"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10148.3 +8.70
  • 1 EUR = 11262.6 +210.20
  • 1 RUB = 144.05 +2.65

БЕЛЛАШУВ ЎҚУВЧИЛАP БИЛИМИНИ СИНОВДАН ЎТКАЗДИ

Мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида  фан ойликлари доирасида турли тадбирлар, ўқув семинарлари, намунавий очиқ дарслар, фестиваллар ташкил этилади. Бу тадбирлар ўқитувчиларнинг  таълимдаги  илғор методлардан фойдалана олиш имкониятларини, қай даражада ўз устида ижодий ишлашларини ва  дарс машғулотларига ўқувчиларни қизиқтира олишларини синовдан ўтказади. Шунингдек ўқувчиларнинг  мазкур фанлардан олган назарий  билимларини  амалиёт билан боғлашларига,  кўникма ва малакасини шакллантиришга  хизмат қилади.

    Шу йил 28 февраль куни 65-сонли мактабда ҳам фан ойлиги доирасида  “Ал Хоразмий издошларимиз” деб номланган кеча ташкил этилди. Тадбирда юқори синфлар ўқувчилари  мактабнинг математика ва информатика фани ўқитувчилари Зайнаб Юсупова, Олимжон Олламберганов, Феруза Нурекеева, Азиз Насруллаев, Гулистон Қодирова, Муҳаббат Мадиёровалар  кўмагида тайёрлаган  юртимизнинг Ал Хоразмий каби аниқ фанларга оид дунё илм фани ривожига улкан ҳисса қўшган аллома боболаримиз ҳақидаги  маърузаларини ўқидилар. Маърузаларда Хоразмий дунё фанига ғоят катта ҳисса қўшганлиги ҳақида сўз юритилди. Бобокалонимизнинг алгебра фанининг асосчиси бўлганлигини, “Алгебра” сўзининг ўзи эса унинг “Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала” номли рисоласидан олинганлиги, бошқа асарларидан фарқли ўлароқ алгебраик рисоласининг учта қўлёзмаси сақланганлигини маълумот сифатида келтириб ўтишди. Маълумотларга бой маъруза ўқувчи-ёшларга жуда манзур бўлди.

Шундан кейин  ўқувчиларнинг  математика ва информатика фанларига оид билимлари синовдан ўтказилди. Илк топшириқ кроссворд  ечиш эди. Бунда яширинган сўзлар айнан математика ва информатика фанларига оид бўлганлиги сабабли  ўқувчилар тезкорлик билан топишга, дарс машғулотларида олган билимларини  намойиш этишга ҳаракат қилдилар. Шунингдек, математик савол-жавоблар беллашуви, қизиқарли математик жумбоқларни ечиш шартлари ижроси  ҳам  жуда ҳаяжонли бўлди.

Ўқувчилар ҳар бир шартни аниқ ва тўғри бажаришга, ғолибликни қўлдан бермасликка ҳаракат қилдилар. Мактаб ўқитувчилар жамоаси ва ўқувчилар уларни қўллаб-қувватлаб, ғолиблик сари руҳлантириб турдилар. Шунингдек, тажрибали аниқ фанлар ўқитувчиларидан тузилган ҳакамлар ҳайъати аъзолари  берилган саволларга аниқ ва батафсил жавоб беришлари ва   топшириқларни тезкор ва пухта бажаришларига қараб  ўқувчилар иштирокини холисона баҳолаб бордилар. Ўқувчилар ўзларининг аниқ фанлардан олган билимларини намойиш этишларига шароит яратган ушбу танловнинг ҳар бир босқичида  муваффақиятли иштирок этишга интилдилар. Бироқ синовда, албатта, энг кучлилар  ютади ва бу бошқа ўқувчиларни ҳам ғолиблик сари ундайди.

 Тадбирда билимдонликда ғолиб бўлган ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан рағбатлантирилди. Фан ойлиги доирасида ўтказилган тадбирлар ўқувчиларнинг мазкур фанларга бўлган қизиқишларини оширди ва яна ҳам чуқур билим олишга ундади.

Мамлакатимизда   улғайиб келаётган ёш авлодга  юртимиз тараққиётини, тақдирини ҳал қилувчи куч сифатида қаралмоқда. Чунки эртаги кунимизнинг эгалари – ёшлардир.  Шу боисдан ҳам ўқувчи-ёшларга пухта таълим бериб, билим асосларини  чуқур эгаллашига хизмат қилувчи бунингдек тадбирларни кўпроқ ўтказиш  муваффақиятларга асос бўлади.

     
О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: