"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

«ЖАННАТ – ОНАЛАP ОЁҒИ ОСТИДАДИP» ДЕБ НОМЛАНГАН ТАДБИP БЎЛИБ ЎТДИ

Халқимизда гул ўсса ернинг кўрки, қиз ўсса элнинг кўрки, деган мақол бор. Ҳа, чиндан-да маънавиятли, маърифатли, одобли ва ҳаёли-иболи қизлар ота-онасига  ҳам, устозларига ҳам шараф келтиради. Шу боисдан ҳам уларнинг муносиб бўлиб вояга етишига   эришиш учун ҳаракат  жуда кичкиналигидан бошланади.

Мамлакатимизда барча умумий ўрта таълим мактабларида бўлгани каби туманимиз  таълим муассасаларида ҳам қизларимизнинг таълим-тарбиясига  алоҳида  эътибор берилади, касб-ҳунарга илк кўникмаларини шакллантириш мақсадида  тўгаракларга жалб этилади. Боиси қизлар бўлғуси оила бекалари, жамиятимизнинг кичик бўлаги  бўлмиш ушбу муқаддас маконнинг тинч-осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшувчи,  уни ўзининг меҳри ардоғида асраб-авайлагувчи зотдир.

Бу борада олиб борилаётган  ишлар самарасини аниқлаш мақсадида 65-сонли мактабда «Жаннат – оналар оёғи остидадир» деб номланган тадбир ўтказилди. Тадбирда мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.
Тадбирда аввало аёлларнинг, оналарнинг фарзанд тарбияси ва жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида маъруза қилинди, мамлакатимизда хотин-қизларга  қаратилаётган  эътибор ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Байрамга бағишланган тадбирда 4-синф ўқувчиларидан энг билимдон ва зукко 6 нафар  қизлар «Балли қизлар» танловида  қатнашиб, ўзларининг салоҳиятини намойиш қилишди.

Танловда улар замонавий ахборот-коммуникация технологияларини  қай даражада эгаллаганликларини, эпчилликларини ва мамлакатимизда  ёшларга оид  амалга оширилаётган ўзгаришлар борасидаги билимларини синовдан ўтказдилар. Айниқса, «Арзанда бўлма – назарда бўл» деб номланган баҳорий салат  тайёрлаш шарти жуда қизиқарли бўлди. Ушбу шартда ҳакамлар ҳайъати аъзолари қизларнинг заминимизда етиштириладиган  сабзавотлардан, дармонбахш кўкатлардан ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан тўйимли ва саломатлик учун фойдали салатлар тайёрлашига,  маҳсулотларни исроф қилмай тўғри артиб тозалашига, дастурхонга иштаҳани очадиган, кўркам қилиб тортишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Тарбия болаликдан бошланади, деган доноларимизнинг нақли ушбу тадбирда ҳам ўз ифодасини топгандай бўлди. Боиси ҳали эндигина ўн ёшдан ўтган қизалоқларнинг этагига фартук тақиб, чиройли кийиниб, ўзларини ошхона бекасидай тутиб, масаллиқлардан  мазали  салат тайёрлашидан, ҳар бир маҳсулотни ўзига хос маҳорат билан идишларга жойлашидан  уларнинг оналарига жажжи ёрдамчи бўлиб қолганларини   англаш қийин эмас.

 Танлов шартлари орасида мактаб бадиий ҳаваскорлари ижросида намойиш этилган  байрамга бағишланган  мусиқий дастур тадбир шукуҳини яна ҳам оширди. Ўқувчилар томонидан ижро этилган шўх қўшиқлар, баҳор ва аёлни мадҳ этувчи шеърлар, дилрабо рақслар ҳаммага ниҳоятда манзур бўлди ва кўтаринки кайфият бахш этди.

  Юртимизда байрамлар, қутлуғ кунлар кўп. Ҳар бирининг ўз мазмун-моҳияти бор. Ҳар йили  мамлакатимиз бўйлаб, кўклам кириб келиши билан турли байрамлар муносабати бошлаб юбориладиган тадбирлар ҳам элимизга кўтаринки руҳ ва илҳом бахш этиб, яратувчанликларга, бунёдкорликларга бошлайди.

 Мактабнинг 4-синф ўқувчи-қизлари иштирокида ўтказилган мазкур тадбир  ҳам барча  томошабинларда улкан таассуротлар қолдирди.

ОЙГУЛ PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: