак.

Товуқхоналарга талаблар

Товуқхоналар яшаш хоналари ва ошхонадан узоқроқ бўлган жойда жойлаштирилиши, эшиги зич ёпиладиган, деворлари текис сувалган, оқланган, шамоллатиш учун дераза ёки туйнук ташкил этилган бўлиши, катакнинг таг қисми тозалаш учун қулай ва текис бўлиши, товуқларни озиқлантириш учун қулай осма охурчалар ўрнатилиши, товуқхоналар деворлари оқлаб турилиши ҳамда бит ва каналарга қарши ишлов берилиши, ҳосил бўлган товуқ гўнгини мунтазам равишда тозалаб турилиши ва махсус ўрага кўмилиши талаб этилади.

Ит ва мушукларни сақлашга талаблар

Ҳовлиларда итларни фақат боғланган ҳолда сақлаш, атрофи ўралган махсус жойларда сайр қилдирилиши, итларни сотиб олинганда ва бошқа жойга кўчганда уларнинг ветеринария бўлимларида рўйхатдан ўтказилиши, ит ва мушукларни эгалари ҳар йили рўйхатга олиш гувоҳномаси билан давлат ветеринария ҳизматига (ветеринария бўлимлари, ветеринария участкалари) эмлатиш учун олиб келишлари шарт.

Янгиликни бўлишинг: