"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

ЕP ДЕҲҚОННИ БЕЖИЗ СИЙЛАМАЙДИ

Мен туғилиб-ўсган Тўлқин овулида Собир ака Йўлдошев деган жуда миришкор деҳқон, тадбирли киши бир умр бригада бошлиғи бўлиб ишлаб ўтган. Биз ўқувчилик давримизда мактабдан чиққач, ғўза яганаси, бегона ўтлардан тозалаш, ҳосилини териш ишларида доим колхозчилар билан бирга меҳнат қилардик. Бу ёзилмаган қоидага ҳамма бирдай, сўзсиз бўйсунарди.

Собир ака раҳматлик бизнинг ишимизни назорат қилиб юрар, ишимизни пухта бажаришга ундарди. Орқамизда бегона ўт қолиб кетса, ёнига чақириб:

– Мана бу пахта ниҳолини чигит экиб, ўзимиз кўкартирганмиз, бу ёввойи ўтлар эса ўтган йилги бегона ўтларнинг уруғларидан ернинг бағрида ўзи кўкартирган ўз боласи. Ўз боласи турганда ер бошқа экинга меҳр бермайди, шунинг учун эккан экинимизни ҳимоя қилиб, бегона ўтлардан тозалаб қўймасак, яхши ҳосил ололмаймиз, – дер эдилар.

Мактабнинг юқори синфларида ўқиб юрган дамларимда эшитганим отахон деҳқоннинг ушбу сўзлари ниҳоятда топиб айтилганига бутун ҳаётимда гувоҳ бўлиб келаяпман. Ҳа, ер деҳқонни бежиз сийламайди, ернинг тилини билиб, меҳнат қилган инсонгина унинг саховатига сазовор бўлади.

Қорамон маҳалласида истиқомат қилувчи Фарҳод Яхшимовнинг томорқа ерларида олиб бораётган ишларини кўриб, бунга яна бир бор амин бўлдим. Унинг 30 сотихлик томорқа ерида экин экиладиган қисмининг 80 фоизини иссиқхона ташкил этади. Фарҳод Яхшимов иссиқхонада аёли Шарофат ва ўғил-қизлари кўмагида асосан гулчилик билан шуғулланади. Асли мутахассислиги маданият ходими бўлган гулчи узоқ йиллар маданият бўлимида ишлади, халқимизнинг яхши кунларида хизмат қилиб, олқиш олди. Умри деҳқончиликда ўтган, кейинчалик “Чашма” фермер хўжалиги раиси бўлиб ишлаган отаси Юсуф Яхшимов кексайиб, кучдан қолган пайтларида ундан ишини давом эттиришини сўради. Шу тариқа у 10 йилдан зиёд вақт фермерлик қилди. Туманимизда фермер хўжаликлари ҳудуди кенгайтирилган вақтда “Чашма” фермер хўжалиги ерлари қўшни хўжалик билан бирлаштирилди ва Фарҳод Яхшимовнинг ўз томорқасида неча йиллардан бери қизиқиб шуғулланиб келаётгани – гулчиликни ривожлантиришига имконият яратилди.

Ҳозирги кунда унинг томорқасидаги қўлбола усулда ишланган иссиқхоналарида биргина атиргулнинг 14 хили бор экан. Бундан ташқари, бир неча хил сирень, бульдонеж, метровка каби 10 турдан зиёд гул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйишган. Гуллар асосан қаламчалардан етиштирилади. Жорий йилнинг ўзида улар ҳудудимизга мослашган тўрт хил арча турларидан 1000 тупдан зиёд кўчат етиштириб, бозорга, корхона-ташкилотларга, мактабларга сотишди. Pоза, сирень, бульдонеж навли гулларнинг 10 000 тупдан зиёди ҳозир томорқасида мавжуд.

Оиладаги даромад манбаи фақат буларгина эмас, ярим сотихча ерда плёнка остига экилган исмалоқни улар ўтган йилнинг октябрь ойидан бери бозорга чиқаришаяпти. Барглари юлиб олинган исмалоқ эса бир марта суғорилса, ҳафтадан сўнг яна етилаверар экан.

– Баъзан шу тансиқ кўкатни олишга атай бозорга келдим, дейдиганларга, ҳаммагаям айтаман, кафтдеккина ерга экиб қўйсангиз – истаган вақтингизда олиб ейверасиз, – дейди кулиб, оила бекаси Шарофат. Улар шугина ерида ҳар йили исмалоқдан сўнг бодринг, ундан кейин эса гул кўчати етиштиришади, яъни уч марта ҳосил олишади. Бир сотихдан зиёд ерда редиска етилай деб турибди.

Фарҳод Яхшимовнинг хонадонида бўлган одам ернинг ҳақиқий хазина эканлигига, фақат ундан фойдалана билиш лозимлигига сидқидилдан иқрор бўлади.

Эшитган гапларингга ишонма, эшитганларинг кўрганларингга тенг бўлолмайди, деган доноларимиз нақлига амал қилиб, Қорамон маҳалласида истиқомат қилувчи Фарҳод Яхшимовнинг хонадонида бўлиб кўрганларимиз – оила аъзоларининг амалга ошираётган ишлари чиндан-да одам ҳавас қилгулик. Уларнинг хонадонида 2 та – бири 1300 дона, яна бири 600 дона жўжа очиш қувватига эга инкубаторлар ҳам ишлаб турибди. Яқин кунларда илк босқичда 2 минг донага яқин жўжа чиқиш арафасида экан. Хонадон бекасининг айтишича, жўжани қишда ҳам очаверса бўларкан, фақат боқиш машаққатли. Ўтган йилларда ҳатто бир кунда юзтадан зиёд сўйишга яраб қолган товуқларни сотган кунла-ри бўлибди. Гулчилик ташвиши билан орадан ўтган бир неча йиллик танаффусдан сўнг, бу йил яна инкубаторларини ҳам ишга туширишибди.

– Шу меҳнатларимизнинг орқасидан ҳеч кимдан кам бўлмай яшаяпмиз, болаларимизнинг бирини ўқитиб, ҳовли солиб бериб, уйли-жойли қилдик, қиз узатдик, кичик қизимизни ҳам ўқитиш ниятимиз бор, – дейди Фарҳод ака камтарлик билан кулиб.

Уларнинг хонадонида бўлган киши оиласини обод қилиш учун томорқа ернинг ўзи ҳам кифоя қилишини англайди. Ҳа, озгина ер ҳам ишнинг кўзини билган одамга хазинага баробар экан. Ҳавас қилгулик ҳовли-жой, бўсағасида ўзимизда ишлаб чиқарилган шахсий автомобиль, фарзандлар камоли йўлидаги сарф-харажатлар... буни исботлаб турибди. Оилавий фаолиятининг йилига ўртача қанча даромад беришини, кўз тегмасин дебми, айтишни истамаса-да, уларнинг ўз ишларидан мамнунлигининг ўзи кишида ҳавас уйғотади, кўнгилларга яратиш, яшнатиш завқини солади. Бу деҳқон меҳнатининг яна бир савобли, фойдали жиҳати.

Янгиликни бўлишинг: