"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10209.9 +1.30
  • 1 EUR = 12021.1 +125.00
  • 1 RUB = 137.46 -5.37

“Яшил Ўзбекистон – яшил маҳаллам!” шиори остида тадбирлар ўтказилди

Барча замонларда ҳам халқимиз ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик билан яшаб, ўз ҳаётига оид қувонч-у ташвишларини биргаликда баҳам кўришган. Халқимизга хос бўлган бу бобомерос қадрият, айниқса, баҳорда Наврўз арафасида янада яққолроқ намоён бўлади.

Қипчоқ шаҳарчаси ҳудудида жойлашган 11-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчилар ва ўқувчилар жамоаси учун байрам арафасидаги кунлар ҳақиқий маънодаги Наврўзона қадриятлар тантанасига айланди.

13 март санасида мактабнинг Бештом маҳалласи ҳудудидаги филиалида бўлиб ўтган байрам тадбирида маҳалла фаоллари, ўқувчиларнинг ота-оналари, филиал педагогика жамоаси иштирок этишди. Шу куни мактаб филиали биноси атрофи “Яшил Ўзбекистон, яшил маҳаллам!” шиори остида ободонлаштирилиб, байрамона безатилди. Ҳамжиҳатликда эзгу ниятлар билан бино атрофига манзарали дарахт кўчатлари экилди. Ушбу хайрли ишда мактаб ўқувчилари ҳам фаол қатнашдилар, кўчатлар учун чуқурчалар қазиб, сув келтирдилар.

Тадбирда ўқитувчилар ва ота-оналар раҳбарлигида ўқувчилар қадимий таомимиз бўлган “Наврўз гўжа” пишириш санъатини ҳам ўргандилар. Таомни тайёрлашда ишлатиладиган дошқозон, ўтин, кели-келисоп ва бошқа зарур нарсаларни тахт қилишда барчаси бирдамликда кўтаринки кайфият билан қатнашдилар. Баҳорнинг етти хил неъмати қўшиб пиширилган “Наврўз гўжа” дастурхонларга тортилишидан аввал Бештом маҳалла фуқаролар йиғини раиси Озод Сийтимов барчани элимизни яшил либосга буркаб кириб келадиган Наврўз айёми билан табриклади.

Мактабнинг педагоглар жамоаси ҳам барчани байрам билан қутлаб, шу кунларда энг олис қишлоқ ҳамда овулларда ҳам кўчат экиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авжига чиқаётганлигини, беморлар, ёлғизлар  ҳолидан хабар олинаётганлигини, меҳр-у саховат улашилаётганини сўзлашди. Шунингдек, филиал ўқувчиларига сифатли таълим-тарбия бериш борасида яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар, ўқитувчиларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида ҳам гапириб ўтдилар. Тадбирда иштирок этаётган ота-оналар, маҳалла фаоллари ҳам Наврўзи олам ўлкамизга қадам қўйиши билан ҳамма ён-атрофдаги мавжудотнинг уйғониши, куртаклар ва гул-чечаклар очилиши, ер-у кўк бағрида юз бераётган ўзгаришлардан, баҳор нафасидан баҳраманд бўлишини, она-табиатимизнинг узвий ва ажралмас бир қисми эканини чуқур ҳис қилишини кўтаринки руҳ билан ифода этдилар.

Шундан сўнг, хуштаъм баҳор таоми – “Наврўз гўжаси” дастурхонларга тортилиб, байрам иштирокчиларининг барчаси бу хушхўр таомдан баҳраманд бўлдилар.

Байрам томошалари Наврўзнинг мазмун-моҳияти, қадр-қимматини таърифловчи, миллий урф-одатларимизни улуғловчи завқли рақслар ва куй-қўшиқлар билан давом этди. Мактаб ўқувчилари иштирокида тайёрланган  бадиий-мусиқий дастурда  баҳор ва Наврўз, меҳнат ҳамда тинчлик, мустақилликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Шу куни бештомлик болалар миллий ўйинларни ҳам ўйнадилар: чиллак, бештош, арқон тортишув, қўл кучини синаш, оқ теракми кўк терак каби ўйинлар барчага хуш кайфият бағишлади.

P. Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: