"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

МАКТАБДАГИ ТЎГАPАК АЪЗОЛАPИНИНГ “ҚИЗЛАPЖОН” КЎPИК-ТАНЛОВИ ЎТКАЗИЛДИ

Муҳтарам Юртбошимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш юзасидан белгилаб берган бешта муҳим ташаббусига мувофиқ туманимиз мактабларида фаолият бошлаган спорт, ахборот-коммуникацион технологиялари, санъат, касбга йўналтирувчи тўгараклар ўқувчи-ёшларнинг иқтидорини аниқлаш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, мутолаага эътибор ортиб, китобхон ўғил-қизлар сафи кенгаймоқда.

Тумандаги 47-сонли умумий ўрта таълим мактабида бу борада ташкил этилган тўгараклар аъзолари “Беш ташаббус – беш имконият” шиори остида ўқиб, билимларини оширишмоқда. Ундан ташқари, спорт билан шуғулланиб, жисмоний чиниқишга, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини чуқур ўрганишга ва илк касб-ҳунар кўникмаларини олишларига яратилган шароитлардан унумли фойдаланишга интилмоқдалар.

Яқинда мактабда ушбу тўгараклар аъзолари иштирокида “Қизларжон” кўрик-танлови ташкил қилинди.

Тадбирни мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ҳамдам Ҳайитбоев очди ва ўқувчи ёшларнинг билимларини оширишлари учун яратилаётган шароитлар ҳақида гапирди, беш ташаббус ижроси йўлида амалга оширилаётган ишларга кенг тўхталди. Қизларнинг иқтидорини синовдан ўтказиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларга мотивация бериш мақсадида ташкил этилган танлов иштирокчиларига омадлар тилади.

Кўрик-танловни тадбир ташкилотчиси Муҳаббат Мадраҳимова олиб борди. Унда дастлаб бошланғич синфлардан энг фаол ва зукко 2 нафар қизлар расм чизиш, шашка ўйнаш, компьютерда онасига табрик ёзиш, тезкор саволларга жавоб бериш ва пазандалик борасида ўзаро баҳслашдилар. Баҳслар давомида юртимиз умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич синфларданоқ, ўқувчиларни спортга ошно қилиш ва маълум бир тури билан мунтазам шуғулланишларига, бўш вақтларида ёшига мос китоб ўқиб, мутолаа маданияти юксалишига,  яширин қобилиятларини намоён этувчи машғулотларга жалб этилиб, иқтидорини юксалтиришга улкан аҳамият берилаётганлиги яққол намоён бўлди.

Буни мазкур тадбирда куч синашган қизларнинг компьютерда оналарига бағишлаб ёзган табриклари, тезкор саволларга жавоблар бериши, болаларга хос тасаввурлари акс эттирилган расмларида ҳам кўриш мумкин. Жуда қизиқарли ва ҳаяжонли тарзда ўтган шартлар натижасига кўра ғолиблар аниқланди.

Кўрик-танловнинг иккинчи босқичида 5-10-синфлардан бешта жамоага бўлинган ҳолда 10 нафар иқтидорли қизлар беллашувга чиқдилар. Улар “Мен истеъдодман”, “Спорт маликаси”, “Компьютер саводхони”, “Китобнинг дўстиман”, шунингдек, “Даромадли ошхона” каби шартларда ўз иқтидор ва билимларини синовдан ўтказдилар. Уларнинг танлов шартларини  бажариш жараёнини устозлари, синфдошларидан ташқари ота-оналари ҳам кузатиб бордилар. Тажрибали ўқитувчилардан тузилган ҳакамлар ҳайъати уларнинг шартларни қандай бажарганлигини одилона баҳолаб бордилар.

Кўрик-танлов белгиланган шартлар борасида барча иштирокчиларнинг ҳам ўзига хос иқтидори, салоҳияти борлигини яққол кўрсатди. Ғолибликка эришган ва фаол иштирок этган ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан рағбатлантирилди.

  Мактабда ўтказилган “Қизларжон” кўрик-танлови барча ўқувчиларни ўзлигини намоён этиш, интеллектуал салоҳиятини ошириб бориш сари дадил интилишга ундади.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: