"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

Инглиз тили фанидан ноанъанавий усулда намунавий очиқ дарс ўтказилди

Мамлакатимизда чет тиллар, айниқса, инглиз тилини ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунги кунда мактабгача таълим, мактаб, олий таълим муассасаларида инглиз тилини дунё талабларига жавоб берадиган даражада ўқитиш асосий вазифалардан бирига айланди. Чунки тил билган – эл билади. Илм-фани, саноати юксак ривожланган Хитойда инглиз тилини ўрганганлар ва инглизча сўзлаша олувчилар сони  100 миллион нафардан ортиқ экан.

Бу, албатта, ўз-ўзидан Хитойнинг бугунгидек даражага етишида инглиз тили қанчалик катта роль ўйнаганини кўрсатади.

Туманимиздаги 55-сонли мактабда шу йил 12 март куни инглиз тили ўқитувчиси Барчиной Собированинг ноанъанавий усулда ўтказган намунавий очиқ дарси муқаддимасида ўқувчиларга бу ҳақда батафсил маълумот берилди, тилни ўрганиш борасида замонавий ахборот-коммуникацион технологияларининг роли батафсил тушунтирилди.

“Қандай қилиб плагиатликнинг олдини олиш мумкин” деб номланган ушбу намунавий очиқ дарсни мактаб ўқитувчилари, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Дилфуза Ўрозбоева, услуббирлашма раиси Ойсулув Омонова, инглиз тили фани ўқитувчилари Назокат Олламберганова, Шаҳодат Қурбонова, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Баҳром Ҳикматуллаевлар кузатиб, таҳлил қилиб бордилар.

Муаллим мазкур дарсида мавзу юзасидан ўқувчиларга тўла тушунтириш беришга интилди. Дарс ахборот-комуникацион технологиялар воситаларидан фойдаланилган ҳолда ўтилди ва ўқитувчи маърузасидаги эътиборли жиҳатлар электрон доскада ўз ифодасини топди. Мавзу тақдимоти тугагач, педагог гуруҳ бўлиб ишлаш методидан фойдаланган ҳолда ўқувчиларни гуруҳларга ажратди ва мавзуни мустаҳкамлаш учун савол-жавоб усулидан фойдаланиб, машқлар бажаришга жалб этди.
Намунавий очиқ дарсни ўқувчилар қай даражада ўзлаштирганликларини аниқлаш мақсадида оғзаки савол-жавоблар ҳам амалга оширилди. Бунда ўқувчилар Ҳамида Қўчқорова, Исломбек Кўкланбоев, Умида Эрдошева, Азамат Кенжаев, Нодирбек Аҳмедовлар фаол қатнашдилар ва ўзларининг билимдонлигини, зукколигини яққол намойиш этдилар.

Намунавий очиқ дарс кузатувчилари дарс сўнггида Барчиной Собированинг ноанъанавий усулда ўтган ушбу дарсида мавзу тўлиқ очиб берилганлигини, машғулот давомида ўқувчиларнинг эътиборини торта олганлигини ва яхши ўзлаштиришларига эришганлигини, бу саволларга ўқувчиларнинг дадил ва аниқ жавоб беришга интилганларида намоён бўлганлигини таъкидладилар. Ва яна таъкидландики, дарс жараёнини ўқувчилар учун қизиқарли машғулотга айлантириш ўқитувчи маҳоратини белгилайди.

Инглиз тили дунё илм-фанини ўрганиш сари йўл очадиган муҳим восита экан, уни ўқувчи-ёшларга пухта ўқитиш, ўргатиш ҳам долзарб вазифалар. Бу йўлда энг самарали усуллардан фойдалана олиш ҳам муҳим.

Айтиш мумкинки, бу борада 55-сонли умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилаётган ишлар ибратга лойиқ.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: