"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

Боғдорчилик бўйича ўқув семинари бўлиб ўтди

Сўнгги вақтларда юртимиз бўйлаб, жуда катта майдонларда янги, интенсив усулдаги боғлар барпо этилмоқда ҳамда эскилари қайта ташкил қилинмоқда. Уларнинг аксарият қисмини олма, гилос, шафтоли, олхўри, ток ва ёнғоқзорлар ташкил қилади.
Боғбон, деҳқонларимизнинг билим ва малакаларини ошириш, соҳадаги янгиликлардан хабардор этиб бориш, янги боғларни тўлиқ кўкартириб олиш, мева касалликларидан самарали ҳимоялаш ҳамда мўл ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, интенсив боғдорчилик ҳам бугунги кунда мева кўчатларини етиштиришнинг жуда илғор технологиясидир.
Бугунги кунда мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча тармоқлари қаторида боғдорчиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 10 март санасида туман ҳокимлигининг мажлислар залида янги интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш бўйича семинар-тренинг ўтказилди.
Мазкур семинар ҳудудларда интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, маҳаллий боғбонларнинг малакасини оширишларига ёрдам кўрсатиш ва шу мақсадда қўшимча лойиҳа имконияти доирасида боғдорчиликка ихтисослашган туманларда кичик агротехник хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этишга амалий ёрдам қилиш мақсадида ташкил этилди.
Семинар Германия халқаро жамияти, яъни ЖАЙЗЕД фирмасининг Ўзбекистон Pеспубликасидаги боғдорчилик йўналиши бўйича лойиҳа координатори Умид Сайфиддинов, Ўзбекистон Pеспубликаси Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг бош мутахассиси Ҳасан Мўминовлар иштирокида бўлиб ўтди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Pеспубликаси боғдорчилик йўналиши бўйича лойиҳа координатори Алишер Қодиров, Қорақалпоғистон Pеспубликалари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи Джахан Алламберганов, туман Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ислом Маткаримов ва 60 га яқин туманимиз боғбонлари семинар-тренингда қатнашдилар.
Семинар-тренингни туман Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ислом Маткаримов очиб берди. У ўз сўзида юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳалари, айниқса, боғдорчилик соҳасининг ривожлантирилишига қаратилаётган эътибор хусусида кенг тўхталди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини, айниқса, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчиликни ривожлантириш, бу борада янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилаётган алоҳида эътибор озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Семинар-тренингда Умид Сайфиддинов интенсив боғдорчилик соҳасида фермер хўжаликларида бугунги кунда ҳаётимизга тезлик билан кириб келаётган янги технологиялар аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, жамият тараққиётини янада жадаллаштириш, турмушимиз фаровонлигини ошириш, ҳаётимизда ўз ечимини кутаётган экологик, ижтимоий ва бошқа муаммоларни бартараф этишга қаратилганлиги тўғрисида сўз юритди. Ундан ташқари, интенсив боғдорчиликни ривожлантириш учун дастлаб ер танлашни тўғри ташкил этиш, шудгорлаш, текислаш, бахорги-кузги шўр ювиш ишларига катта эътибор қаратиш, мевали дарахтларга тўғри шакл бериш, мевали дарахтларни пайвандлаш усуллари ва турлари, уларга ҳар хил кимёвий воситалар билан ишлов бериш усуллари ҳақида батафсил маълумот берди.  
Семинарда сўзга чиққан масъуллар томонидан интенсив боғлар майдони йилдан йилга кўпайиб бораётгани эътироф этилиб, янги экилган кўчатларнинг яхши ўсиши, ривожланиши учун июнь ойида тез-тез томчилатиб суғориш билан бирга кўчат атрофига иккинчи марта 100-120 грамм азотли ўғит солиш тавсия этилди.
Семинар жуда қизиқарли ўтди. Туманимиз боғбонлари соҳа бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан тўлиқ жавоблар олдилар. Боғдорчиликни ривожлантириш бўйича қатор керакли, янги маълумотларга эга бўлдилар.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

Янгиликни бўлишинг: