"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

“Табиат ва биз” деб номланган тадбир ўқувчиларнинг табиий фанларга бўлган қизиқишларини янада оширди

Мамлакатимизда умумий ўрта таълим мактабларида март ойи бошида табиий, яъни химия, биология, физика фанлар ойлиги дея белгиланганлиги муносабати билан турли тадбирлар ўтказилди. Тадбирларда ўқувчиларнинг билимлари, фанларга бўлган қизиқишлари оширилиб, дунёқарашлари кенгайтирилди.

Туманимиздаги 3-сонли мактабда ҳам мазкур фанларни ўқитиш замонавий талаблар даражасида бўлишини таъминлаш, фанлар ўқитувчиларининг педагогик маҳоратини  ошириш, уларнинг ижодий изланишлари ва меҳнатини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, фан ойликлари доирасида ўқувчилар билимининг давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларига мослик даражасини аниқлаш мақсадида  билимлар беллашувлари, викториналар ва турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

Шу йил 12 март куни бўлиб ўтган ойлик доирасидаги яна бир тадбир “Табиат ва биз” деб номланди. Унда мактабнинг юқори синфлари ўқувчилари иштирок этишди.

Атроф-муҳит, инсонни қамраб олган табиий омиллар – ҳаво, сув, атмосфера, ер, ўсимликлар, ҳайвонот дунёси табиатдир. Она заминимиз, мусаффо ҳаво, сув, қуёш нури барча-барчаси табиатнинг  бетакрор мўъжизаларидир. Инсон дунёга келибоқ ушбу неъматлардан баҳраманд бўлади. Бироқ бутун ҳаёти давомида уларни қадрлай оладими? Афсуски йўқ! Шунинг натижасида атмосферамиз ифлосланиши тобора кучайиб, табиий мувозанатга салбий таъсирини ўтказмоқда. Натижада турли экологик муаммолар туғилаяпти.

Мактабда ўтказилган “Табиат ва биз” деб номланган тадбирда дастлаб шу ҳақда маъруза қилинди. Биология фани ўқитувчилари Комила Холмуродова, Сапура Тўраниёзова, Динора Есекеева, химия фани ўқитувчилари Элза Шомуродова, Дилфуза Айназарова, физика фани ўқитувчиси Сарвиноз Саъдуллаевалар ҳамкорлигида тайёрланган ушбу тадбирда ўқувчилар чор-атрофга баҳорий кўркамлик ва хуш кайфият улашувчи гулларга таъриф бердилар. Гуллар инсон руҳиятини стресслардан ва чарчоқдан қутқаришда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида ибратли сўзлар, шеърлар ижро этдилар.

Саҳнага ўқувчи йигит-қизлар кўтарилиб, ҳудудимизда табиий равишда ўсадиган ўсимликлар ва атроф-муҳит мувозанатини сақлаб туришдаги уларнинг аҳамияти ҳақида кўпгина маълумотлар айтдилар.

Буюк химик олим Менделеевнинг ҳаёти ва фаолияти, у яратган даврий жадвалнинг аҳамияти ҳақидаги маъруза ҳам тадбир томошабинларига кўпгина билимлар берди. Мактабнинг 10-синф ўқувчилари иштирокида ижро этилган “Оролнинг қайтиши” деб номланган саҳна кўринишини йиғилганлар кўзларида ёш билан томоша қилишди.

Шунингдек, “Ёш физиклар” тўгараги аъзоларининг фанга оид қизиқарли тажрибалари, физик фокуслари, фантамимолари барчага улкан таассуротлар ҳадя этди.

“Табиат ва биз” деб номланган тадбир ўқувчиларнинг табиий фанларга бўлган қизиқишлари ошишига хизмат қилди, бу борада ўқувчиларнинг олган билимларини синовдан ўтказди. Шу билан бирга она табиатимизга онгли муносабатда бўлишга ундади.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: