"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

Баҳорой ва Деҳқонбобонинг ташрифига бағишланган тадбирлар ўтказилди

 “Яшил Ўзбекистон – яшил маҳаллам!” шиори остида 11-сонли мактабнинг Бештом маҳалласидаги жойлашган филиалидан бошланган тадбир мактабнинг асосий биносида ҳам ўтказилди.

14 март куни мактабнинг Қипчоқ шаҳарчасидаги асосий биносида янада жўшқинлик билан давом этди. Шу куни мактаб ҳовлиси байрамона безатилди. Ёшлар ҳаётини давр билан ҳамоҳанг тарзда ўзгартириб, эзгуликлар бахш этган 5 та муҳим ташаббус доирасида мактаб ўқувчилари томонидан амалга оширилаётган ишларни ўзида акс эттирган кўргазма ташкил этилди. Кўргазмадан ўқувчиларнинг спортда, санъат ва ахборот технологиялари китобхонлик ҳамда касб-ҳунар эгаллаш йўналишларида эришган ютуқлари жой олди.

Тадбирни Наврўзни соғинган халқимизга қувонч ва шодлик бахш этувчи жарчининг чорлови бошлаб берди. Ҳаяжонга тўла дақиқаларда жарчининг чорлови билан даврага кириб келган Баҳорой ва Деҳқонбобонинг ташрифидан барча хурсанд бўлиб, она Ватанимизга кириб келаётган яшнаш ва яшариш, гуллаш фасли  Наврўз – янги кун билан бир-бирларини муборакбод этдилар.

Байрам тадбирида Қипчоқ шаҳарчаси фуқаролар йиғини раиси Нураддин Холбоев, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мунаввар Жўлдасова, рус тили ва адабиёти бўйича фанлар олимпиадасининг туман ғолиби Севинч Оқмоновалар сўзга чиқишиб, барчани байрам билан қизғин табрикладилар.

Наврўз – ризқ-рўз, насиба, озод меҳнат, яратиш айёми эканлигини ифодаловчи куй-қўшиқлар янграб, даврага 2-синф ўқувчилари “Нон ёпганда менинг ойим” ашуласи билан кириб келишганида гўё байрам иштирокчилари она заминда етилган азиз неъмат – буғдой уни ва хушбўй иссиқ нон ҳидини ҳис этдилар.

Шундан сўнг, 11-синф ўқувчилари томонидан тайёрланган бешик тўйи маросими намойиш этилди. Бешик тўйига 7-синф ўқувчилари томонидан ижро этилган “Қамчи бос!” қўшиғи, “Бинафша” рақси, 8-синф ўқувчи-қизлари томонидан маҳорат билан ижро этилган “Наврўз” ашуласи уланиб, байрамга ажиб руҳ бағишлади.

Байрам тадбири бири-биридан дилкаш ашула ва рақслар, саҳна кўринишлари билан давом этди. Айниқса, 10-синф қизлари талқинидаги “Лазги афсонаси” композицияси барчада Хоразм рақс санъатига нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотди.
Байрам тадбирида ўқувчилар томонидан ижро этилган барча куй ва қўшиқлар, саҳна кўринишлари, Наврўз тарихи ҳақидаги шеърий композиция ўзининг қалбларга яқинлиги, бобомерос удумлар, маънавий-маърифий қадриятларни тўла акс эттиргани билан даврага янада файз бағишлади.

Тадбир давомида мактаб кутубхоначиси Меҳрибон Йўлдошева раҳбарлигида зукко китобхонлар  томонидан тайёрланган саҳна кўриниши ҳам намойиш этилиб, ёшларни китобхонликка давъат этувчи шеърлар, буюк ёзувчиларнинг асарларидан иқтибослар жаранглади.

Шу куни бу ерда ҳам биргаликда байрам дастурхонига “Наврўз гўжа” тайёрланиб, барчага тортиқ қилинди. Ҳамжиҳатликда мактаб атрофи ободонлаштирилди, гул ва дарахт кўчатлари, маҳаллий дарахтлардан қаламчалар экилди.

“Яшил Ўзбекистон – яшил маҳаллам!” шиори остида олиб борилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари ҳам фаол иштирок этдилар.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: