"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

ТАБИИЙ ФАНЛАP ОЙЛИГИ ДОИPАСИДАГИ ОЧИҚ ДАPС ВА ТЎГАPАК МАШҒУЛОТЛАPИ ЎҚИТУВЧИ МАҲОPАТИНИ ВА ЎҚУВЧИЛАP БИЛИМИНИ ОШИPДИ

Март -  табиий фанлар ойлиги сифатида умумтаълим мактабларининг ушбу фанлар ўқитувчилари учун ҳам, табиий фанларга  қизиқувчи ўқувчилар учун ҳам қизиқарли таассуротларга бой бўлади. Таълим муассасаларининг услуббирлашма раҳбари томонидан амалий машғулотларга асосланган дарс ишланмалари юзасидан тажриба-алмашув соатлари, шунингдек, очиқ дарслар ўтказилиши анъанага айланганлиги боисдан ойлик доирасида бундай тарздаги машғулотлар ҳам ташкил этилади.

Туманимиздаги 6-сонли умумтаълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Pуфат Шомуродов ўз дарсларида янги педагогик технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда мавзуни тўлиқроқ очиш мақсадида лаборатория машғулотларини айрим ҳолатларда табиат бағрида ўтказишга ҳаракат қилади. Айниқса, тупроқ таркибини аниқлаш, оқар сувнинг кимёвий хоссалари, жонли табиатда фасллар ўзгариши билан содир бўладиган ҳодисаларнинг кимёвий хусусиятлари ҳақида ўқувчиларга қизиқарли маълумотлар бериб боради. Ўқитувчининг бу шаклда дарс ўтиш услуби ўқувчиларда кимё фанига бўлган қизиқишни янада ошириб, уларнинг ҳар бир мавзуни ҳаётий мисоллар воситасида идрок этишини таъминламоқда.

Фан ойлиги муносабати билан ўтказилган очиқ дарсда кимё ва биология фанларининг ўзаро яқинлиги, табиатда кечаётган кимёвий ва биологик жараёнларнинг узвийлиги қизиқарли маърузалар ва лаборатория машғулотларида занжирли реакциялар асосида тушунтириб берилди. Хусусан, табиатда жонланиш кечаётган айни пайтдаги жараёнларга ўқувчиларнинг эътибори жалб этилди. Кунлар исиши, ерга қуёш нурининг таъсири туфайли юз берадиган ердан ҳовур кўтарилиши, яъни намлик ва буғланиш жараёнларида содир бўладиган кимёвий ҳодисалар мисоллар, масалалар ечиш орқали ўқувчиларга намойиш этилди. Ушбу жараёнларда Менделеев даврий системасидаги қайси элементлар иштирок этиши хусусидаги саволларга ўқувчилар аниқ ва пухта жавоблар беришди.

Шунингдек, табиий фанлар услуббирлашмаси режасига мувофиқ ўтказилган “биология фани билимдонларимиз” мавзусидаги очиқ дарс ҳам қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди. Бунда ўқувчилар ўзларининг биология фанидан олган билимларини тўгарак ва лаборатория машғулотлари орқали намойиш этишди. Хусусан, табиатда юз берадиган фотосинтез ҳодисаси, карбонат ангдрид газининг парчаланиши ва кислород ҳосил бўлиши жараёнлари хусусидаги ўз билимларини мустаҳкамладилар. Бундан ташқари, инсон организмининг генетик хусусиятлари,  PНК ва ДНК занжири, инсоннинг  иммун тизими ҳақидаги саволлар доирасида хотира-синов машқлари ўтказилди.

Бўлиб ўтган очиқ дарслар умумлаштирилиб, табиий фанлар ўқитувчилари маҳорати ва ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаларига баҳо берилди.

Шуниси аҳамиятлики, табиий фанлар ойлиги доирасида мактабда ўтказилган барча тадбирларда фан ўқитувчилари илғор инновацион педтехнологиялардан самарали фойдаланганлари боис, ўқувчиларнинг ҳар бир мавзуни қунт билан ўзлаштиришлари учун имконият яратилди.

Бу каби тадбирлар табиий фанлар услуббирлашмаси томонидан нафақат фан ойлиги доирасида, балки йил давомида амалга оширилади. Шу боис, мактаб ўқувчилари орасида табиий фанлар бўйича, айниқса, кимё фанидан ўтказиладиган фан олимпиадаларининг туман ва Pеспублика босқичи ғолиблари бор. Хусусан, кимё фани ўқитувчиси  Pуфат Шомуродовнинг ўқувчилари орасида мамлакатимиздаги энг нуфузли Олий ўқув юртларида таълим олаётган ёшлар талайгина. Бунда, албатта, нафақат фан ўқитувчиси, балки табиий фанлар бўйича услуббирлашма томонидан олиб борилаётган режавий тадбирлар, ўқувчилар билимини оширишга қаратилган мазмунан бой очиқ дарслар, тўгарак машғулотларининг ҳам аҳамияти катта.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: