"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

“ЖАЙХУН ИЛҲОМЛАPИ” ННТ АҲЛИ ШУАPОНИ НАВPЎЗ МУШОИPАСИГА ЧОPЛАДИ

Баъзан давраларда кўнгилларни тебратувчи бир савол теграсида қалблар ҳаяжонлар оғушига сингийди:

- Нега аҳли ашъор энг яхши шеърларини баҳорда ёзадилар ва фасли навбаҳорни мадҳ этадилар? Ажаб! Шоир қалби билан баҳорнинг уйғунлиги борми ё?

- Ҳа, бор, азизлар. Қадамлар кенгликларга элтади шоирни бу фаслда. Наинки шоир, инсон боласи борки, яшилланиб, тобора чирой очаётган боғлар бағрига ошиқади. Дилларни шукрона чулғайди:

- Кўкингга етказганингга шукур, Тангрим!

Ана энди айтинг, аҳли шуаро бундай паллада қандай уйига сиғсин?! Яратганнинг иродаси ила қалбига қуйилиб келаётган баҳорий байтларда ҳам орзулар, туғёнлар ғалаёни!

Уйим менинг ҳамма жойдан кенг эди,
Арши аъло, жаннатларга тенг эди.
Сиғмай қолдим шу маконга мен энди,
Азизлар навбаҳор келди!

Баҳорнинг гўзал ташрифи Амударё элининг шоиру шоираларини яна бир даврага жам этди. “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти қошидаги “Жайхун илҳомлари” нотижорат нодавлат ташкилоти раҳбари, таниқли журналист Ўрозали Pейимов ҳамда Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган журналист Саъдулла Хўжаниёзовларнинг ташаббуси билан ташкилот аъзолари иштирокида “Сен баҳорни соғинмадингми?” деб номланган баҳор мушоираси бўлиб ўтди. Бир пиёла чой устида бошланган мушоирада шоир ва эл севган саломчи Турсунбой Абдуллаев, шоир Аҳмад Нафасов, шоира қизлардан Зулфия Оллаёрова, Зуҳра Аҳмедова, Гулнора Юсупова, Муҳайё Ўринбоева ҳамда ҳаваскор шоира, 27-сонли мактаб ўқувчиси Турсуной Жиянбоевалар иштирок этишди.

Наврўзона шеърият базми аҳли шуарони шеър баҳсига чорловчи сатрлари билан бошланди.

Азизим, бошланди баҳор айёми,
Мартнинг этагида кўринди ризқ-рўз.
Қалдирғочга тўлди Ватан айвони.
Умрга зеб бериб келди гул Наврўз!
Сен ҳам даврага кел, кўнглингни очиб,
Яна Наврўз келди ризққа йўл очиб!

Қалбларига баҳор жўшқинлиги инган шоир оғалар Турсунбой Абдуллаев ва Аҳмад Нафасовлар бири-биридан ўзиб шеър ўқидилар. Шеърият базми давраси кенгайгандан-кенгайди, мушоира гали қизларга етди. Зулфияхон Оллаёрова шеър баҳсида ўзини намоён қилди. Латиф, ўйноқи, халқона сатрлари дилларга жо бўлди. Зуҳрахон Аҳмедова очилиб-сочилиб баҳорни мадҳ этаркан, ҳар бир қалб тубида бетакрор болалик хотиралари уйғонди. Ҳалинчаклар солланган баланд гужумлар, сумалакка чоғланган момолар мушоира даврасига сумалакнинг хуш ифорини  уфургандай бўлди гўё.

Гулнора Юсупова, Муҳайё Ўринбоеваларнинг бахшиёна ижод намуналари шеърият ихлосмандларини мафтун этди. Энг жажжи ижодкор Турсуной Жиянбоеванинг қалбидан тўкилган ўйноқи сатрлар баҳор жилғалари каби кўнгилларга гўзаллик бағишлади.
“Сен баҳорни соғинмадингми?” мушоира базми ташкилотчилари Саъдулла Хўжаниёзов ва “Жайхун илҳомлари” ННТ раҳбари Ўрозали Pейимовларнинг баҳорий байтлари кўкламга етган кўнгилларга шукроналик, орасталик, самимият бағишлади. Ҳақиқатан ҳам баҳорни соғинган кўнгиллар янада тозарди, янги ижод лаҳзаларига ошно бўлди. Турсунбой Абдуллаев шу ернинг ўзида достон йўлларида табриклар битиб, туманимизнинг ардоқли фарзандларига, шу баробарида мушоира иштирокчиларига ҳам шеърий саломлар йўллади. Баҳорни соғинган кўнгиллар юксалиб бу қутлуғ кунга шукроналар айтилди.

Амунинг сувларига тўш уриб учган қушим,
Болажонлар қувончин пирпираб, қучган қушим –
Варракларми!? Йўқ, улар ЭPК нурин ичган қушим,
Э-ҳей! Яшил бўрк ила чулғанди ўнг-у тушим.
Кўкланди қир-у далам! Кўзларга суртдик, шукур!

Ташкилот аъзолари, бадиий ижод аҳли томонидан ўтказилган ушбу мушоира ҳар бир қалбга жўшқинлик, баҳорий илҳом ва шукурона бағишлади.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: